Муборак ватанимиз хушхабарлари давом этмоқда

Авваламбор ва абадул-абад Ягона Аллоҳнинг Ўзига чексиз ҳамду санолар бўлсин.

Меҳрибон Парвардигоримиз Қуръони каримда марҳамат қилади:

لَئِن شَكَرْتُمْ لَأَزِيدَنَّكُمْ ۖ وَلَئِن كَفَرْتُمْ إِنَّ عَذَابِي لَشَدِيدٌ

«Қасамки, агар берган неъматларимга шукр қилсангизлар, албатта (уларни янада) зиёда қилурман. Энди агар куфрони (неъмат) қилсангиз­лар, албатта азобим ҳам жуда қаттиқдир». 

Муборак ватанимиз Ўзбекистон диёрининг янги раҳбари муҳтарам Президент Шавкат Миромонович Мирзиёев Қуръону ҳадисни қаттиқ севишлари, исломий мусобақалар ташкил этилишига даъват этиб чиқишлари, Ислом уламоларига бўлган эҳтиромларини очиқ-ойдин изҳор этаётганликлари, жумладан имом Бухорий, имом Термизий, имом Насафий, имом Марғилоний ва бошқа кўпдан-кўп буюк алломаларнинг номларини халқаро майдонларда зикр қилиб келаётганликлари, охирги кунларда шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари номига ҳам масжид, кутубхона ва мадраса қуриш ишларини бошлаб берганликлари ҳақиқатан ҳам бугунги янги давримизнинг энг катта хушхабарларидандир.

Яна энг охирги (бугун эшитганимиз энг янги) хушхабарлардан бири айбсиз ҳолларида зулмга учраган муҳтарам устозимиз шайх Обидхон қори – Аллоҳ шифои комил ато этсин – шогирдлари ҳам қамоқдан озод бўлишмоқда.

Меҳрибон Раббимиз ҳақ йўлда собитқадам турадиган бандаларига ҳаётлари давомида турли-туман оғир имтиҳонлар бериши ортидан мана бундай гўзал ғалабалар ҳам ато этиб турадиган Зотдир.

Яна бир бор ва доимо етук ҳикматлар ва марҳаматлар эгаси бўлмиш Яккаю Ягона Раббимиз Аллоҳ таолонинг Ўзига чексиз ҳамдлар бўлсин.

Буюк бобомиз имом Термизий ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладилар:

لا يشكُرُ اللهَ مَن لا يشكُرُ النَّاسَ

رواه الإمام الترمذي

«Инсонларнинг яхшиликларига шукр қилмаган кимса Аллоҳга ҳам шукр қилмайди».

Имом Абу Довуд ривоят қилган ҳадиси шарифда ҳам жаноби акрам Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладилар:

من صنعَ إليكُم معروفًا فَكافئوهُ فإن لم تجِدوا ما تُكافئونَه فادعوا لَه حتَّى تَروا أنَّكُم قد كافأتُموهُ

«Ким сизларга бир яхшилик қилса, бас, сизлар уни бирон мукофот билан сийланглар. Агар мукофот қилиб берадиган нарса топа олмасангизлар унинг ҳақига мукофотлагандек ҳис қилгунларингга қадар дуо қилинглар».

Ҳаётда кўпдан-кўп иғво ва мусибатларга учраган мазлумлар тарафини олиб, адолат қарор топиши учун ҳаракат қилаётган мусулмон раҳбарларга, айниқса Шавкат Миромонович жанобларига ташаккурлар. Аллоҳ Ўзи уларни ҳам умрларининг охиригача ҳақ йўлда мустаҳкам қилсин, Ислом ва мусулмонларга улкан хизматлар қилиб яшашга муваффақ айласин, эзгу ишларининг давоми сифатида ҳалигача тақдирлари бедарак бўлиб қолаётган мазлум уламолар ва барча маҳбус мусулмонларни ҳам озод этиш шарафига муяссар қилсин…

«Ислом Овози» таҳририяти

•┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈•

https://telegram.me/islomovozi