Ошуро рўзаси келаётган шанба куни

Ўтган пайшанба янги ҳижрий сана 1439 йил муҳаррам ойи бошланди.

Шундай экан, бу йилги Тосуо (9-муҳаррам) 2017 йил 29-сентябр жума куни, Ошуро (10-муҳаррам) эса унинг эртаси 30-сентябр шанба кунига тўғри келади.

Маълумки, муҳаррам ойининг тўққизинчи ва ўнинчи кунлари рўза тутиш суннат, ўтган бир йиллик гуноҳларимиз кечирилади ва улуғ савоблар ёзилади иншоаллоҳ.

Аллоҳ барчалармизни манфаатли илмлар ва солиҳ амалларга муваффақ қилиб, Ўз даргоҳида ҳусни қабул айласин.

Ошуро Исломдаги улуғ айёмлардан биридир. Ошуро кунида Фиръавн ва унинг аскарлари денгизга ғарқ қилиниб, Мусо алайҳиссалом ва у кишига эргашган мўминлар унинг зулмидан нажот топганлар.

Шу туфайли Мусо алайҳиссалом Аллоҳ таолога шукроналар айтиб, ҳар йили ана шу кунда рўза тутар эдилар.

Кейин Муҳаммад алайҳиссалом пайғамбар бўлиб келганларидан сўнг «Мусога энг ҳақли (энг яқин биродар) бўлганлар бизмиз» деб, мўмин-мусулмонларни ушбу кунда рўза тутишга тарғиб этганлар.

Ўзларини «биз Мусо умматимиз» деб даъво қиладиган, аммо Мусо алайҳиссалом эргашган ҳақ динни ўзгартириб, Таврот китобини бузиб ташлаган яҳудийларга ўхшаб қолмаслигимиз учун фақат Ошуро кунининг ўзини эмас, балки Тосуо кунини ҳам қўшиб (икки кун) рўза тутишимиз афзаллиги ҳадисларда баён қилинган.

Қуйидаги ҳаволалар орқали устозимиз Обидхон қори аканинг ушбу мавзуга оид суҳбатларидан кўпроқ фойдалар олишимиз мумкин, Аллоҳ у кишига шифойи комил ато этсин:

Ошуро – йилнинг қутлуғ куни

Ошуро рўзаси ҳақида 10 ҳадис

Сафарда Ошуро рўзасини тутиш жоизми?

Ошуро рўзасининг фазилати ҳақида эслатма

•┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈•

https://telegram.me/islomovozi