Ясмина исмининг маъноси ва ҳукми

Устоз, сизни ва ер юзидаги барча мусулмонларни кириб келаётган Рамазон ҳайити билан муборакбод этаман.

Савол:

Қизалоққа Ясмина деб исм қўйса бўладими? Ясмина нима маънони англатади? Олдиндан раҳмат.

Абу Талҳа.

Жавоб:

Табригингиз учун ташаккур. Аллоҳ таоло сизга ҳам оилангиз ва фарзандларингизга ҳам икки оламда бахтли ҳаёт ато айласин.

Ясмина исми араб ва форс тилларидаги «ёсамин» (ياسمين) сўзидан олинган бўлиб, лотинчада Jasmínum, дейилади. Ясмин ўткир хушбўй, оқ гулли, машҳур ўсимлик. Ясмин калимаси қадимги араблар учун ҳам таниш бўлганлигини мана бу иборадан билиш мумкин:

الياسِمِينُ والياسَمِينُ معروف فارسيٌّ معرَّب قد جرى في كلام العرب… شَمِمْت الياسِمِينَ (12 / 645).

Ёсимин ва ёсамин арабчалашган ҳаммага маълум форсий калима бўлиб, араблар тилида оммалашиб кетган… Ёсаминни ҳидладим. (Лисонулараб – 12/645).

Ясмин тожик тилида ёсуман, деб айтилади.

Ясминни эски ўзбек тилида ҳам ёсуман, деб айтилган. Ўзбек тилининг изоҳли луғатида ёсуман сўзига икки хил маъно берилган: 1. Хушбўй, оқ тўп гулли декоратив бута. 2. кўчма. Ҳийлагар, маккор аёл.

Ўзбекларда болага ёки қизга Ясмин, Ясмина ё эса Ёсуман, деган исм қўйиш одат бўлмаган. Ясмина исми арабларда ҳам аввалда қўйилмаган. Аммо ҳозирги замон араблари орасида қизларга Ясмин ёки Ясмина, деб исм қўйиш бор. Ясмин ва Ясмина исмини ҳозирда форслар ҳам, яҳудийлар ҳам, руслар ҳам, европалик бошқа миллатлар ҳам қўядилар. Ясмина ва Ясмин исмини арабча сайтларда араб исмлари қаторида, русча сайтларда славян исмлари сифатида, яҳудий сайтларида яҳудий исмлари рўйхатида келтиришганини кўрамиз.

Қиз болага Ясмина исмини қўйишнинг ҳукмига келсак, бу ўринда инсоннинг нияти эътиборга олинади. Агар ўзга дин ва маданиятларга эргашишни ният қилмаса, бу исмни қўйишга шаръан монелик йўқ, валлоҳу аълам. Зеро, ясмин сўзининг маъноси чиройли. Аммо ёсуманнинг кўчма маъноси ҳам борлиги эътиборга олинса, бу сўз салбий мазмун касб этади.

Аллоҳ таоло ҳаммамизни Ўз ҳидоятида собит қилсин.

Шайх Обидхон қори, Швеция
1432 ҳ. 28 рамазон (2011 м. 28 август)

Мавзуга оид савол-жавоблардан:

•┈┈┈┈┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈┈┈┈┈•

“Ислом Овози” телеграм канали

https://telegram.me/islomovozi