Ихтиёр Бахтиёрович – мусулмонларни ўз ихтиёрига қўядиган бахтиёр бўлинг

Бўлимлар: Муносабат

Яхши исмдан яхши нарсани умид қилиш суннатда бор.

Масалан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳудайбия сулҳида Қурайш томонидан юборилган Суҳайл ибн Амрнинг исмидан яхши умид қилганлар.

«Суҳайл» сўзи енгилгина деган маънони ифода этади. Суҳайл ибн Амр келаётганини кўриб: «иш енгиллади» дедилар. (Яъни, Ислом ва мусулмонларга манфаат келтирадиган сулҳ қилишимиз энди осон бўлади, деган маънода).

Яна имом Бухорий ва бошқа муҳаддис алломалар ривоят қилишган ҳадисда келади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ислом динига кирган гўзал исмли қабилалар ҳаққига дуо қилиб: «Ғифорни Аллоҳ Ўз мағфиратига олсин, Асламга Аллоҳ тинч-омонлик берсин…» деганлар.

Ғифор қабиласининг исми мағфират калимаси билан, Аслам қабиласининг исми салом – тинчлик калимаси билан ўзакдош сўзлардир.

Шунга ўхшаб, «Ихтиёр Бахтиёрович Абдуллаев» жаноблари МХХ раиси этиб таъйинланишидан биз ҳам яхши умид қиламиз. Мусулмон халқни ўз ихтиёрига қўйиб берилсин, ҳаммамиз бахтиёр бўлайлик, зеро барчамиз Абдуллоҳ (Аллоҳнинг қули)миз. Аллоҳнинг қуллари ўзгалар томонидан қул қилиб олинмаслиги керак.

Устозимиз шайх Обидхон қори – Аллоҳ шифои комил ато этсин – суҳбатларидан бирида айтганларидек:
«Инсон эркин бўлиб туғилган, эркин бўлиб яшасин!»

Мусулмон халқни ўз ихтиёрига қўйиб бериш қандай бўлади?

Ҳеч бўлмаганда қуйидагича:

  1. Ислом динини босимларсиз эмин-эркин ҳолимизда ўрганиб, ўргата олишимиз лозим;
  2. МХХ нинг мусулмонлар орасида фитна-иғво тарқатиши, халқни бир-бирига қарши қайраш ҳаракатлари тўхтатилиши керак;
  3. МХХ томонидан ўғирлаб кетилган уламолар ва барча мазлумларни тезроқ озод этиш. Ҳалок этилганларини очиқлаб, жасадларини қариндошларига қайтариш, жавобгар шахсларни адолатли маҳкама йўли билан жазолаш учун жиддий ҳаракат қилиш;
  4. Сиёсий ғаразлар билан бир қанча инсонларнинг жонига уюштирилган суиқасд амалиётлари ортида турганларни ҳам адолатли маҳкамага тортиш.

Аллоҳ мазлум халқимизга тезроқ мукаммал нажот ва нусрат ато этсин …

«Ислом Овози» таҳририяти

•┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈•

https://telegram.me/islomovozi