Ҳумоюн Мирзо исми нимани англатади?

Савол: Ҳумоюн Мирзо исми жоизми? Агар ножоиз бўлса шундай деб исм қўйилган бўлса, нима қилиш керак? Аллоҳ рози бўлсин, жавобингиз учун раҳмат.

Ф.

Жавоб: Аллоҳ сизга фойдали илм, иймонингизга қувват, яхши ишларингизга ривож ато этсин.

Ўзбек тилининг изоҳли луғатида Ҳумоюн сўзининг форс-тожик тилидан кирган эскирган китобий сўз экани айтилиб, унга уч хил маъно берилган:

«1. «Буюк подшоларга хос», «олий даражадаги», «энг муқаддас» каби маъноларни билдиради… 2. айн. ҳумо. 3. Ҳумоюн (эркаклар исми)».

Иккинчи маъносида айтилганидек, бу исм Ҳумо маъносида ҳам қўлланади. «ҲУМО (фт) Кимнинг бошига қўнса ёки сояси тушса, у киши энг бахтли бўлади, деб эътиқод қилинадиган афсонавий қуш, «давлат қуши». (Ўзбек тилининг изоҳли луғати, 2 жилд, 1981 йил, Тошкент).

Ислом эътиқоди афсона ва хурофотларни қабул қилмайди. Одамларни хаёлпарастлик ва афсоналар билан эмас, ҳақиқий воқеликка мувофиқ келадиган эътиқод ва илм билан тарбиялайди. Шунинг учун ҳам динимиз китобларда ёки эртакларда эмас, балки қалбимизда, ҳаётимизда ва турмуш тарзимизда яшайди.   

Энг муқаддас Зот Аллоҳдир. Аллоҳга хос сифатларни инсонга нисбат берилмайди. «Энг муқаддас», деган маънони англатадиган исмни одамзодга ном қилиб қўйиб бўлмайди. Мусулмонликда «Буюк подшоларга хос» ҳаётни ҳам асло ҳавас қилинмайди. Исломда подшоҳга ҳам – агар мусулмон бўлса –  ўзини Аллоҳнинг қули деб билиш, қуллар билан бир хилда овқатланиш, хоксор бўлиш тавсия қилинади.   

Изоҳли луғатда Мирза сўзига 4 хил маъно берилган. «1 тар. Ёзув чизув ишларини олиб борган лавозимли киши; котиб. 2 кўчма. Саводли ўқимишли одам. 3 эск. юқори табақаларга мансуб киши; жаноб. 4 Мирза (эркаклар исми)».

Яна луғатда Мирзо сўзи ҳам алоҳида таърифланган: «1 Мирзода, амир ўғли. 2 кт. айн. мирза».

Юқорида келтирилганларга асосланиб айтиш мумкинки, саводли инсон деган маънода Мирза исмини ном қилиб қўйиш мумкин. Ҳумоюн Мирзо исмидан Мирзо деган қисмини сақлаб қолса бўлади.

Аллоҳ айтади:

{ فَلا تُزَكُّوا أَنْفُسَكُمْ هُوَ أَعْلَمُ بِمَنِ اتَّقَى } (النجم:32).

«Бас ўзинизни ўзингиз олқишламангиз. Ким тақво қилганини У яхшироқ билувчидир». (Нажм, 32).

فقال رسول الله صلى الله عليه وسلم: «لا تزكوا أنفسكم، إن الله أعلم بأهل البر منكم». (مسلم).

Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам «Ўзингизни ўзингиз мақтаманг, ким яхшилик соҳиби эканини сизлардан кўра Аллоҳ яхшироқ билади», дедилар. (Муслим).

Аллоҳ ҳаммамизга солиҳ инсонлар қаторида бўлиб, эзгу амаллар билан машғул бўлишни насиб айласин.