«Олимнинг йиқилиши оламнинг қулашидир»

ISLOM OVOZI

Ёхуд Абу Ҳанифага насиҳат қилган болакай қиссасидан ибрат

Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ лойда ўйнаб юрган бир болакайни кўриб: «Эй болам, эҳтиёт бўлгин, йиқилиб тушмагин!», дедилар.

Шунда у болакай имомга «гап қайтариб» шундай деди:

«Сиз ўзингиз эҳтиёт бўлинг, йиқилиб тушманг! Зеро, олимнинг йиқилиши оламнинг қулашидир!»

Имом Абу Ҳанифа болакайнинг насиҳатидан таъсирландилар ва шогирдларига юзланиб шундай дедилар:

«Далил зоҳир бўлса, албатта уни қабул этинглар».

(Яъни, бирон масалада биз ҳозир таяниб турган далилимиздан кўра кучлироқ далил учратиб, янада чуқурроқ илмга эга бўлсангизлар, ўша энг кучли деб топганингиз шаръий далил асосида фикр билдиринглар, менга кўр-кўрона эргашиб юрманглар).

Шунинг учун ҳам у зотнинг гўзал тарбияларидан баҳра олган Абу Юсуф ва Муҳаммад ибн Ҳасан Аш-Шайбоний каби улуғ аллома, мужтаҳидлик даражасига етган шогирдлари устозлари айтган раъйларнинг ўзи билан қотиб қолишмаган. Балки, устозларини ҳурмат қилган, қадрларини билган ва васиятларига эргашган ҳолларида доимо илму амалларини зиёда қилиб боришган. Бу жараённинг табиий натижаси ўлароқ, қатор фиқҳий масалаларда устозларининг фатволарига хилоф келадиган янги-янги фатволар беришган. Сабаб, уларга ўша пайт кучлироқ кўринган далилга эргашганликларидир.

Манба:

Имом Ибн Обидиннинг «Раддул-муҳтор ало ад-Дуррул-мухтор» китоби: 1/165-166

Изоҳли таржима муаллифи
Муҳиддин Обидхон қори ўғли

•┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈•

https://telegram.me/islomovozi