«Зино қилишимга рухсат беринг! …»

ISLOM OVOZI

Абу Умома Ал-Боҳилий розияллоҳу анҳудан ривоят.

Қурайш қабиласидан бўлган бир йигит Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб шундай деди:

«Эй Расулуллоҳ! Менга зино қилиш учун рухсат беринг!» (Шаҳватим жуда кучли бўлгани туфайли сабр қила олмаяпман, дегандек).

Унинг бу сўзларини эшитган айрим саҳобалар (бундай очиқ-ойдин уятсиз талабдан ғазабланиб) йигитга (қаттиқроқ) танбеҳ бердилар: «Маҳ! Маҳ!» (Жим бўл! Нима деганинг бу?! Ўчир овозингни, деганга ўхшаш маънони ифода этадиган сўз).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса, йигитга қараб: «Яқинроқ келгин, яқинроқ келгин» дедилар.

Йигит Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олидларига яқинлашиб келиб ўтирди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ундан сўрадилар:

«(Шу ишни) Онанг учун яхши кўрасанми? (Онанг зино қилишини истайсанми?)»

Йигит жавоб берди:

«Аллоҳга қасамки, йўқ! Жоним Сизга фидо бўлсин! (Эй Расулуллоҳ, Онам бундай ишга яқинлашишини асло хоҳламайман!)».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

«(Бошқа) одамлар ҳам ўзларининг оналари учун (оналаридан бундай иш содир бўлишини асло) яхши кўрмайдилар!».

 

Расулуллоҳ йигитга яна савол билан юзландилар:

– «Қизинг учун яхши кўрасанми? (Қизинг зино қилиши сенга ёқадими?)».

– «Аллоҳга қасамки, йўқ! Жоним Сизга фидо бўлсин, эй Расулуллоҳ!».

«(Бошқа) одамлар ҳам ўзларининг қизлари учун (қизларидан бундай иш содир бўлишини асло) яхши кўрмайдилар!».

 

– «Синглинг учун яхши кўрасанми? (Синглинг зино қилиши сенга ёқадими?)».

– «Аллоҳга қасамки, йўқ! Жоним Сизга фидо бўлсин, эй Расулуллоҳ!».

«(Бошқа) одамлар ҳам ўзларининг сингиллари учун (сингилларидан бундай иш содир бўлишини асло) яхши кўрмайдилар!».

 

– «Амманг учун яхши кўрасанми? (Амманг зино қилиши сенга ёқадими?)».

– «Аллоҳга қасамки, йўқ! Жоним Сизга фидо бўлсин, эй Расулуллоҳ!».

«(Бошқа) одамлар ҳам ўзларининг аммалари учун (аммаларидан бундай иш содир бўлишини асло) яхши кўрмайдилар!».

 

«Холанг учун яхши кўрасанми? (Холанг зино қилиши сенга ёқадими?)».

– «Аллоҳга қасамки, йўқ! Жоним Сизга фидо бўлсин, эй Расулуллоҳ!».

– «(Бошқа) одамлар ҳам ўзларининг холалари учун (холаларидан бундай иш содир бўлишини асло) яхши кўрмайдилар!».

 

Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам (муборак) қўлларини йигитнинг кўкрагига қўйиб (қуйидаги сўзлар билан Аллоҳга юзланиб) дуо қилдилар:

«اَللَّهُمَّ اغْفِرْ ذَنْبَهُ وَطَهِّرْ قَلْبَهُ وَحَصِّنْ فَرْجَهُ».

«Эй Аллоҳ! Ўзинг бу йигитнинг гуноҳ(лар)ини кечиргин, қалбини поклагин, авратини (ҳалол турмуш ила) ҳимоя этгин! (Зино ва барча фаҳш ишлардан узоқ қилгин)».

Абу Умома розияллоҳу анҳу айтади:

«Шундан сўнг бу йигит ҳеч нарсага (ҳеч қандай бир номаҳрам аёлга) мутлақо бурилмас (назар ташламас) эди!».

(Имом Аҳмад ва бошқа муҳаддис алломалар ривоят қилган саҳиҳ ҳадис).

 

Ушбу қиссада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ахлоқлари ва гўзал тарбияларидан олинадиган ибратлар, хулосалар ва дарслар жуда ҳам кўп.

Бутун оламга раҳмат-марҳамат этиб юборилган сарваримиз Муҳаммад алайҳиссаломга абадул-абад салоту саломлар ёғилиб турсин…

Ўқувчиларимиздан илтимос қиламизки, мақола остида ижтимоий тармоқлар орқали Аллоҳ уларга билдирганича фойдали изоҳлар ёзиб қолдирсинлар. Иншоаллоҳ манзур бўладиган изоҳларни биз ҳам қўллаймиз.

«Ислом Овози» таҳририяти

•┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈•

https://telegram.me/islomovozi