Мазҳабсизлик энг хатарли бидъатми?

Бўлимлар: 14. Даъват, илм

Савол: Мазҳабсизлик шариати исломга таҳдид солувчи энг хатарли бидъатдир, деган сўзга нима дейсиз? Албатта битта мазҳабни ушлаш керакми? Аллоҳ сиздан рози бўлсин. Саволим ноўрин бўлса узр.

Зафар.

Жавоб:

Мазҳабга эргашишни қадимий китобларда тақлид, деб айтилади. Бу мавзудаги ижтиҳодларнинг хулосаси шуки, тақлиднинг ҳукми вазият ва шахсларга қараб турлича бўлиши мумкин.

Тақлид (мазҳабга эргашиш) нима дегани?

Фиқҳий қомусда тақлиднинг таърифида бундай дейилган:

 التَّقْلِيدُ قَبُول قَوْل الْغَيْرِ مِنْ غَيْرِ حُجَّةٍ ، كَأَخْذِ الْعَامِّيِّ مِنَ الْمُجْتَهِدِ فَالرُّجُوعُ إِلَى قَوْل النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ لَيْسَ تَقْلِيدًا ، وَالرُّجُوعُ إِلَى الإِْجْمَاعِ لَيْسَ تَقْلِيدًا كَذَلِكَ ؛ لأَِنَّ ذَلِكَ رُجُوعٌ إِلَى مَا هُوَ الْحُجَّةُ فِي نَفْسِهِ. (الموسوعة الفقهية الكويتية – (13 / 159).

Тақлид бировнинг сўзини ҳужжатсиз тарзда қабул қилишдир. Бунга мисол оми одамнинг мужтаҳид сўзини қабул қилиши. Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзларига мурожаат қилиш тақлид саналмайди. Ижмоъга мурожаат қилиш ҳам тақлид эмас. Чунки бу иш аслида ҳужжат бўлган нарсага мурожаат қилиш бўлади. (Ал-Мавсуатул-фиқҳийя – 13/159).

Бу сўзлардан шуни англаш мумкинки, оят ва ҳадисларда аниқ кўрсатилган масалаларга амал қилиш тақлид ёки мазҳабга хосланмайди. Аммо мусулмонлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўнг оят ёки ҳадисда аниқ ҳукми келмаган масалалар юзасидан ўз замонларининг машҳур уламоларига мурожаат қилганлар ва уларга эргашганлар. Ҳолат мана шундай давом этар экан, вақтлар ўтиши билан мазҳаблар вужудга келган. Чунки бир масала хусусида бир олимнинг ҳукми бошқа олимникидан фарқ қилиши мумкин бўлган.

Тақлид қилувчилар кимлар?

11 –  أَهْل التَّقْلِيدِ لَيْسُوا طَبَقَةً مِنْ طَبَقَاتِ الْفُقَهَاءِ ، فَالْمُقَلِّدُ لَيْسَ فَقِيهًا ، فَإِنَّ الْفِقْهَ مَمْدُوحٌ فِي كَلاَمِ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ وَالتَّقْلِيدُ مَذْمُومٌ ، وَهُوَ فِي الْحَقِيقَةِ نَوْعٌ مِنَ التَّقْصِيرِ  (شرح مسلم الثبوت 1 / 10).(الموسوعة الفقهية الكويتية – (13 / 160).

Тақлид қилувчи одамлар фуқаҳолар табақасидан бирор табақага кирмайдилар. Бас, муқаллид фақиҳ эмасдир. Чунки фақиҳ Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзларида мақталган, тақлид эса қораланган. Тақлид ҳақиқатда нуқсоннинг бир туридир. (Ал-Мавсуа – 13/160).

Бу таърифга кўра бирор мазҳабга ҳеч бир ҳужжатсиз ва тўла-тўкис эргашадиган одам муқаллид бўлади. У илмсиз оми одамдир.

«Мазҳабга эргашиш жоиз, балки вожиб»

Фиқҳда бирор мазҳабга эргашиш ёки бирор мужтаҳидга тақлид қилишнинг ҳукми ҳақида уламолар ўрталарида икки хил раъй бор.

13 – اخْتُلِفَ فِي التَّقْلِيدِ فِي الأَْحْكَامِ الشَّرْعِيَّةِ الْعَمَلِيَّةِ غَيْرَ مَا تَقَدَّمَ ذِكْرُهُ عَلَى رَأْيَيْنِ :

الأْوَّل : جَوَازُ التَّقْلِيدِ فِيهَا وَهُوَ رَأْيُ جُمْهُورِ الأْصُولِيِّينَ، قَالُوا : لأِنَّ الْمُجْتَهِدَ فِيهَا إِمَّا مُصِيبٌ وَإِمَّا مُخْطِئٌ مُثَابٌ غَيْرُ آثِمٍ ، فَجَازَ التَّقْلِيدُ فِيهَا ، بَل وَجَبَ عَلَى الْعَامِّيِّ ذَلِكَ ؛ لأِنَّهُ مُكَلَّفٌ بِالْعَمَل بِأَحْكَامِ الشَّرِيعَةِ ، وَقَدْ يَكُونُ فِي الأَْدِلَّةِ عَلَيْهَا خَفَاءٌ يُحْوِجُ إِلَى النَّظَرِ وَالاِجْتِهَادِ ، وَتَكْلِيفُ الْعَوَّامِ رُتْبَةَ الاِجْتِهَادِ يُؤَدِّي إِلَى انْقِطَاعِ الْحَرْثِ وَالنَّسْل ، وَتَعْطِيل الْحِرَفِ وَالصَّنَائِعِ ، فَيُؤَدِّي إِلَى الْخَرَابِ ، وَلأَِنَّ الصَّحَابَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُمْ كَانَ يُفْتِي بَعْضُهُمْ بَعْضًا ، وَيُفْتُونَ غَيْرَهُمْ ، وَلاَ يَأْمُرُونَهُمْ بِنَيْل دَرَجَةِ الاِجْتِهَادِ . وَقَدْ أَمَرَ اللَّهُ تَعَالَى بِسُؤَال الْعُلَمَاءِ فِي قَوْله تَعَالَى : { فَاسْأَلُوا أَهْل الذِّكْرِ إِنْ كُنْتُمْ لاَ تَعْلَمُونَ } (سورة النحل / 43( (الموسوعة الفقهية الكويتية – (13 / 160).

Биринчиси жоизлик. Бу жумҳур усул уламоларининг фикрлари бўлиб, улар бундай дейишган: «Жоизлик сабаби шуки, мужтаҳид фиқҳий масалада ё тўғри хулоса чиқаради ёки хато қилади. Хатосига савоб олади гуноҳкор бўлмайди. Демак, унга тақлид қилиш жоиз, балки оми одам учун вожибдир. Чунки оми Шариат аҳкомларига амал қилишга буюрилган. Аммо далиллар унга тушунарсиз бўлиши мумкин ва бу пайтда у изланишга, ижтиҳод қилишга муҳтож бўлади. Авом одамлардан ижтиҳод қила олиш даражасига кўтарилишни талаб қилиш эса ҳаёт тизимини издан чиқишига, касб-ҳунар ва саноатнинг барбод, мамлакатнинг ҳароб бўлишига олиб келади. Шунинг учун саҳобалар разияллоҳу анҳумлар бир-бирларига ва бошқаларга фатво берардилар. Ижтиҳод даражасига кўтарилишни талаб қилмас эдилар. Аллоҳ таоло: «Агар билмасангиз, аҳли илмлардан сўрангиз», (Наҳл/43) деган сўзи билан уламолардан сўрашга буюрган. (Ал-Мавсуа – 13/160).

Бу фикрнинг эътиборли ери шундаки, диний билим олишга имконияти бўлмаган одам Қуръон ва ҳадисларда баён қилинмаган масаланинг ҳукмини билиш учун ўз юртининг олимига мурожаат қилади ва унинг сўзига амал қилади. Бунда у одам шу олимнинг мазҳабини тутган бўлади.

«Тақлид жоиз эмас, ҳаромдир»

الثَّانِي : إِنَّ التَّقْلِيدَ مُحَرَّمٌ لاَ يَجُوزُ . قَال بِذَلِكَ ابْنُ عَبْدِ الْبَرِّ ، وَابْنُ الْقَيِّمِ ، وَالشَّوْكَانِيُّ ، وَغَيْرُهُمْ . وَاحْتَجُّوا بِأَنَّ اللَّهَ تَعَالَى ذَمَّ التَّقْلِيدَ بِقَوْلِهِ : { اتَّخَذُوا أَحْبَارَهُمْ وَرُهْبَانَهُمْ أَرْبَابًا مِنْ دُونِ اللَّهِ } (سورة التوبة / 31) وَقَوْلِهِ { وَقَالُوا رَبَّنَا إِنَّا أَطَعْنَا سَادَتَنَا وَكُبَرَاءَنَا فَأَضَلُّونَا السَّبِيلاَ } (سورة الأحزاب / 67) وَنَحْوِ ذَلِكَ مِنَ الآْيَاتِ ، وَإِنَّ الأَْئِمَّةَ قَدْ نَهَوْا عَنْ تَقْلِيدِهِمْ ، قَال أَبُو حَنِيفَةَ وَأَبُو يُوسُفَ : لاَ يَحِل لأَِحَدٍ أَنْ يَقُول بِقَوْلِنَا حَتَّى يَعْلَمَ مِنْ أَيْنَ قُلْنَاهُ . وَقَال الْمُزَنِيُّ فِي أَوَّل مُخْتَصَرِهِ : اخْتَصَرْتُ هَذَا مِنْ عِلْمِ الشَّافِعِيِّ ، وَمِنْ مَعْنَى قَوْلِهِ مَعَ إِعْلاَمِهِ نَهْيَهُ عَنْ تَقْلِيدِهِ وَتَقْلِيدِ غَيْرِهِ لِيُنْظَرَ فِيهِ لِدِينِهِ وَيَحْتَاطَ لِنَفْسِهِ … (الموسوعة الفقهية الكويتية – (13 / 160).

Иккинчи фикр: бировга тақлид қилиш –  жоиз эмас, ҳаром. Бу сўзни Ибн Абдилбарр, Ибнул Қаййим, Шавконий ва бошқалар айтишган. Улар Аллоҳ таолонинг бир қанча оятларини далил қилишган. Масалан: «Улар Аллоҳнинг ўрнига ўз уламолари ва роҳибларини худолар қилиб олдилар». (Тавба/31). «Улар дедилар: Эй Раббимиз, биз хўжайинларимиз ва катталаримизга итоат қилдик, улар бизни адаштирдилар». (Аҳзоб/67).  

Имомлар ўзларига тақлид қилишдан қайтарганлар. Абу Ҳанифа ва Абу Юсуф айтганлар: «Биронта одам учун бизнинг сўзимизни то биз уни қаердан олганимизни билмагунича гапириши ҳалол бўлмайди».

Музаний ўзининг Мухтасари аввалида айтган: «Бу китобни Шофеийнинг илмидан ихтисор қилиб олдим. Унинг сўзларининг маъносида унга тақлид қилишдан ҳам, бошқага тақлид қилишдан ҳам қайтарганининг эълони бор. Чунки инсон ўз дини учун изланиши ва ўз жонининг эҳтиётини қилиши керак»…

Бу фикрнинг аҳамияти шундаки, Аллоҳ таоло Охиратда ҳар бир инсоннинг ўзини алоҳида сўроққа тутади ва ҳисоб-китоб қилади. Бу масалада оми ҳам олим ҳам баробар. Қиёмат куни келганда илм ўқимаган омининг ўрнига ўша замонда яшаган бир олимни ҳисоб-китоб қилиб қўя қолинмайди. Мазҳабга эргашган одамлар учун мазҳаббоши мужтаҳидлар жавобгар бўлмайдилар, валлоҳу аълам. Ўз жони ўзи учун азиз бўлган ҳар битта одам дўзахдан қутулиш учун ўзи ҳаракат қилиши зарур. Бунинг учун ўз динига тўғри амал қилаётганини тасдиқлайдиган ҳужжатни билишга қўлидан келганича интилиши керак.

Юқорида зикр этилган икки хил ижтиҳоднинг бир-бирига уланадиган нуқталари билан иншоаллоҳ кейинги суҳбатда танишамиз.