Ўшдан ҳижрат қилса бўладими?

Савол: Аллоҳ сиздан рози бўлсин. Сиз бизнинг кўнглимизни ёритиб, енгиллаштириб турибсиз. Сиздан кўп фойда олаяпмиз. Бошқа диёрда бўлсангиз ҳам мусулмонларни ғамини қилганингиз учун Аллоҳ сизга кўп мукофотлар берсин. Домла, бу бўлган ишларни мана ҳамма кўрди… Аммо мана ҳозирги кунгачаям баъзи ўзбекларнинг кўзи очилмаган… Кимга ҳам ишонишни билмадим, Ўшнинг келажаги нима бўлади? Яхши бўладиганга ўхшамайди, ўрмон ҳаёти бўлаяпти бу ерда. Бу ердан чиқиб кетиш ҳақида шариатимиз нима дейди? Агар чиқиб кетиш керак бўлса, мен бу ердан албатта чиқиб кетаман. Қаерга кетиш мумкин? Араб диёрлари бошпана бермайди, Европада беради… Бу ерда биров билан иймонлашгани ҳам қўрқиб қолдик. Қўпол айтганда «козёл»лар кўп. Бу ерда кўп пул топсак ҳам «маза қиладиган» исломий ҳаёт йўқ, ҳотиржамлик йўқ… Биродарлар ёрдам беринглар.

Муҳтож.

Жавоб: Азиз биродарлар, Аллоҳ таоло сизларга Ўз нусратини ва раҳматларини юборсин. Сизларга ҳам, ўзимизга ҳам насиҳатимиз, маслаҳатимиз – Аллоҳга кўпроқ яқинлашайлик, Унга озгина бўлса ҳам чиройли ибодат қилишга вақт топайлик.

Сизларнинг бошингизга келган кулфатларни кўриб, биз ҳам тавба қиламиз, истиғфор айтамиз. Чунки бизнинг ҳаётда гуноҳларимиз, хатоларимиз ва камчиликларимиз кўп. Гуноҳ ва хатолар мусибатлар эшигидир. Бу эшикларни маҳкам ёпайлик. Бизнинг Исломда нуқсонларимиз етарли. Биз ҳали Аллоҳни етарли танимадик. Унинг муборак дини Исломни яхшироқ ўрганмадик. Аллоҳ бизга ато айлаган неъматларига яраша шукрона қила олмадик. Унга чиройли ибодат қила олмаяпмиз. У Зотнинг Ўзи ҳаммамизни кечирсин ва бизларга тараққиёт ва нусрат йўлларини очсин.

Сизлар ҳам доимо истиғфор, зикр, дуо, тиловат ва ибодатларга эътибор қаратинглар. Кундалик ўқиладиган зикрларни канда қилмай, ҳатто йўлда кетаётиб ҳам ўқишга одатланинглар. Қўлингиз ишда, тилингиз зикрда бўлса қандай яхши.

Бир-бирингизга чиройли муомала қилинглар. Миллатдошларингизга ҳам, қирғизларга ҳам, сизларга мухолиф бўлганларга ҳам, душманларга ҳам муомалада сабрли ва ақлли бўлинглар. Ўзаро камчликларингизни ёпиб, яхшиликларингизни ёйишга ўрганинглар. Эл ичидаги муносабатларда ҳам одамлар кўп гуноҳларга йўл қўядилар. Бир-бирини кўра олмаслик, кибр ҳавога берилиш, сиз айтганингиздек, бировнинг устидан туҳмат ва чақимчилик қилиш мусибатлар олиб келадиган гуноҳлардандир.

Биз ҳаммамиз ўзаро муносабатларда ва бошқа ишларда эҳсонли бўлишимиз керак. Ёмғир билан ер кўкарар, эҳсон билан – эл. Ҳаёт уруғини сақлайдиган адл бўлса, уни кўкартириб, яшнатадиган эҳсондир. Эҳсон бу омилар тушунчасидаги садақа, худойининг ўзигина эмас. Уни кенгроқ тушуниш учун «Гўзал хулқлар силсиласи»даги эҳсон ҳақидаги суҳбатларни тинглашни тавсия қиламиз. Эҳсон бизнинг яхши кунда ҳам, қаттиқ кунда ҳам қиладиган ишимиз бўлсин.

Адл сифати ҳар бир мусулмондан, шу билан бир қаторда ҳукумат ва давлат хизматчиларидан, сиёсат ва жамоат арбобларидан кутиладиган хислат экан, умид этамиз, улар адолат ва ҳақиқат томонидан бўладилар. Шунда Қирғизистонда нисбий адолат ва тинчлик қарор топади. Бунда қирғизлар қатори ўзбекларнинг ҳам ҳиссалари қўшилиши керак бўлади. Шундай экан, ҳаёт учун жиддий хавф туғилмаса, Ўшдан ҳижрат қилинмайди. Ўш ҳам унинг атрофлари ҳам мусулмонлар диёридир. У ердан кимлардир кўчиб кетгани билан мусулмонлар камайиб кетмайди. Шундай экан, энг аввало ўз юртининг мусулмонлари билан бирга бўлиш, улар билан елкама-елка туриш зарур. Бу Ислом динимиз таъкидлаган вафо тақозоси ҳамдир.

Мусулмоннинг роҳат қилиб яшайдиган ери Жаннатдир. Унга етгунча машаққатларни енгиб ўтиш лозим. Сиз роҳат деганда албатта иймон роҳатини назара тутаяпсиз. Бадан роҳатини эмас. Иншоаллоҳ, Ўшда ва унинг атрофларида ҳам яна иймон роҳатини топадиган кунлар келади.

Аллоҳ таолодан Қирғизистон аҳлига тез фурсат ичида тинчлик ва хотиржамлик насиб бўлишини сўраймиз.