Қирғизистонда ўлдирилганлар шаҳидлар қаторига кирадими?

Савол: Ассаламу алайкум, ҳурматли Обидхон қори ака. Айтган сўзларингиз ва ваъз-насиҳатларингиз учун каттакон раҳмат. Аллоҳ рози бўлсин. Биз ҳам Ўшдан бўламиз, ана шу ёқиб юборилган «Черёмушка» деган жойданмиз. Бу ерда (хорижда – таҳр.) ўқийдиган биродарларимизнинг уйлари ҳам ёниб кетибди, акалари нобуд бўлди, бошқалари қаттиқ жароҳат олдилар. Домла, мана шу урушда ўлганлар шаҳидлар қаторига кирадими?

Озодбек.

2010.06.15

Жавоб: Аллоҳ таоло сизларга сабр берсин. Ҳалок бўлган қариндошларингизни, дўстларингизни шаҳидлар қаторида қабул айласин. Ўш, Жалол-обод, Сузоқда ва ўша атрофларда зулм остида ҳалок бўлган мусулмонлар иншоаллоҳ Охират шаҳидларидир.

عَنْ سَعِيدِ بْنِ زَيْدٍ عَنِ النَّبِىِّ – صلى الله عليه وسلم – قَالَ: «مَنْ قُتِلَ دُونَ مَالِهِ فَهُوَ شَهِيدٌ وَمَنْ قُتِلَ دُونَ أَهْلِهِ أَوْ دُونَ دَمِهِ أَوْ دُونَ دِينِهِ فَهُوَ شَهِيدٌ». (رواه أبو داود، قال الألباني صحيح).

Саид ибн Зайддан ривоят. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

«Кимки моли учун ўлдирилса, бас у шаҳиддир. Кимки оиласини ё ўз жонини ёки динини ҳимоя қилиб ўлдирилса, бас у шаҳиддир». (Абу Довуд; Албоний: саҳиҳ).

عَنْ عَبْدِ اللَّهِ بْنِ عَمْرٍو عَنِ النَّبِىِّ – صلى الله عليه وسلم – قَالَ: «مَنْ أُرِيدَ مَالُهُ بِغَيْرِ حَقٍّ فَقَاتَلَ فَقُتِلَ فَهُوَ شَهِيدٌ «.

(رواه أبو داود، قال الألباني صحيح).

Абдуллоҳ ибн Амрдан ривоят. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

«Кимки моли ноҳақ тортиб олинишига қарши урушиб, ўлдирилса, бас у шаҳиддир«. (Абу Довуд; Албоний: саҳиҳ).

  • Шаҳидлик олий мартаба;
  • Шаҳидлар уч турлидир;
  • Биродарларимиз – Охират шаҳидлари.