Янги йил арафасида дастурхон ёзиш ҳукми

Савол:

Бизнинг жамоатимиз сизни ва барча мусулмон халқини Ийди Қурбон билан табриклайди. Аллоҳдан ҳамма мусулмонларни бирлаштиришини, иймонда мустаҳкам қилишини сўраймиз. Бу сайтнинг мавжудлиги мен билан ишлаётган мусулмонларнинг рағбатини кўтарди. Барчаларимиз сизни соғинганмиз.

Мен Москвада Аллоҳнинг марҳамати билан бир корхона очдим. Ярим ишчи мусулмон, ярми эса рус миллатидан. 31 декабр куни ёки бошқа куни рус халқи учун дастурхон ёзсам бўладими?

Тоҳир.

(2007 йил 24 декабр)

Шайх Обидхон қори жавоблари:

Ҳурматли биродар …

Сиз айнан 31 декабр куни зиёфат уюштиришингиз тўғри бўлмайди, валлоҳу аълам. Чунки бунда янги йил муносабати билан дастурхон ёзгандек бўлиб қоласиз.

Аллоҳ таоло Фурқон сурасининг 72-оятида Ўзи яхши кўрган бандаларини «Зувр» – ёлғон, ботил, бўҳтон ва гуноҳ ишларга гувоҳ бўлмайдиган, лағв – беҳуда ишлар олдидан ўтганларида эҳтиёторлик билан, олий жаноблик билан ўтиб кетадиган зотлар», деб мақтаган.

Муфассирлардан Мужоҳид, Рабиъ ибн Анас, Қози Абу Яъло ва Зоҳҳок ва яна бошқалар: «Мушрикларнинг байрамлари ҳам мана шу оятдаги «Зувр» – ёлғон, ботил, бўҳтон ва гуноҳ ишлар қаторига киради» деб тафсир қилишган.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят:

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага келган пайтлари Мадина аҳлининг жоҳилият давридан қолган иккита байрамлари бўлар эди. Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:

«إِنَّ اللهَ عَزَّ وَجَلَّ قَدْ أَبْدَلَكُمْ بِيَوْمَيْنِ هَذَيْنِ يَوْمَيْنِ خَيْرًا مِنْهُمَا الْفِطْرَ وَالأَضْحَى» .

«Аллоҳ таоло сизларга бу икки кунингизни ўрнига бундан кўра яхшироғини алмаштириб берди. У Азҳо ва Фитр кунидир».

(Абудовуд ва Насоий ривоятлари)

Умар розияллоҳу анҳу ўз замонларида «Аҳли зимма»га (яъни, Ислом давлати остида яшаётган кофирларга) уларнинг байрамларини зоҳир қилишни тақиқлаганлар. Улар байрамларини ўзларига белгиланган каниса – черковлари ичида ўтказишарди.

Умар розияллоҳу анҳу мусулмонларга хитоб қилиб:

«… Сизлар мушрикларнинг канисаларига уларнинг байрам кунлари киришдан сақланинглар, чунки Аллоҳ таолонинг ғазаби нозил бўлади» деб огоҳлантирганлар.

(Ибн Аби Шайба, Байҳақий, Абдираззоқ ривоятлари).

Аллоҳ барчамизга тавфиқу ҳидоятини насиб этсин.

•┈┈┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈┈┈•

Ислом Овози телеграми

https://t.me/islomovozi