Ҳумаза сурасининг мухтасар тафсири

Мусҳафи шариф тартиби бўйича 104-сура, Макка даврида нозил бўлган, 9 оятдан иборат

Раҳмон (меҳрибон) ва Раҳим (раҳмли) Аллоҳ (ибодатга ҳақли Ягона Илоҳ) номи билан (бошлайман)

«1. Аллоҳнинг бандаларини ёмон сўзлар ва ножўя қилиқлар билан масхара қилиб, ноҳақ қоралаб юрадиган ҳар бир таъначи, маломатчи, ғийбатчи кимсага вайл – ҳалокат ва азоб бўлсин.

2. У шундай кимсаки, фақат мол-дунё тўплайди ва ўша тўплаган мол-дунёсини ҳисоб-китоб қилиб юраверади – Аллоҳ таоло томонидан фарз қилинган савобли ишларга сарфламайди.

3. У топган мол-мулклари ўзини шу дунёда мангу – абадий қилади деб ўйлайди.

4. Йўқ, асло! Унинг бу ҳисоб-китоби бекордир! Қасамки, албатта у «Ҳутома» – кофирларни чилпарчин қилиб азоблайдиган дўзахга улоқтирилади.

5. Эй банда! бу «Ҳутома» – чилпарчин қилгувчи дўзах нима эканлигини сен қаердан ҳам билардинг!

6. У Аллоҳнинг абадий тарзда ёндириб қўйилган, ҳеч қачон ўчмайдиган оловидир.

7. У олов ўз алангаси билан баданларни тешиб ўтиб юракларгача етиб туради!

8. Албатта бу олов у кофирларнинг устидан қаттиқ қопланади, улар на жаҳаннам қаъридан қутулиб чиқа оладилар ва на нафас олишлари учун бир ютум тоза ҳаво топилади!

9. У кофирлар жаҳаннамда узундан-узун устунларга занжирлар билан боғлаб қўйилган ҳолларида абади азобда қоладилар».

 

Мавзуга оид:

Қуръони карим сураларининг мухтасар маънолари силсиласи

•┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈•

Ислом Овози каналини барчага улашинг, илм тарқатишда ҳиссангизни қўшинг, савобли амалингиз Қиёматгача давом этсин

https://telegram.me/joinchat/BqyShjwleEx1O-OOZEYqvg