Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ (4-қисм)

Бўлимлар: Рисолалар

(Уламолар ҳаёти ҳақида туркум мақолалар)

Абу Ҳанифа ҳақида уламоларнинг гувоҳликларидан намуналар
 (1)

(Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг масжидларида) тўрт мазҳаб имомларининг иккинчилари Молик ибн Анас ҳузурларида имом Абдуллоҳ ибн Муборак дохил бир қанча аҳли илм ва талабалар ўтиришган пайт имом Абу Ҳанифа кириб келдилар. Имом Молик у кишини ҳурмат билан кутиб олдилар. (Кейин имом Абу Ҳанифанинг зиёратлари тугаб) чиқиб кетганларидан сўнг имом Молик (талабалардан) сўрадилар: бу кишини танийсизларми? Улар: йўқ, деб жавоб беришди. Шунда имом Молик айтдиларки:

“Бу киши ироқлик Абу Ҳанифадир! Бу киши агар “мана бу устун тилладан” деб айтадиган бўлса, албатта худди айтганидек бўлиб чиқади! Бу кишига фиқҳ (илм) шундай муҳайё қилиб берилганки, унда ҳеч қийиналмайдиган бўлиб қолган”.

.

Имом Даровардий раҳимаҳуллоҳдан ривоят:

Ироқ уламолардан бирлари Холид ибн Махладга Мадинаи мунавварадан имом Молик мактуб йўллаб: “(Мадинага) келишингизда Абу Ҳанифанинг китобларидан (қурбингиз етганини) олиб келинг”, дедилар. Имом Холид ибн Махлад имом Моликнинг талабларини бажо этдилар.

 

(2)

Учинчи мазҳабнинг бош имоми Муҳаммад ибн Идрис Аш-Шофеий айтади:

“Фиқҳ илмини талаб қиладиган инсон борки, албатта Абу Ҳанифага қарам бўлур!”.

Яна бир ривоятда: “Одамлар (уламолар) фиқҳда Абу Ҳанифага қарамдирлар!”.

Бу сўзни имом Заҳабий изоҳлаб айтади:

“Фиқҳ ва унинг нозик масалаларида имомлик (пешқадамлик) мана шу имом (Абу Ҳанифа)га тапширилган (ҳамма бу кишининг чуқур илмларига таслим бўлган). Бунда ҳеч қандай шубҳа йўқ. У кишининг сийратлари (таржимаи ҳоллари)ни баён қилиш учун икки жилдли китоб ёзиш керак бўлади. Аллоҳ у кишидан рози бўлсин ва Ўз раҳматига олсин…”.

 

(3)

Табаи тобеийларнинг энг буюк имомларидан бирлари – имом Абдуллоҳ ибн Муборак раҳимаҳуллоҳдан сўралди:

(Имом) Молик фақиҳроқ (илмлироқ) бўлганми ёки Абу Ҳанифами?

У киши жавоб берди:

“Абу Ҳанифа!”.

Бошқа ривоятда келишича: “Абу Ҳанифа энг фақиҳ (энг илмли) инсон. (Яъни, саҳобалар ва тобеинлардан кейинги даражада). “Бирор бир масалада асар (оят ёки ҳадис ёки саҳобаларнинг сўзлари) ривоят қилинмаган бўлса, бизнинг наздимизда, Абу Ҳанифанинг сўзлари бошқа уламоларнинг сўзларидан кўра эътиборлироқдир”.

Яна бир ўринда мана бундай дедилар:

“Аллоҳ менга Абу Ҳанифа ва Суфён (Саврий)ни сабаб қилиб ёрдам бермаганида омма одамлардан ҳеч қандай фарқим бўлмасди. (Яъни, илмсиз бўлиб ўтиб кетаверардим).

(4)

Имом Абу Юсуф (имом Абу Ҳанифанинг катта шогирдлари)дан сўралди:

Аллоҳ сизни мана бундай мартабага кўтарди. (Ўша даврдаги Ислом халифалигининг энг олий қозиси бўлганлар). Сиз шу мартабадан кўра афзалроқ мартабага кўтарилишни орзу қилганмидингиз?

У киши жавоб берди:

«Ҳа. Мен (имом) Ибн Аби Лайлодек гўзал инсон, (имом) Мисъар ибн Кидом каби зоҳид, (имом) Абу Ҳанифадеб фақиҳ (уламо) бўлишни орзу қилардим».

Имом Абу Юсуфнинг ушбу орзуларини амирул-мўминин Халифа Ҳорун Ар-Рашидга етказишганда у киши айтдики:

“(Имом) Абу Юсуф орзу қилган нарса халифаликдан ҳам олийроқ мартаба!”.

(5)

Имом Язид ибн Ҳорун айтади:

“Мен кўрган фуқаҳо (уламо)ларнинг энг илмлиси Абу Ҳанифадир!”.

Бошқа ривоятда айтади:

“Мингта фуқаҳо (уламо)дан таҳсил олдим, уларнинг аксариятларининг илмларини ёздим. Уларнинг ичларидан энг илмлилари, энг тақволилари деб топганларим бешта уламо эди. Ана шу бешта (энг илмли ва энг тақволи уламолар)нинг биринчилари Абу Ҳанифадир!”.

Яна бир ўринда: “Абу Ҳанифадан кўра ҳалимроқ инсон кўрмадим”, деди.

(6)

Имом Яҳё ибн Қаттон айтади:

“Аллоҳнинг ҳузурида ёлғон гапирмаймиз. Абу Ҳанифанинг раъйлари (илмий қарашлари)дан кўра афзалроқ раъйни эшитмаганмиз. Дарҳақиқат, у кишининг аксар сўзларини (фатволарини биз ҳам) қабул қилганмиз!”.

(7)

Имом Сулаймон Ал-Аъмашдан бир масаланинг ҳукми сўралди. У киши деди:

“Бундай масалаларни Нўъмон ибн Собит (Абу Ҳанифа) яхши билади. (Яъни, мендан сўрашнинг ўрнига имом Абу Ҳанифага бориб сўранглар). У кишининг илмига барака нозил бўлган деб ҳисоблайман”.

(8)

“Абу Ҳанифани фақатгина ҳасадгўй ёки жоҳил кимса ёмонлайди”.

(Имом Абдуллоҳ ибн Довуд ибн Омир Ал-Хурайбий)

(9)

“Абу Ҳанифанинг сўзлари (чуқур илмлари) қилдан ҳам нозикдир, уни фақатгина илмсиз кимса (тушунмаганлиги туфайли) айблаши мумкин”.

(Ҳафс ибн Ғиёс раҳимаҳуллоҳ)

(10)

Имом Жарир айтди:

Менга (имом) Муғира (насиҳат қилиб): “Абу Ҳанифанинг суҳбатларида ўтиргин, фақиҳ (олим) бўласан! Агар (имом) Иброҳим Ан-Нахаий тирик бўлганида, у киши ҳам албатта (Абу Ҳанифанинг суҳбатларида) ўтирарди”.

(11)

“Абу Ҳанифанинг илми билан замондошларининг илми тарозига қўйиб ўлчанадиган бўлса Абу Ҳанифанинг илми албатта уларни босиб кетади”.

(Али ибн Осим раҳимаҳуллоҳ)

Манбалар:

* Имом Абу Жаъфар Ат-Таҳовийнинг “Уқудул-жумон фий маноқиби Аби Ҳанифа Ан-Нўъмон” китоби.

* Имом Шамсиддин Аз-Заҳабий (Аш-Шофеий)нинг: “Сияри Аъломин Нубало” китоби.

* Имом Муҳйиддин Абдулқодир ибн Муҳаммад ибн Наср ибн Солим Ал-Ҳанафийнинг “Таҳзибул асмоул воқеа фий Ал-Ҳидоя ва Ал-Хулоса” китоби

Муҳиддин Обидхон қори ўғли