Олтинчи ҳадис: Энг афзал амал нима?

Олтинчи ҳадис

Энг афзал амал нима?

عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ مَسْعُودٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّم:
أَفْضَلُ الأَعْمَالِ الصَّلاةُ لِوَقْتِهَا وَ بِرُّ الْوَالِدَيْنِ
رَوَاهُ مُسْلِم.

Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан ривоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Амалларнинг афзали намозни ўз вақтида ўқиш ва ота-онага яхшилик қилишдир». (Муслим ривоятлари).

***

Бу ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга Исломдаги энг афзал амал ҳақида хабар бердилар. Исломдаги амалларнинг ҳаммаси ҳам яхши ва фойдалидир. Аммо уларнинг ичида баъзиларини энг яхши, деб айтилади. Демак, Исломдаги иккита энг яхши амалнинг бири намозни ўз вақтида ўқиш экан. Нима учун? Чунки намоз Ислом динидаги бешта асосий фарзнинг иккинчиси саналади. Инсон энг биринчи «Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур Расулуллоҳ», деб иймон келтириши керак. Шундан кейин покланиб, намоз ўқишга бошлаши лозим. Бўлмаса унинг иймони ҳақиқий бўлмайди. Аллоҳ таоло иймон келтирган одамларни бир кунда беш маҳал намоз ўқишга буюрган.

Намоз ўқишнинг фойдалари жуда кўп. Масалан, намоз ўқийдиган боланинг кийимлари доимо озода, баданлари тоза бўлади. Бундай бола ёмон ишлардан узоқ юради. Чунки намоз инсонни ҳамма гуноҳлардан қайтаради. Намоз ўқийдиган одам яхши биладики, агар гуноҳ ишларни қилса, Аллоҳ уни яхши кўрмайди ва намозини ҳам қабул қилмайди. Шунинг учун намоз ўқийдиган одам зарарли ва уят ишлардан сақланади. Билмасдан нотўғри ишларни қилиб юрган бўлса ҳам намоз ўқишни бошлагандан кейин фақат савобли амалларни қиладиган бўлади.

***

Намознинг фойдаларидан яна бири шуки, у инсонга вақтни эслатиб туради. Намоз ўқийдиган одам вақтга эътибор беришга бошлайди. Чунки Аллоҳ бизга намозни ўз вақтида ўқишни буюрган.

Вақт – жуда ҳам қимматли неъмат. Вақт бизнинг умримиздир. Уни бефойда ўтказмаслик керак.

Аллоҳ таоло мусулмонларга ҳамма ишларни ўз вақтида бажаришни буюрган. Шулар қаторида намозни ҳам вақтида ўқишни тайинлаган. Намозни вақтидан кечиктириб бўлмайди. Энг буюк Зот – Аллоҳ буюрган ишни ўз вақтида бажариш ҳақиқатан ҳам энг яхши амал бўлади.

Намоз ўқиш Аллоҳ билан сўзлашишдир. Иймонли инсон Аллоҳ билан сўзлашишни яхши кўради. Шунинг учун у намоз вақти бўлиши биланоқ ҳамма ишини тўхтатиб, намозга киришади. Намозни ўз вақтида бажо қиладиган одам бошқа ишларни ҳам вақтида бажаришга ўрганади.

Баъзи болалар намоз пайти бўлганда дангасалик қилиб қоладилар. Азон айтилса ҳам ўйнаб ўтираверадилар. Бу яхши одат эмас. Ақлли бола эса намоз вақти яқинлашганини ўзи билади. Биров айтмаса ҳам таҳорат қилиб, тайёргарлик кўришга бошлайди. Ҳаммамиз ана шундай боладан ибрат олишимиз керак.

***

Болалар, энг яхши амаллардан яна бири ота-онанинг хизматларида бўлиш ва уларнинг дуоларини олишдир. Бу ҳақда иншоаллоҳ, кейинги ҳадисларда тўхталамиз.

***

Хулосалар:
1. Исломда Аллоҳ буюрган яхши ишлар жуда кўп. Энг яхши амал намозни ўз вақтида ўқиш ва ота-онага яхшилик қилишдир.

2. Намозни ўз вақтида ўқиш кишининг иймони ва ақли кучли эканига далил бўлади.

3. Намозни кечиктирмай ўқиб юрадиган одамнинг дунё ва Охиратдаги ишлари ўнгидан келади. Бундай одам бошқа ишларни хам ўз вақтида бажарадиган бўлади.