Ўзбекистон: Нега Обидхон қори Назаров яна экстремист сифатида талқин қилинмоқда?

Бўлимлар: Матбуот

Тошкентдаги жамоат жойларида таниқли уламо, айни дамда Швецияда истиқомат қилаётган Обидхон қори Назаровнинг қидирувда эканлиги тўғрисида маълумотлар пайдо бўлди. Экранларга чиқарилган маълумотда Обидхон қорининг ҳозир қаерда яшаётганлиги кўрсатилган ва у «Жиҳодчилар» диний экстремизм оқими раҳбари сифатида талқин қилинган.

Обид қори Назаровнинг яқинлари ушбу янгиликдан ажабланганини билдирмоқда. Чунки уларнинг айтишича, сўнгги икки йил ичида таниқли уламонинг Наманган шаҳридаги ота-онаси уйига бир гуруҳ мулозимлар бир неча маротаба ташриф буюрган.

Улар имомнинг отаси 86 ёшли Собитхон Назаровни фарзандлари, хусусан Обидхон Назаровнинг ватанига қайтишга кўндиришни илтимос қилишган.

ДХХ, ИИВ, маҳалла ва мусулмонлар идорасидан келган ҳайъат Ўзбекистонда аввалги тазйиқлар тўхтатагани, барча жабҳада ислоҳотлар бошлангани, эски ишларга барҳам берилгани ва янги ҳаётга қадам ташланганини таъкидлашган.

Яқинларининг Би-би-сига айтишича, келган расмийлар Обидхон қори Ўзбекистонга қайтса унга ҳеч қандай хавф йўқлигига ишонтиришга ҳаракат қилишган.

Собитхон Назаровнинг Намангандаги уйига келган расмийлар аввалига ундан фарзандларига Ўзбекистон телевидениеси орқали мурожаат қилишга ундашган.

Шундан сўнг Собитхон Назаровга 20 йилдан бери берилмаётган ОВИР, яъни хорижга чиқиш визаси тўғрилаб берилган. Унга Швецияга бориб, ўғлингизни кўндириб келинг дейишган.

2018 йилнинг октябр ойида Обид қорининг отаси Сотихон Назаров Швеция келди. Қарийб 20 йил деганда ота-бола кўришди.

Назаровнинг Намангандаги уйига келган мутасаддилар Обидхон қори қидирувдан олиб ташлаганини айтишган. Би-би-сига ИИВ вазирлиги сайтидан қидирувга берилган шахслар орасида Обидхон Назаровнинг номи олиб ташлангани 2018 йилнинг июн ойида маълум бўлганди.

Обид қори Назаровнинг яқинлари имом Ўзбекистонга қайтиши учун расмий баёнот сўрашган. Бу ваъдалар нимага асосланиб берилаётгани ҳақида ҳужжат талаб қилишган. Бироқ Собитхон Назаровнинг уйига келган турли идора мутасаддилари Обид қори Ўзбекистонга келса бирор кор ҳол бўлмаслиги ҳақида ҳужжат берамиз, деган ваъдалар билан чекланган.

Имомнинг яқинлари йиллар давомида уйдирма ва ёлғон қурбони бўлиб келаётган инсон бундай ваъдаларга ишониши қийин эканлигини айтмоқда.

Би-би-си ҳолатга аниқлик киритиш учун Ўзбекистон республикаси Бош прокуратурасига бир неча маротаба мурожаат қилди. Бироқ ҳозирча ушбу сўровларимизга жавоб ололганимиз йўқ.

Назаровнинг яқинлари мамлакат ичкарисида содир бўлаётган бир неча ижобий ўзгаришларнинг гувоҳи бўлишаётгани ҳақида ҳам кўплаб хабарлар ва ишоралар келаётганини эътироф этишаркан, таниқли имомнинг сурати яна қидирув экранларида пайдо бўлишини хавотир билан қарши олди.

10 июнь куни Обидхон қори Назаровнинг қайноғаси Абдурауф Насритдинов 10 йил қамоқда ўтирганидан сўнг озодликка чиқди.

Бироқ 2003 йилнинг ёзида милиция томонидан сўроқ қилинганидан кўп ўтмасдан изсиз йўқолган имомнинг ўғли Ҳусниддин Назаровнинг тақдири борасида ҳукумат идоралари сукут сақламоқда.

Обидхон қори Назаров 1996 йилда диний идора сиёсати билан келишмагани учун имомликдан четлатилган. Икки йиллик таъқиблардан сўнг ҳибсга олиниш таҳдиди остида Ўзбекистонни тарк этган.

2006 йилда Швециядан сиёсий бошпана олган.

2012 йилнинг феврал ойида Ўзбекистон ва Россия фуқароси Юрий Жуковский Швецияда яшаётган Обидхон Назаровга бир неча маротаба ўқ узган. Жарроҳлик амалиёти натижасида Назаров тирик қолган.

Жуковский маҳкама қарори билан бир умрлик қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

Оғир жароҳат олган таниқлик имом бир қанча вақт комада қолган. Айни дамда унинг соғлиғи тикланиб бораётгани айтилмоқда. У яқинлари билан мулоқотга киришган. Яқинлари тез орада Обидхон Назаров жамоатчиликка кўриниш бериш нияти борлигини маълум қилди.

Манба: Би Би Си