Аёллардан маслаҳат сўраш

Савол:

Аёлим билан маслаҳатлашиб бир иш қилсам тўғрими? Шариатимиз нима дейди? («Аёллардан маслаҳат сўранглар, лекин улар айтадиган фикрнинг аксини қилинглар», деган маънода ҳадис борми?).

Жавоб: 

  • Аёллардан маслаҳат сўраш жоиз;
  • Аёлларнинг маслаҳати олинган ҳолатларга Қуръон ва Суннатдан мисоллар;
  • Аёлларнинг маслаҳатига хилоф иш юритиш ҳақидаги ривоятнинг асоси йўқ;
  • Аёлларда меҳр-шафқат, эркакларда ақл ва шижоат кучлироқ.

 

Аёллардан маслаҳат сўраш жоиз

Ўрни келганда аёлингиздан маслаҳат сўрашингиз ва агар аёлингиз айтган фикрни тўғрироқ деб топсангиз уни қабул қилишингиз айбли иш эмас, асло. Ҳақ фикр кимдан содир бўлишидан қатъи назар уни албатта эътироф этиш даркор.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам баъзи ишларда аёлларнинг маслаҳатларини қабул қилардилар.

 

Аёлларнинг маслаҳати олинган ҳолатларга Қуръон ва Суннатдан мисоллар

Оқила аёлларнинг маслаҳатлари эътиборга олингани Қуръони каримда ҳам мавжуд. Масалан, Мусо алайҳиссаломнинг Мадяндаги қиссаларида ва Сабаъ (Яман) маликаси Балқис қиссасида рўй берган айрим воқеалар билан танишиб чиқишингиз мумкин.

Суннати набавийядан эса дарҳол бир қанча мисоллар ёдга келади.

Жумладан, Хадижа онамиз розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни пайғамбарликлари бошланган илк кунларида Варақа ибн Навфалнинг олдиларига бориш таклифини айтганларида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам қабул қилиб, биргаликда у кишининг олдига боришган.

Яна Бухорий, Муслим ва бошқа муҳаддис имомлар Умму Атийя розияллоҳу анҳодан ривоят қилишган муттафақун алайҳи ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг вафот этган қизлари Зайнаб розияллоҳу анҳони неча марта ювиш кераклиги борасида Расулуллоҳ аёлларнинг раъйини эътиборга олганлар.

Ҳудайбия ғазотида ҳам бир иш юзасидан Умму Салама онамиз розияллоҳу анҳодан маслаҳат сўраганлар. Шунда Уммул-мўминин Умму Салама онамиз кўндаланг бўлиб турган муаммони ҳал қилиш учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга жуда ҳам ажойиб бир ишни таклиф қилганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ана шу таклифга амал қилишлари туфайли саҳобаи киромлар улкан бир фитна-мусибатдан омон қолганлар.

Ушбу муборак қиссалардаги ибратларни батафсил ўрганиш учун Сийрати набавийя бўйича мутахассис устозларнинг илмий суҳбатларида қатнашиб туриш тавсия этилади.

 

Аёлларнинг маслаҳатига хилоф иш юритиш ҳақидаги ривоятнинг асоси йўқ

Саволда зикр қилинган ривоятга келсак, уни муҳаддис уламолар бутунлай рад этганлар. Чунки у на санад жиҳатидан ва на мазмун жиҳатидан собит бўлган. Шиаларнинг айрим манбаларида Али розияллоҳу анҳунинг сўзларидан деб келтирилганини ҳам ўқигандик. Маълумки, шиалар залолатга кириб кетган тоифалардан. Улар жуда ҳам кўп ёлғон ва уйдирма ривоятларни тўқиб ташлашган. Айниқса, Аллоҳ таоло Қуръони каримда «у (Муҳаммад алайҳиссалом)нинг аёллари уларнинг (мўминларнинг) оналари» деб улуғлаган момоларимиз, хусусан Оиша розияллоҳу анҳо ҳақларида жуда ҳам ҳақоратли туҳматларни гапириб, уларни куфру хиёнатда, ахлоқсизликда айблаб юборганлар. Мусулмон киши уларнинг туҳматларини тилга олишдан ҳам қўрқади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг завжаи мутаҳҳаралари ҳақида бундай фикрларга борадиган кимсаларни Ислом уламолари «кофиру муртад бўлади!» деб фатво берганлар. Чунки ундай кимсалар Қуръони каримни, яъни Аллоҳ таолони ёлғончиликда айблаган бўлади. Аллоҳ таоло Ўзи бизларни куфру залолатлардан асрасин.

 

Аёлларда меҳр-шафқат, эркакларда ақл ва шижоат кучлироқ

Аёлларнинг маслаҳатларини олиш жоизлиги бошқа масала, улар билан эркаклар орасидаги табиий фарқлар алоҳида масала.

Аллоҳ таоло ҳар бир жинсни ўзига хос сифатлар билан яратган ва айнан унинг табиатига мос келадиган вазифаларни зиммасига юклаган. Айни дамда ҳар иккисининг бир-бири билан муштарак бўлган табиатлари ва вазифалари ҳам мавжуд. Хоҳ эркак бўлсин хоҳ аёл бўлсин, Аллоҳ кўрсатган қонун-қоидаларга амал қилиб, У Зотнинг тақдири ва шариатига рози бўлиб яшаса икки олам бахт-саодатига эришади.

{وَلَهُنَّ مِثْلُ الَّذِي عَلَيْهِنَّ بِالْمَعْرُوفِ ۚ وَلِلرِّجَالِ عَلَيْهِنَّ دَرَجَةٌ ۗ وَاللَّهُ عَزِيزٌ حَكِيمٌ}.

[البقرة: 228]

«Ва яхши амалларда улар (аёллар) учун зиммаларидаги эрлари олдидаги бурчлари баробарида ҳуқуқлари ҳам бор. Ва эркаклар учун (аёллар) устида бир даража (имтиёз) бор. Аллоҳ қудрат ва ҳикмат эгасидир».

(Бақара: 228)

{وَلَا تَتَمَنَّوْا مَا فَضَّلَ اللَّهُ بِهِ بَعْضَكُمْ عَلَىٰ بَعْضٍ ۚ لِّلرِّجَالِ نَصِيبٌ مِّمَّا اكْتَسَبُوا ۖ وَلِلنِّسَاءِ نَصِيبٌ مِّمَّا اكْتَسَبْنَ ۚ وَاسْأَلُوا اللَّهَ مِن فَضْلِهِ ۗ إِنَّ اللَّهَ كَانَ بِكُلِّ شَيْءٍ عَلِيمًا}.

[النساء: 32]

«Аллоҳ бирингизни бирингиздан ортиқ қилиб қўйган нарсада, сизлар уни (ҳасад-адоват билан) орзу қилманг! Эркаклар ҳам ўз меҳнатларидан насиба олурлар, аёллар ҳам ўз меҳнатларидан насиба олурлар. Сизлар (бировларга берилган неъматларга кўз олайтириш ўрнига) Аллоҳнинг фазлу марҳаматини сўранглар. Албатта Аллоҳ ҳамма нарсани билгувчи бўлган зотдир».

(Нисо: 32).

Умуман олганда аёллардан кўра эркакларнинг ақллари кучлироқ бўлади. Аёллар кўпинча эҳтиросга берилиб кетиб қолишлари маълум. Шунинг учун ҳам раҳбарлик масъулияти (давлат раҳбарлиги, оила раҳбарлиги, тирикчилик қилиб аёлларнинг ва фарзандларнинг ризқу насибаларини терибкелиб боқиб туриш вазифаси…) аёлларга эмас, эркакларнинг зиммасига юкланган.

Аёлларда меҳр-муҳаббат ва раҳм-шафқат каби хислатлар кучли қилиб яратилган. Шунинг учун ҳам уларга уй ичини тартиблаб, фарзандларга кўпроқ меҳр бериб, уларни мукаммал раҳм-шафқат билан тарбия қилиш бурчи юкланган.

Бу хислатлар аёлларда кучли бўлгани учун, агар уларни ноўрин жойда ишлатиладиган бўлса биринчи ўринда аёлларнинг ўзларига, қолаверса бутун жамиятга катта зулм бўлади. Масалан кўпчилик аёллар ҳиссиётни қўзғайдиган ҳолатларда инсону жинлардан бўлган шайтонларнинг васвасаларига алданиб қоладилар. Талоқ қилиш ва никоҳлаш ҳуқуқи аёлларга берилган бўлганда аксарият аёллар эрларига минг мартадан талоқ қўйиб, яна минг мартадан қайта никоҳлаб олаверишлари мумкин эди.

Ақлли инсон ғазаби қайнаганда ҳам қаттиқ хурсандчилик ҳолатларида ҳам ҳаддан зиёд раҳмини келтириб юборадиган воқеалар қаршисида ҳам мувозанатни сақлаб тура олиши керак. Бундай хислатлар эркакларда кўпроқ бўлади. Шунинг учун эркакларнинг зиммасига ўзига яраша оғир ва жангу жадалли вазифалар юкланган. Душманларга қарши курашиш, дин, ватан ва номус ҳимояси учун жиҳод қилиш ҳам асосан эркакларнинг зиммасида.

Бу сўз билан барча эркаклар аёллардан ақлли дейилмоқчи эмас. Баъзан эркаклар жинсига мансуб, аммо ақли жуда ҳам заиф бўлиб қолган ёки Аллоҳ берган мардлик хислатларини ишлатмаётган кимсага дуч келиб, унинг муқобилида Сабаъ маликаси Балқис раҳимаҳаллоҳ каби минглаган эркаклардан ақллироқ доно аёлни учратиб қолишингиз ҳам мумкин. Бироқ, бундай ҳолат нодирдир. Валлоҳу аълам.

Бугунги кунда, афсуски, айрим жойларда эркаклар билан аёллар вазифаси чалкаштириб юборилиши оқибатида жамият аянчли мусибатларга гирифтор бўляпти. Баъзи эркаклар номардликка йўл қўйиб, аёллар аёллик табиатларидан мосуво бўлиб қолишмоқда. Аллоҳ таоло Ўзи инсоф ва ҳидоят ато этсин.

Бу мавзуни аслида батафсилроқ ёритиш мумкин, биз бу ерда жуда ҳам қисқа ишоралар билан чекландик.

«Ислом Овози» таҳририяти

Мавзуга оид:

Эр-хотин саккизлиги

Аёл ва оила ҳақида савол-жавоблар

Аёлни уриш ҳақидаги саволга батафсил жавоб

Ҳаё хислати ҳақида суҳбатлар

•┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈•

https://telegram.me/islomovozi