Имом Суфён Саврий

Бўлимлар: Рисолалар

(Уламолар ҳаёти ҳақида туркум мақолалар)

* Суфён ибн Саид Ас-Саврий раҳимаҳуллоҳ 97 ҳижрий (716  милодий) санада таваллуд топиб, 161 ҳижрий (777 милодий) санада вафот этган буюк табаи-тобеий имомлардан.

* Онаси у кишини ёшлик чоғида илм ва амалга чорлаб: “Сен илм талаб қил, мен эса сенинг рўзғорингни тўлиқ таъминлаб тураман. Ўнта ҳадис ёзганингдан сўнг ўзингга қара, (иймонинг ва солиҳ амалинг) зиёда бўлса давом эт, бўлмаса тўхта!”. (Яъни, “ўрганаётган илмингга амал қилиб бор”).

* Суфён Саврий ўсмирлик ёшидаёқ илм билан машҳур бўлди. Валид ибн Муслим раҳимаҳуллоҳ айтади:

“Суфённи Маккада кўрганимда ҳали соқоли чиқмасидан туриб одамлар у кишидан фатво сўрашарди”.

* Аллоҳ таоло имом Суфённинг дуосини ижобат этиши:

Суфён Саврий мансаблардан қаттиқ тийилиш билан танилган. Ўша даврдаги аббосий давлатининг халифалари у кишини Ислом оламининг олий маҳкамасига бош қози этиб таъйинлаш учун аскарларга “имом Суфённи қаердан бўлса ҳам топиб келинглар”, деб фармон чиқарганлар.

Халифа Абу Жаъфар Ал-Мансур аввал имом Абу Ҳанифани қози қилишга ҳаракат қилиб кўндиролмаган. Имом Абу Ҳанифа унинг қамоғида вафот этганидан сўнг имом Суфённи қози қилиш ҳаракатига тушиб, у кишини жиддий қидира бошлаган. Имом Суфён ундан беркиниб, ўзи ишонган уламолар ва толиби илмларнинг уйларида яшаб, илм тарқатишда давом этган.

Орадан йиллар ўтиб халифа Абу Жаъфар вафот этади. Ундан кейин унинг ўғли Маҳдий халифаликка ўтириб, имом Суфённи қидиришда яна давом этади ва у кишини хоҳ тирик хоҳ ўлик ҳолда топиб келадиган одамга катта мукофотлар ваъда қилади.

Имом Суфён беркиниб яшашдан чарчаганидан сўнг халифага: “Сен мени қувғин қилдинг, уйсиз қолдирдинг, қўрқувга солдинг! Энди мен билан сенинг ўртамизда Аллоҳ Ўзи ҳукм чиқаради! Ушбу мактубимга сенинг жавобинг етиб келишидан олдин Аллоҳ Ўзи менга энг яхши ечимни танлаб беришини Ягона Ўзидан умид қиламан”, деган мазмунда мактуб йўллайди.

Имом Суфённинг хати етиб бориши биланоқ халифа Маҳдий дарҳол: “бўлди, мен сизни қидиришдан тўхташ учун фармон чиқардим, хоҳлаганингиздек бемалол яшайверинг”, деган маънода жавоб ёзади.

Бироқ, унинг мактуби етиб келмасидан туриб имом Суфён Аллоҳнинг ҳузурига риҳлат қилган бўлади.

Аллоҳ у кишини Ўз раҳматига олган бўлсин.

* Зоҳидлик таърифи Суфён сўзларида:

“Зоҳидлик қотган нон ейиш, дағал кийим кийиш билан эмас, балки орзу-ҳавасларни камайтириш ва ўлимга тайёр туриш билан бўлади!”.

* Риёдан огоҳлантириши:

“Амалингни бузадиган нарсадан қаттиқ ҳазар қилгин! Амални бузадиган бало – риёдир!”.

(“Маворидуз-замъон” китоби: 4/120)

* Суфён Саврий ҳақида уламоларнинг гувоҳликларидан намуналар:

Суфён Саврий иккинчи ҳижрий асрда “Ҳадис соҳасида мўминлар амири” деган лақаб билан номланган энг биринчи имом бўлганлар. Кейинчалик учинчи ҳижрий асрда имом Бухорий етишиб чиққанидан сўнг бу лақаб Бухорийга нисбатан айтиладиган бўлди.

* Имом Шуъба ибн Ҳажжож Суфён ҳақида айтади:

“Суфён тақво ва илм билан халойиққа етакчи бўлди”.

* Имом Қабиса ибн Уқба айтади:

“Суфён билан қачон бир суҳбатда ўтирадиган бўлсам албатта ўлимни эслардим. У киши одамларга ўлим келиб қолишини энг кўп эслатиб турадиган киши эди”.

* Имом Заҳабий айтади:

“Суфён зоҳидликда, ибодатда, Аллоҳдан қўрқишда бош имом эди, ҳамда (илмларни) ёд олишда ҳам бош имом бўлди, ҳадису ривоятлар илмида ҳам, фиқҳ илмида ҳам бош имом эди. Аллоҳ йўлида ҳар қандай маломатчининг маломатидан қўрқмас эди…”.

Муҳиддин Обидхон қори ўғли

•┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈•

https://telegram.me/islomovozi