Ўз жонига қасд қилиш жинояти ва ўзини ўлдирган кимсага жаноза ўқиш масаласи

Cавол:

Сизларга саволим бор эди. Ўз жонига қасд қилганга жаноза буюрмайди деб эшитганмиз. Лекин, барибир жаноза ўқишади. Шу ҳақда маълумот керак ?

У.

Жавоб:

Меҳрибон Парвардигор биз – инсонларни энг гўзал ва мукаммал суратда яратди.

У Зот ушбу улкан неъматини миннат қилиб, Расули акрам Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга мукаммал бир сура нозил қилиб деди:

«1.ТИН – Анжирга қасам, зайтунга қасам. 2. (Аллоҳ таоло Мусо пайғамбар билан бевосита сўзлашган) Сино тоғига қасам. 3. Мана шу тинч-осойишта шаҳар (Маккаи мукаррама)га қасамки. 4. Дарҳақиқат Биз инсонни энг гўзал шаклу шамойилда яратдик. 5. Сўнгра (у Биз ато этган шундай гўзал сурат ва мукаммал хилқатнинг шукрини бажо этмасдан, куфру туғён йўлига кетгач), уни асфаласофилинга (яъни энг тубан – ҳайвондан баттар ҳолга тушириб, дўзахга) қайтардик. 6. Фақат (қай) бир зотлар иймон келтирсалар ва яхши амаллар қилсалар, ана ўшалар учун битмас-туганмас ажр-мукофот бордир. 7. Бас, (эй инсон), энди (яъни Аллоҳ таолонинг барча нарсага қодир зот эканлигини билганингдан сўнг) нима сени (Қиёмат Кунида бандаларнинг қилиб ўтган амалларига бериладиган) жазони ёлғон дейишга мажбур қилур?! 8. Ахир Аллоҳ ҳукм қилгувчиларнинг энг адолатлиси ва ҳикматлиси эмасми?! (Дарҳақиқат Аллоҳ таоло одил ва етук ҳикмат эгаси бўлган Зотдир)».

Раҳмону Раҳим бўлган Зот инсонга шундай бебаҳо ҳаётни инъом этар экан, уни гўзал ахлоқ ва солиҳ амаллар билан авайлаб яшашга буюрди, жиноят йўлларига кирганларга эса аламли азобларни ваъда қилди:

«Эй иймон келтирган кишилар, молларингизни ўрталарингизда ноҳақ (яъни ўғрилик, қароқчилик, судхўрлик, порахўрлик, қимор каби) йўллар билан емангиз! Балки ўзаро ризолик билан бўлган савдо-сотиқ орқали мол-дунё касб қилингиз. Ҳамда ўзларингизни ўлдирмангиз! Албатта Аллоҳ сизларга РАҲИМ – Меҳрибон бўлган зотдир. Ким ҳаддан ошиб, зўравонлик билан шундай ишларни қилса (ўз жонига қасд қилса ёки ҳаром – ноҳақ ишларни қилса), Биз уни яқинда дўзахга киритамиз. Бу эса Аллоҳга (жуда ҳам) осондир».

(Нисо сураси, 29-30 оятлар)

Имом Муслим, имом Термизий ва бошқа муҳаддис алломалар ривоят қилишган саҳиҳ ҳадисларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз жонига қасд қилиб ўлган кимса Қиёматга қадар ўзини ўзи ана шу азоб билан азоблаб ётишидан қаттиқ огоҳлантирганлар. Зеро, бу гуноҳ энг улкан гуноҳлардан.

Бу гуноҳга қўл уриш Аллоҳнинг тақдирига норози бўладиган, чексиз илоҳий неъматларга ношукрлик қиладиган, дунё имтиҳонларини кўтара олмайдиган кимсалардан содир бўлади. Бундай ишлар эса Аллоҳга кофир бўлишга ўхшаш жуда даҳшатли гуноҳлардир.

Бироқ, барибир ўз жонига қасд қилиб ўлган одам зоҳиридан мусулмон бўлган бўлса, унга албатта мусулмон сифатида муносабатда бўлинади ва жанозаси ўқилади, лекин унинг жанозасини эътиборли имомлар ўқимасликлари афзал бўлади. Балки, омма мусулмонлардан бирон киши имомликка ўтиб кичкинароқ жамоат бўлиб ўқиб қўйилади, токи унинг ортида қолаётган ва хаёлида у ҳам ўз жонига қасд қилишни ўйлаб юрган кимса учун бу ҳам бир танбеҳ, қўрқитув ва огоҳлантириш бўлсин учун.

Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ўз жонига қасд қилган бир кишининг жанозаси тақдим этилганда у зот унга жаноза ўқишдан бош тортдилар. (Имом Муслим ривоятлари).

Аксар уламолар ҳадиси шариф шарҳида :»Бу ҳадисдан кўзланган ҳикмат ўзини ўзи ўлдириш жиноятидан одамларни нафратлантиришдир, ўзини ўлдирган кимсани кофирга чиқариш эмас. Қиёмат қоим бўлганда Аллоҳ хоҳласа унинг гуноҳини кечириб юбориши хоҳласа ўша улкан гуноҳига яраша азоб бериши мумкин. Охир оқибатда қалбида заррача иймони бор бўлган киши барибир жаннатга кириши бошқа саҳиҳ ҳадисларда башорат берилган…» деб баён қилганлар.

Инсонни ўйга толдирадиган ва қаттиқ қўрқитадиган ҳақиқатлардан бири шуки, дўзах азоби ҳатто бир лаҳзали бўлган тақдирда ҳам у жуда даҳшатли азобдир. Энди, бу азоб агар минг йилларча давом этадиган бўлсачи? Баъзи гуноҳи кабираларнинг жазоси-азоби ана шундай узоқ давом этади.

Агар дўзахдаги бу даҳшатли азоб абадул-абад давом этадиган бўлсачи? Аллоҳ асрасин. Куфри акбар ва ширки акбар деб ҳисобланадиган гуноҳларнинг азоби ана шундай бўлади.

Бинобарин, гуноҳ-маъсиятлардан жуда қаттиқ ҳазар қилайлик, уларнинг барчасидан ўзимизни узоқ тутайлик, барчамиз имкон қадар Аллоҳдан доимо тақво қилиб яшайлик.

Бирор гуноҳга қўл уриб қўйсак Аллоҳнинг мағфиратидан умидсиз бўлмасдан дарҳол чин қалбимиз ила тавба-тазарру қилиб олайлик.

Меҳрибон Раббимизнинг абадий неъматлари билан тўлдирилган жаннатларига кириб олишимиз учун комил иймон ва солиҳ амаллар билан ҳаёт кечирайлик.

Бу ҳаёт неъмати ҳақиқатан ҳам бебаҳо ва бу дунёда қайта такрорланмайдиган улкан неъматдир. Шунинг учун ҳам унинг ҳар бир сониясини албатта ғанимат билиб қолайлик.

•┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈•

https://telegram.me/islomovozi