Аёл эридан талоқ сўрашига оид ҳадислар ва масалалар

ISLOM OVOZI

Савол:

Эридан талоғини беришини талаб қилган аёл лаънатга учраши ҳақидаги ҳадиснинг даражаси қандай?

Жавоб:

Аёл киши эридан бирон жиддий сабабсиз талоқ сўраши жоиз эмас. Талоқ сўраш жоиз бўлиши сабабларидан бири эр ўз аёлига ёмон муомалада бўлишидир.

Савбон розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:

«أَيُّمَا امْرَأَةٍ سَأَلَتْ زَوْجَهَا طَلاقًا فِي غَيْرِ مَا بَأْسٍ فَحَرَامٌ عَلَيْهَا رَائِحَةُ الْجَنَّة».
أبو داود، الترمذي، ابن ماجه، صححه الألباني في صحيح سنن أبي داود

«Қайси бир аёл эридан бирон жиддий сабабсиз талоқ беришини сўраса, бас, у аёлга жаннат ҳиди ҳаромдир».

(Абу Довуд, Термизий, Ибн Можа ривоятлари. Албоний: саҳиҳ)

Яна Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган марфуъ ҳадисда ҳам келади:

«إن المختلعات هن المنافقات».
رواه الطبراني في المعجم الكبير وصححه الألباني في صحيح الجامع

«Эридан хулуъ (ажрашишликни ўзи талаб) қилиб ажрашадиган аёллар мунофиқалардир».

(Табароний ривояти, Албоний: саҳиҳ)

Лекин, бундай аёлларни айнан лаънат лафзи билан қоралаган ҳадис борлигини билмаймиз.

 

Аёл киши жиддий сабаб туфайли талоғини талаб қилиши ёки хулуъ йўли билан ажрашиши жоиз.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят. Собит ибн Қайс розияллоҳу анҳунинг аёли Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб деди:

«Эй Расулуллоҳ, Собит ибн Қайснинг бирон бир хулқи ёки дини (дин аҳкомларига амал қилиши) борасида айбламайман. Лекин мен Исломда бўла туриб (эримга) куфр келтириб қўйишимдан қўрқаман».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:

«أتردين عليه حديقته»

«(Ажрашишни хоҳлаётган бўлсанг) у (Собит ибн Қайс) сенга (маҳр қилиб берган) боғини қайтариб берасанми?»

У (аёл) жавоб берди: Ҳа.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам (Собит ибн Қайсга) юзланиб айтдилар:

«اِقْبَلِ الْحَدِيقَةَ وَطَلِّقْهَا تَطْلِيقَةً»

رواه البخاري

«Боғни қабул қилиб бир марта талоқ қилгин».

(Имом Бухорий ривоятлари)

Ҳадисда зикр қилинган аёлнинг сўзини уламолар шарҳлаб айтадилар:

«Мен Исломда бўла туриб куфр келтириб қўйишимдан қўрқаман, деган сўзидан мақсад «эримни ёмон кўриб, унга осийлик қилиб, ҳуқуқларини адо этмасдан катта гуноҳга қўл уриб қўйишдан қўрқаман», демоқчи».

(Фатҳул-борий: 9/400)

 

Талоқ талаби жоиз бўладиган ҳолатлар:

Ибн Жибрин раҳимаҳуллоҳ ҳам аёл киши эридан хулуъ талаб қилиши жоиз бўладиган ҳолатларни баён қилиб айтадилар:

1. Агар аёл киши эрининг ахлоқини – табиатини ёқтирмаса, масалан эр жуда қаттиқ қўл, қўпол, тез таъсирланиб кетадиган, кўп ғазабланаверадиган, кичкина хатони ҳам ёки озгина айбни ҳам танқид қилаверадиган бўлса, бундай ҳолда аёл бу эрдан ажрашишни талаб қилишга ҳақлидир.

2. Агар эрнинг аъзои баданида жиддий айби бўлса, ёки кўриниши жуда хунук (ёки қўрқинчли бўлса), ёки сезиш кучларида сустлиги бўлса (кўзи кўрмаслиги, қулоғи эшитмаслиги ва ҳоказо жиддий айблари бўлса), бундай ҳолда ҳам аёл киши ажрашишни талаб қилишга ҳақли бўлади.

3. Эрнинг динида жиддий нуқсонлик мавжуд бўлса, масалан намоз ўқимайдиган ёки жамоат намозларига бепарво, рамазонда узрсиз рўза тутмай юраверадиган, ҳаром ишлардан тийилмайдиган, масалан зино, маст қилувчи ичимликлар, музикалар эшитиб юрадиган, ортиқча ўйин-кулгуларга берилиб кетган ва ҳоказо, бундай ҳолатларда ҳам хулуъ қилишга ҳақлидир.

4. Эр ўз аёлининг ҳақ-ҳуқуқларини бермаса, масалан нафақасини ёки кийим-кечагини ёки бошқа зарур эҳтиёжларини бажо этишга қодир бўла туриб адо этмаса, бундай ҳолатда ҳам хулуъ қилиши жоиз.

5. Эр жинсий яқинлик борасида аёлини қондирмайдиган бўлса, масалан жинсий томондан ожиз ёки умуман (жинсий яқинлик қилишга) қизиқмай қўйган ёки аёлнинг кундошлари ўртасида адолатсиз, бундай ҳолатда ҳам хулуъ қилишга ҳақлидир».

Аллоҳ ҳаммадан яхшироқ билувчидир.

Манба: Ислом – савол ва жавоб саҳифаси

•┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈•

Ислом Овози каналига хуш келибиз

https://telegram.me/joinchat/BqyShjwleEx1O-OOZEYqvg