«Зар қадрини заргар билур…» ёхуд ўзбек тилида Саҳиҳул-Бухорийнинг ишончли шарҳи борми?

Бисмиллааҳир-Роҳмаанир-Роҳийм

«Зар қадрини заргар билур…»

Ёхуд

Ўзбек тилида Саҳиҳул-Бухорийнинг ишончли шарҳи борми?

Аллоҳ таолога ҳамду санолар айтамиз, Муҳаммад алайҳиссаломга салавотлар йўллаймиз…

Аммо баъд.

Саҳиҳул-Бухорий – саҳиҳ ривоятлар билан собит бўлган ҳадиси шарифлар тўплами Қуръони карим китобидан кейинги ўринда турадиган улуғ китоб экани барчамизга маълум ва машҳур.

Қарийб ўн икки асрдан буён Саҳиҳул-Бухорийга Ислом уламолари томонидан юзлаб, балки минглаб шарҳлар ёзиб келинмоқда.

Энг машҳур ва энг буюк шарҳлардан бири имом Аҳмад ибн Ҳажар Ал-Асқалоний ёзган Фатҳул-Борий бўлса, иккинчиси имом Бадруддин Ал-Айнийнинг Умдатул-қорий китобидир.

Ушбу икки шарҳ ва яна бошқа шарҳлардан фойдаланган ҳолда ўз она тилимизда чуқур ва кенг қамровли илмий суҳбатлар тақдим этган ишончли олимнинг дарсларини ким, қаердан топиб кела олади?

Алҳамдулиллоҳ-ки, бизнинг қўлимизда ана шундай бебаҳо, улкан хазина бор. У ҳам бўлса устозимиз, шайх Обидхон қорининг Саҳиҳул-Бухорий шарҳидан ўтган илмий суҳбатларидир.

Бироқ, минг афсуслар билан – айни дамда Аллоҳнинг ҳеч қачон беҳикмат рўй бермайдиган тақдирига чин қалбимиздан таслим бўлиб, розилигимизни эълон қилган ҳолимизда – айтамизки, 2012 йилда бошимизга тушган мудҳиш мусибат – яъни, ислом душманларининг устозимизга қарши уюштирган суиқасд ҳаракатидан сўнг у кишининг мана шундай илмий суҳбатлари тўхтаб қолган!

«Иннаа лилллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъувн»

Меҳрибон Раббимиз Аллоҳ таоло устозимиз Обидхон қори акага Ўз даргоҳидан шифои комил ато этсин, яна қайтадан илмий-иймоний суҳбатларини тақдим этишда узоқ йиллар давом этсинлар. Илоҳо, омин…

Биз қўлимизда мавжуд бўлиб турган бу улкан хазинани сиз азизларга аста-секин тақдим этиб бормоқдамиз.

Иншоаллоҳ бу илмий-иймоний дарслар қайта-қайта эшитилиб, келажакда китоб шаклида ҳам чоп этилади ва Қиёматга қадар давом этади. Бу ишдан келадиган чексиз ажру савоблар эса бир лаҳза ҳам тўхтаб қолмасдан устозимизнинг ҳасанот саҳифаларига ҳам битиб турилади, деб Меҳрибон Раббимиз Аллоҳ таолодан умид қиламиз.

Телеграм дастурида устозимизнинг ушбу Саҳиҳул-Бухорий шарҳидан ўтган илмий дарсларига оид алоҳида канал очиб қўйилди. Бундан мақсад, толиби илмлар истаган лаҳзалари бу дарсларни Саҳиҳул-Бухорий китобидаги асл тартиб асосида эшитиб, фойдаланиб юришларидир.

Барча ҳамду санолар Улуғ Парвардигоримиз Аллоҳ таолога хосдир. У Зотнинг элчиси саййидимиз, хотамул-анбиё Муҳаммад ибн Абдуллоҳ алайҳиссаломга қайта-қайта дуруду салавотлар йўллаймиз.

Ислом Овози таҳририяти