Рўза тутадиган бенамоз ҳукми

1-савол: Намоз ўқимайдиган кишининг тутган рўзаси ва умуман қилган хайрли амаллари қабул бўладими? Улуғбек.

2-савол: Рўза тутадиган бенамознинг ҳукми қандай бўлади? Абдуллоҳ.

Жавоб:

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳумодан ривоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

«Инсон билан куфр ва ширк ўртасида намозни тарк этиш туради».

(Имом Муслим ривоятлари)

Бурайда ибн Ҳусайб Ал–Асламийдан ривоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:

«Биз билан улар ўртасидаги аҳд намоздир, бас ким уни тарк этса, кофир бўлади».

(Аҳмад, Термизий ва бошқалар).

 

Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳудан ривоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

«Шундай кунлар келадики, Ислом худди кийимнинг гули ўчиб кетганидек (одамларнинг ҳаётидан) ўчиб кетади, ҳатто намоз нима, рўза нима, садақа нима ва бошқа ибодатлар нима, билинмай кетади. Аллоҳнинг китоби ҳам бир кечада кўтарилиб кетади. Ер юзида ундан бир оят ҳам қолмайди. Ўша замонда баъзи бир тоифа одамлар (мусулмонлар) – кекса кишилар, қари кампирлар қоладилар ва улар айтишадики: Биз илгари ота-боболаримизнинг «Ла илаҳа иллаллоҳ» деб айтиб яшаганликларини кўрганмиз, биз ҳам ўшандай деб айтамиз дейишади …».

Сила ибн Зуфар раҳимаҳуллоҳ Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан сўрадилар:

Намоз, рўза ва бошқа ибодатларни билишмаса, «Ла илаҳа иллаллоҳ» деб гувоҳлик беришларининг нима фойдаси бор?

Сила раҳимаҳуллоҳ ушбу саволни икки марта сўраганларида ҳам Ҳузайфа розияллоҳу анҳу ундан юз ўгирдилар, учинчи мартасида унга юзланиб:

«Эй Сила, уларни (бу шаҳодат калимаси) дўзахдан қутқаради» деб уч марта такрор-такрор жавоб бердилар.

(Ибн Можа ва Ҳоким ривоятлари, Ҳоким ва Заҳабий: саҳиҳ ҳадис).

 

Маълумки, намознинг фарзлигини инкор этмаган ҳолида, дангасалиги ёки бепарволиги туфайли намоз ўқимай юрадиган одамнинг ҳукми ҳақида уламоларнинг икки турли фатволари бор.

Тўғрироғи, валлоҳу аълам, намоз ўқимаётган одам мусулмонлик даъвосини қилса ва намознинг фарзлигига иқрор бўлса, уни кофир дейилмайди.

Аммо намознинг фарзлигини инкор этадиган бўлса, ундай кимса кофир бўлиши аниқ. Бу нуқтада барча уламолар иттифоқ қилишган.

«Намоз қатъий ҳукм қилинган фарздир. Уни тарк этиш мумкин эмас. Уни инкор қилган одам кофир бўлади».

(Фатовойи ҳиндийя, 1/50).

Агар бенамоз одам намознинг фарзлигини инкор қилмаса, унинг устидан кофир деб ҳукм чиқарилмаслиги ҳақидаги фатвога биноан, унинг тутаётган рўзасини қўллаб- қувватлаш ва шу асосда уни бошқа ибодатларга, жумладан, намозга ҳам даъват қилиш тўғри иш бўлади, валлоҳу аълам.

Батафсил жавоб учун қуйидаги аудиодани тинглаш тавсия этилади.

Мавзуга оид яна:

Намоз ўқимай рўза тутишнинг ҳукми нима?

•┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈•

https://telegram.me/islomovozi