Намоздан сўнг қўл кўтариб дуо қилишга саҳиҳ ҳужжат борми?

Бўлимлар: 02. Намоз

Ассалому алайкум, мен ёшлигимдан жуда қаттиқ яхши кўрган Обидхон қори ака. Мен….. ҳақиқатдан айнан Сизга хат ёзаётганимга ҳайратда ва шукрдаман! Ишонаманки, менга Сизни реал кўриш насиб этади деб! Мен учун Сиздек Роббимнинг бандаси билан кўришиш, иймонлашиш, миллион – миллион долларларга алмаштирмайдиган воқеа. Бу шарафли воқеани мен Роббимдан сўраб қоламан.

Савол: Аллоҳнинг марҳамати билан биз ҳозир Нью-Йоркда яшаяпмиз. Нью-Йоркдаги (алҳамдулиллоҳ сони кўпайиб бораётган) масжидлардан бирида бир куни намозни ўқиб бўлганимда масжид имоми мендан сўрадики, «Сен нега намоздан сўнг қўлингни кўтарасан?» Мен унга: «Бизнинг юртда деярли ҳамма шунақа дуо қилади» десам, у: «Менга бир саҳиҳ ҳужжат келтира оласанми Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай қилганлари ҳақида?» деди. Менинг илмим йўқ бўлганлиги сабабли «Кейин жавоб бераман» дедим. Ҳақиқатдан у масжидда ҳеч ким қўл очиб дуо қилмайди. Мен яна фитнага сабаб бўлмайин деб, жамоатда улар каби ўқишга ҳаракат қилишни афзал кўрдим. Қўл очиб дуо қилиш тўғрисида илтимос батафсил жавоб берсангиз. Роббим Ўзи Сизни ота-онангиздан, устозу ўзингиздан ва оилангиздан рози бўлсин. Сизни чин юракдан соғиниб қолувчи

Дилшод.

Нью-Йорк.

Жавоб: Мени ким учун яхши кўрган бўлсангиз, Ўша Зот сизни ҳам яхши кўрсин. Яхши тилакларингизни қабул айласин ва ўзингизга ҳам насиб этсин. Солиҳ мақсадларингизга етказсин.

Саволингизга келсак, шуни айтиш керакки, намоздан сўнг қўл очиб дуо қилиш масаласи ҳақиқатан ҳам уламолар ўрталарида баҳсли масала. Аммо намоздан сўнг қўл кўтариб дуо қилиш жоизлигини кўрсатувчи ҳадислар жуда кўп.

Аввало бу фикрга хилоф сўз айтган уламоларнинг ҳужжатлари ҳақида тўхталамиз.

 عَنْ أَنَسٍ

أَنَّ نَبِيَّ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ كَانَ لَا يَرْفَعُ يَدَيْهِ فِي شَيْءٍ مِنْ دُعَائِهِ إِلَّا فِي الِاسْتِسْقَاءِ حَتَّى يُرَى بَيَاضُ إِبْطَيْهُ

رواه مسلم.

Анас разиллоҳу анҳу айтадилар: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам истисқодан бошқа бирор дуоларида икки қўлларини кўтармас эдилар. Истисқода икки қўлтиқларининг оқи кўринадиган даражада кўтарар эдилар». (Имом Муслим ривоятлари).

Имом Нававий бу ҳадис шарҳида ёзадилар: «Бу ҳадиснинг зоҳиридан Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам истисқодан бошқа пайт қўлларини кўтармаганлар, дегандек маъно чиқади. Аммо аслида бундай эмас. Аксинча, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дуо қилганларида жуда кўп ўринларда қўл кўтарганлари собит бўлган. У ривоятлар ҳаддан зиёдадир. Мен Саҳиҳайндан ёки бир Саҳиҳнинг ўзидан ўша ҳадислардан ўттизга яқинини тўплаганман «…

Уламолар намоздан сўнг қўл кўтариб дуо қилиш жоизми ёки жоиз эмасми деган масалада тўғри хулосага келиш учун иккита нуқтани алоҳида-алоҳида тадқиқ қилишган.

Биринчи масала: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам умуман намоздан сўнг дуо қилганмилар ёки йўқми?

Иккинчи масала: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дуо қилган пайтларида қўлларини кўтарганмилар ёки ҳеч кўтармаганмилар, деган масала…