Уламолар ва умум халқ зиммаларидаги бурчлар

Бўлимлар: Радиосуҳбатлар

Шайх Обидхон қори, 2008 йил
«Би Би Си» суҳбатидан лавҳа

Озгина илм соҳиби бўлган ҳар бир мусулмон ўз яқинлари, фарзандлари, шогирдлари ва умуман ёшларнинг ҳамма томонлама етук инсонлар бўлиб тарбияланишларида ўз ҳиссасини қўшиши вожиб. Бу йўлда оддий мусулмон инсон сифатида мен ҳам кўп меҳнат қилишим лозим. Ёшларнинг ҳам исломий, ҳам дунёвий илм ва тарбия олишлари учун бор имкониятимиздан унумли фойдаланишимиз, янада кенгроқ имкониятлар ҳосил қилишга интилишимиз зарур. Биз бу ерда эркаклар учун ҳам, аёллар учун ҳам, ёш болалар учун ҳам алоҳида-алоҳида кундалик ва ҳафталик дарслар, машғулотлар уюштирганмиз. Вақти-вақти билан турли тадбирлар, мусобақалар ўтказамиз. Интернет саҳифа орқали (www.islomovozi.com) савол-жавоблар қилишни йўлга қўйдик. Яна амалга оширишимиз лозим бўлган қатор режаларимиз бор. Жумладан, турли фанлар бўйича тайёрланиши керак бўлган китоблар, дарсликлар, ўқув қуроллари, шунингдек, босиб чиқарилишини кутаётган бир қатор ишлар турибди. Маълумки, Ўзбекистонда мусулмон халқимизнинг ўз динларини бемалол ўрганишлари йўлида қўйилган сон-саноқсиз сунъий тўсиқлар мавжуд. Агар биз уларни бартараф этишга ҳозирча кучимиз етмаётган бўлса, нимадир рўй беришини кутиб ўтирмасдан, қўшимча муқобил имкониятлар топиб, олдинга кетиш йўлларини топишимиз лозим. Топганларимизни бошқаларга ўргатишимиз, оммалаштиришимиз керак.

Биз ер юзининг қайси бурчагида турган бўлмайлик, меҳнатдан бир зум ҳам тўхтамаслигимиз лозим.

Бу ишлар Аллоҳ буюрган солиҳ амаллар эканини ҳисобга олсак, ибодат ҳамдир. Биз бугун қаерда бўлсак ҳам агар Аллоҳдан тақво, Охиратдан умид қилган ҳолимизда илм олсак, илм берсак, ибодат ва ҳалол меҳнатда давом этсак, одамларни ҳақ йўлга чақирсак, уларга дин ва дунё ишларида холис ёрдам берсак, Аллоҳ ва Пайғамбар буюрган савобли ишларни тезроқ ва кўпроқ амалга оширишга ҳаракат қилсак, бу ишларимиз Ўзбекистон халқининг бугуни учун ҳам, келажаги учун ҳам хизмат бўлади. Биз бор имкониятимизни ишга солсак, тўғри ва ибратли иш олиб борсак, бу Ватанимиздаги инсонлар учун тажриба вазифасини ҳам ўтайди.

Умид этамизки, Ўзбекистонда яшаётган мусулмонлар ҳам ўз фарзандларини ҳукумат органларидан қўрқмасдан Ислом динига ўргата оладиган замонлар келади. Болалар учун исломий мактаблар ёки давлат мактабларида исломий дарслар ташкил этилади. Хусусий университетлар очилади. Шахсий завод-фабрикалар пайдо бўлади ва ривожланади. Матбуот, радио-телевидение эркин бўлади. Иқтисодни бўғиб турган чангаллар олиб ташланади. Халқ хўжалагининг барча соҳалари юксалиб, иншоаллоҳ кучли тараққиёт содир бўлади.

Биз ана шундай кунлар учун бугун – бугун меҳнат қилишимиз зарур …

•┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈•

https://telegram.me/islomovozi