«Машинада ўқилган намоз қайта ўқилиши керакми?»

Бўлимлар: 02. Намоз

ISLOM OVOZI

16-январ 2012 йил

Савол:

Биз йўлда, яъни автобус, машинада ўқилган намоз яна такрор ўқилиш кераклиги ҳақида яқинда билдик. Мени хўжайиним бўлса жуда кўп намозини транспортларда ўқишига тўғри келади. Хўжайиним намозларини қайта ўқисинми? Бошқа кишидан сўрасам далиллари билан жавоб бермайдилар. Шунга яна сизга интилдим. Илтимос, жавоб беринг устоз. Аввалдан катта раҳмат. Аллоҳим Ўзи ривож берсин ишларингизга.

Фотима.

 

Шайх Обидхон қори жавоблари:

Фиқҳ китобларида фарз намозини кемада ўқишнинг жоиз экани, аммо от, туя каби улов устида ўқиш мумкин эмаслиги баён қилинган. Машинада кетаётган одам ҳам ҳайвонга минган одамнинг ҳолатига қиёсланади. Бинобарин, ҳайвонга минган одамга ўхшаб, машинада кета туриб, фарз намозни адо этиш мумкин бўлмайди. Бунинг сабаби намознинг қиём, рукуъ, сужуд каби асосий шартларини тўлиқ бажо этишнинг имкони йўқлигидир. (Фавқулодда вазиятлар бундан мустасно).

* * *

  • Машинада кетаётган одамнинг намози;
  • Имо-ишора билан ўқилган намозни қайтадан ўқиладими?
  • Ноилож қолганда икки намозни жамлаш.

* * *

Машинада кетаётган одамнинг намози

«Жумҳур олимлар фарз намозини миниладиган ҳайвон устида турганда ўқиш – хоҳ у тўхтаб турган бўлсин, хоҳ юриб кетаётган бўлсин, – мумкин эмас, илло хавфли вазият каби узрли ҳолат юзага келганда жоиз, дейишган». (Ал-Мавсуатул-фиқҳийя – 23/122).

«Маълумки, машина ва самолёт каби замонавий нақлиёт воситаларида намоз ўқиш улов устида намоз ўқишнинг ҳукмида бўлади». (islamweb/9766)

 «Фарз намозни машинада кетаётиб ўқиш жоиз эмас. Илло агар шерикларидан ажраб қолишдан ёки лой тегиши ва шу каби бирор зарар етишидан қўрқса ё эса намоз ўқиш учун ерга тушса, жони ёки молига зарар бўлишидан чўчиса, маркабга минган ҳолда намоз ўқиши жоиз бўлади. Моликийлар ва шофеийлар наздида бу намозни кейин қайтариб ўқийди. Ҳанбалийлар наздида қайтармайди ва мана шу кучли қавлдир.

Аҳмад ва Термизий Яъло ибн Муррадан ривоят қилишган ҳадисда келишича, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам уловга минган ҳолларида асҳоблари билан бир тор жойдан ўтдилар. Уларнинг устларидан ёмғир ёғар, оёқ остлари лой эди. Намоз вақти бўлди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам муаззинга буюрдилар, у азон айтди. Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уловлари устида олдинга ўтдилар ва одамларга имом бўлиб, имо-ишора билан намоз ўқидилар. Саждани рукуъдан пастроқ қилдилар.

Уловга минган ҳолда фарз намозни ўқиши жоиз саналадиган ҳолатдаги одам такбири таҳрима айтаётган пайтда иложи борича Қиблага юзланиши лозим бўлади. Кейин улови қайси томонга йўналса ўша томонга қараб ўқийверади. (islamweb/9766)

Имоишора билан ўқилган намозни қайтадан ўқиладими?

Исламвеб саҳифасида самолёт ёки поездда кетаётган одамнинг намози ҳақида бундай дейилган:

«Агар намозни поездга чиқмасдан аввал ўқий олсанг, шундай қил. Бунинг иложи бўлмаса, поездда ўқи. Агар поезддан бирор жой топиб, қиём, рукуъ, сужудлар билан ўқишга имкон топсанг, шундай қил. Бунинг иложи бўлмаса, ўриндиғингда тик турган ҳолингда рукуъ-сужудни имо ишора билан адо этиб намоз ўқи. Қиблани тўғри топишга ҳаракат қил. Манзилингга етганингда намозни қайтадан ўқишинг талаб қилинмайди. Агар қайтадан ўқиш вожиб, деганлар қавлига амал қилиб, бошқаттан ўқисанг, бу эҳтиёткорлик бўлади. Аллоҳ тоқат етмаган ишларга буюрмайди». (islamweb/149505)

Ноилож қолганда икки намозни жамлаш

Исламвеб саҳифасининг фатвосида иложсиз ҳолатда қолганда икки намозни жамлаб ўқиш мумкинлиги айтилган. (islamweb/119126)

 «… Баъзи уламолар мусофир бўлмаган одам учун ҳам машаққат ва ноқулай шароит туғилганда икки намозни жамлаб ўқиш жоиз, деб айтишган. Шунга кўра сен шомни хуфтон билан жамлаб ўқиш учун кечиктирсанг жоиз. Аммо буни одат қилиб олишинг мумкин эмас. Аллоҳ билувчироқдир». (islamweb/149505)

Мусофир бўлмаган одамнинг икки намозни жамлаб ўқиши камдан-кам учрайдиган фавқулодда вазиятларга тўғри келиши мумкин.

•┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈•

https://telegram.me/islomovozi