Автобусда ҳалок бўлганларни шаҳид деб айтиш мумкинки?

Савол:

Қозоғистонда ёниб кетган автобусда ҳалок бўлганларни шаҳид деб айтиш мумкинки?

Жавоб:

Шахсларини таъйинлаб «фалончи, пистончи шаҳид» деб қатъиян гувоҳлик беролмаймиз. Зеро, ҳар бир шахснинг махфий ҳолатларини Ягона Аллоҳнинг Ўзи билади. «Саҳиҳул Бухорий»нинг Жиҳод китобида «Фалончи шаҳиддир деб айтилмайди» деган боб мавжуд. Ана шу бобда имом Бухорий мавзуга алоқадор ҳадисларни ривоят қилиб келтирганлар.

Биз инсонларнинг зоҳирларини эътиборга олишга буюрилганмиз. Шундай экан, бу фожиада ҳалок бўлган ватандошларимизнинг барчалари муборак диёримизнинг мўмин-мусулмон ўғлонларидир, зоҳирлари уларнинг шаҳид бўлганликларини кўрсатмоқда.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ёнғинда ҳалок бўлганлар шаҳидлик ажрига мушарраф бўлишларини башорат берганлар.

عن جَابِر بْنَ عَتِيكٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ :
«مَا تَعُدُّونَ الشَّهَادَةَ ؟ قَالُوا : الْقَتْلُ فِي سَبِيلِ اللهِ تَعَالَى . قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ : الشَّهَادَةُ سَبْعٌ سِوَى الْقَتْلِ فِي سَبِيلِ اللهِ : الْمَطْعُونُ شَهِيدٌ ، وَالْغَرِقُ شَهِيدٌ ، وَصَاحِبُ ذَاتِ الْجَنْبِ شَهِيدٌ ، وَالْمَبْطُونُ شَهِيدٌ ، وَصَاحِبُ الْحَرِيقِ شَهِيدٌ ، وَالَّذِي يَمُوتُ تَحْتَ الْهَدْمِ شَهِيدٌ ، وَالْمَرْأَةُ تَمُوتُ بِجُمْعٍ شَهِيدٌ».
رواه أحمد (23804) وأبو داود (3111) والنسائي(1846) وصححه الألباني في صحيح أبي داود .

Бир куни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаи киромларга савол бердилар: шаҳидликни нима деб ўйлайсизлар?

Саҳобалар: Аллоҳ йўлида қатл этилиш, деб жавоб беришди.

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

«Шаҳидликнинг Аллоҳ йўлида қатл этилишдан ташқари яна етти хил тури бор. (1) Матъун (вабо касаллиги билан вафот этган киши) шаҳиддир, (2) сувга ғарқ бўлиб ўлган киши шаҳиддир, (3) зотул-жанб (рак ёки саратон) касаллиги билан ўлган киши шаҳиддир, (4) мабтун (қорин оғриғи ёки ички аъзоларига талофат етиши туфайли ўлган киши) ҳам шаҳиддир, (5) ёнғин соҳиби (ёниб кетиб ўлган инсон) ҳам шаҳиддир, (6) ҳадм (қулаб тушган бино) остида қолиб ўлган киши ҳам шаҳиддир, (7) қорнида боласи бўлган аёл вафот этса, у ҳам шаҳиддир!».

(Аҳмад, Абу Довуд, Насоий ривоятлари, Албоний ва бошқа муҳаддислар: саҳиҳ).

Демак, шаҳидлик турлари саккиз хил бўлиб, уларнинг энг афзали Аллоҳ йўлида қатл этилишдир. Аллоҳ йўлида қатл этилишнинг фазилатлари ҳақида жуда ҳам кўп ояту ҳадислар собит бўлган. Ундан кейинги даражадаги шаҳидлик турлари юқоридаги ҳадиси шарифда зикр қилинди.

Автофалокатда ҳалок бўладиган кишиларга кўпинча икки турли шаҳидлик насиб бўлади. Биринчиси, худди қулаб тушган бино остида қолган шаҳидлардек бўлиш, иккинчиси фалокат ортидан рўй берадиган ёнғин туфайли вафот этиш.

Валлоҳу аълам.

Аллоҳ таоло барчаларимизни турли-туман бало-мусибатлардан асрасин, ҳалок бўлган шаҳидларимизни Ўз раҳматига олсин, беморларимизга шифои комил берсин, яқинларига сабру сабот насиб этсин, мазлум иснсонларнинг ҳақ-ҳуқуқларини талон-тарож қилиб ётган золимларни Ўзи ҳалок қилсин, узоқ йиллар зулму стам остида қолган халқимизга тезроқ нажот ва нусрат ато айласин, муҳтожларга ёрдам қўлларини узатаётган аҳли хайрларга Ўзининг чексиз баракотларини ёғдирсин…

«Ислом Овози» таҳририяти

•┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈•

https://telegram.me/islomovozi