Намозни адашмай ўқиш учун нима қилсам бўлади?

Бўлимлар: 02. Намоз

Савол:

Ассалому алайкум … Менинг ёшим 22 да, ҳали уйланмаганман. Мен Қуръон ўқишни биламан, оз-моз диндан ҳам хабарим бор. Лекин намозни мукаммал ўқий олмаяпман деб қўрқаман. Намозда кўп адашиб кетаман, ҳатто ҳар бир ракъатда. Ҳар қанча адашмай деб ҳаракат қилсам ҳам барибир адашаман. Шунга кўп намозимда саждаи саҳв қиламан. Бу ҳолат 3-4 йилдан бери бўляпти.

Намозни адашмай ўқиш учун нима қилсам бўлади?

Жавоб учун олдиндан раҳмат.

Жавоб:

Аллоҳ Ўзи сизни ҳақ йўлда собит қилиб, фикр-хаёлингизни ибодатга жамул-жам этишга муваффақ айласин.

  1. Аллоҳ таолога доимо дуо-илтижолар қилиб юринг;
  2. Кундалик ҳаётингизда тақвойингизни кучайтиринг;
  3. Жамоат намозларга масжидга эртароқ келиб, суннат ва нафл намозларни ўқиб, фарз намозларга руҳан кўпроқ тайёрланинг;
  4. Бутун коинотни яратган энг Буюк Зотнинг ҳузурига кираётганингизни чин қалбингиз билан ҳис қилинг;
  5. Ҳар куни Қуръони каримни кўп-кўп тиловат қилиб юришга одатланинг.

Шунда намозларингизда фикрингиз бошқа жойларга кетиб қолишидан қутуласиз, ибодатларингизда адашмайдиган бўласиз.

Намозни мукаммал хушуъ билан бажо этиш учун доимий ҳаракатда бўлишимиз даркор.

Парвардигоримиз марҳамат қилади:

{قَدْ أَفْلَحَ الْمُؤْمِنُونَ (1) الَّذِينَ هُمْ فِي صَلَاتِهِمْ خَاشِعُونَ (2) وَالَّذِينَ هُمْ عَنِ اللَّغْوِ مُعْرِضُونَ}

«Дарҳақиқат, мўминлар нажот топдилар. Улар намозларида хушуъ (Аллоҳ таолога қўрқув, умид, муҳаббат) билан бўйин эгувчи ва беҳуда – фойдасиз нарсалардан юз ўгиргувчи кишилардир …».

(Мўминун сураси, 1-3 оятлар).

Гуноҳ ишларнинг кўплиги, турли-туман ўйин-кулгулар билан вақтни исроф қилиш, ҳар-хил кино-филмларни томоша қилавериш, дунё ишларига қаттиқ берилиш каби нарсалар ибодат асносида хушуъ қилолмасликка сабаб бўлади.

Меҳрибон Раббимиз Аллоҳ Ўзи бизларни барча ибодатларни мукаммал адо этишга муваффақ айласин…

(Муҳиддин Обидхон қори ўғли жавоб берди)

•┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈•

https://telegram.me/islomovozi