Зикру Қуръон мўминлар учун енгилмас қўрғон

Савол:

Кишининг қалбида иймон мустаҳкам ўрнашган бўлса, унинг устида шайтонларга йўл йўқ, деб эшитган эдим.

Бир биродарнинг ота-онаси фолбинга бориб: «боламизни бир нарса қилиб беринг, динга жуда берилиб кетди…», деган маънода. Шунда фолбин: «мени бу болага кучим етмайди», дебди.

Бу ҳақда биз қандай тушунчада бўлишимиз керак, фолбинни муттаҳам эканлигини, ғайбни билмаслигини, кофир эканлигини биламиз.

Лекин Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга ҳам сеҳр таъсир килган-ку ?

Нима учун бу фолбин «мени кучим етмайди», деганикин?

Жавоб:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бир марта сеҳр таъсир қилганлиги имтиҳон ва илоҳий ҳикмат бўлган, у киши ҳам оддий бир инсон эканликларини кўрсатиш учун. Лекин у сеҳр ақл-ҳушларига таъсир қилган эмас, соғликларига бироз азият етказган, холос. Кейин Жаброил алайҳиссалом келиб сеҳр қилинганликларини хабар берганлар ва Фалақ, Ан-Нас суралари нозил бўлган.

Кимки Аллоҳга иймон келтирган ҳолида ушбу сураларни ҳамда Фотиҳа, Ихлос сураларини, Оятул-курсийни, саҳиҳ ҳадисларда келган зикрларни ҳар куни эрталаб ва кечқурун ўқиб юрса албатта шайтонлар, жинлар ва уларнинг малайлари бўлмиш сеҳргару фолбинлардан омонда бўлади.

Тақволи ҳаёт кечириб, доимо Аллоҳга ибодат қилиб, кундалик зикрларни канда қилмасдан юрадиган мўмин кишига сеҳр таъсир қилмаслиги, кўз ҳам тегмаслиги очиқ-ойдин ҳақиқат.

Инсоннинг Аллоҳга бўлган ихлоси заифлашса, кундалик зикрларни тўла ишонч билан ўқимаса, дунё ишларига қаттиқ берилиб кетиб ғофил бўлиб қолса, ана шундай ҳолатларда сеҳргарларнинг сеҳри таъсир қилиши хатари кучаяди.

Сеҳрланиб қолган кишилар ҳеч қачон Аллоҳнинг марҳаматидан умидларини узмасинлар!

Тавба-тазарру ва зикру дуолар билан ҳар қандай сеҳрни енгиб йўқ қилиш мумкин.

Қуръони карим барча касалликларга шифодир.

Аллоҳ тақдирда кимга қандай имтиҳон – мусибат битиб қўйган бўлса, ундан асло қочиб қутулиб бўлмайди.

Ҳар қандай ҳолатда ҳам барибир Ягона Аллоҳнинг Ўзига ёлвориб дуо-илтижолар қилишимиз даркор.

Биз – бандалар Ислом шариати кўрсатгандек яшашимиз керак. Шунда икки оламда бахтли бўламиз.

Валлоҳу аълам.

(Муҳиддин Обидхон қори ўғли жавоб берди)

•┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈•

https://telegram.me/islomovozi