Ислом оламида энг машҳур уламолардан бирлари шайх Абдулмажид Аз-Зиндоний Охиратга риҳлат қилдилар

Бўлимлар: Муносабат

«Албатта барчаларимиз Аллоҳнинг бандаларимиз ва шак-шубҳасиз ҳаммамиз У Зотнинг ҳузурига қайтгувчимиз»

(Бақара сураси, 156-оят)

Бугун Ислом олами учун яна бир қайғули хабар тарқалди. Узоқ йиллардан буён Қуръони карим ва ҳадиси шарифлардаги илмий мўъжизаларни шарҳлаб келган, қанча-қанча инсонлар Ислом дини ҳақ дин эканига тўла ишонч ҳосил қилиб иймон келтиришларига сабаб бўлган, дин ва дунё илмларининг қатор фанлари бўйича мутахассис уламо, яманлик шайх Абдулмажид Аз-Зиндоний Охиратга риҳлат қилдилар.

Меҳрибон Раббимиз Аллоҳ таолодан шайх Абдулмажид Зиндоний ҳазратларини Ўз раҳматига сазовор айлашини, қабрларини кенг ва нурли этишини, Фирдавс жаннатига дохил қилиб, иззату икром айлашини сўраймиз.

У муҳтарам инсоннинг Ислом ва мусулмонлар учун қилган хизматларини таърифлашга тил ожиз. У зот яшаган умр мусулмон ёшлар учун ибратларга тўладир. Иншоаллоҳ келгусида бундай уламоларимизнинг ҳаёт ва фаолиятлари ҳақида ҳикоя қиладиган қиссалар вужудга келажак. Умид қиламизки, мағфиратли ва марҳаматли Раббимизнинг Ўзи биз учун ғойибона устоз, шайх Обидхон қори акамизга эса бевосита устоз бўлган шайх Зиндонийни муносиб мукофотлайди.