Бомдоднинг қазоси, бомдоддан сўнг ухламаслик ва салавотнинг арабча матни

Сизларга саволим бор эди:

1. Бомдод намозидан кейин ухлаб бўлмайдими?

2. Бомдод номозининг қазоси қайси пайт ўқилади?

3. Жума куни кўп салавот айтилиши керак, иложи бўлса қайси салавотлар?

Саодат.

Жавоблар

Биринчи масала:

Бомдод намозидан кейин Қуёш чиқиб бир найза миқдорича кўтарилгунга қадар ухламасдан тонгги зикрларни ўқиб, Қуръони каримни тиловат қилиб ўтириш афзал. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам, саҳобалар ва салафи солиҳлар зуҳо вақтигача ухламасдан, ибодат билан банд бўлардилар.

Шунинг учун ҳам бомдоддан кейиноқ уйқуга қайтиш макруҳ саналади, бироқ ҳаром дейишга ҳужжат йўқ. Валлоҳу аълам.

Қуёш кўтарилгунча жойнамозда ўтириб, зикру тиловатлар қилиб, ишроқдан сўнг 2 ракъат ёки 4 ракъат ёки кўпроқ нафл намоз ўқисангиз, кейин ҳовлига чиқиб тоза ҳавода яна бироз тиловат қилиб ёки ҳаётий муҳим ишларни бажариб юрсангиз Аллоҳнинг ҳузурида улкан ажру савобларга эга бўлиш билан бирга соғлик-саломатлигингиз учун ҳам катта фойда-манфаатлар бўлади.

 

عن أنس بن مالك رضي الله عنه قال قال رسول الله صلى الله عليه وسلم: «من صلى صلاة الصبح في جماعة ثم قعد يذكر الله حتى تطلع الشمس ثم صلى ركعتين كانت له كأجر حجة وعمرة». قال: قال رسول الله صلى الله عليه وسلم: تامة تامة تامة ، رواه الترمذي

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:

«Ким бомдод намозини жамоат билан адо этса, сўнг Қуёш чиққунча Аллоҳни зикр қилиб ўтирса, сўнг икки ракъат намоз ўқиса, унга мукаммал, мукаммал ва яна мукаммал ҳаж ва умра қилганлик ажри бўлади».

(Имом Термизий ривоятлари).

Ҳадисда зикр қилинган намозни жамоат билан адо этиш шарти фақат эркаклар учундир. Аёллар эса намозларни уйда ўқишлари афзаллиги бошқа кўп ҳадисларда хабар берилган.

Аёллар ҳам уйларидаги жойнамозларида бомдод намозини ўқиб бўлганларидан сўнг Қуёш кўтарилгунга қадар зикру тиловат қилиб ўтирсалар, сўнг икки ракъат ишроқ ва зуҳо намозини ўқисалар юқоридаги ҳадиси шарифда башорат берилган ажру савобларга эришадилар.

Иккинчи масала:

Бомдод намозини бирор кор-ҳол рўй бериб, ўз вақтида адо этолмай қолса, имкон топиши биланоқ қазосини дарҳол ўқиши керак, ҳатто Қуёш чиқаётган лаҳзага тўғри келиб қоладиган бўлса ҳам.

Чунки Қуёш чиқиш ва ботиш вақтида намоз ўқишдан қайтарилганлиги нафл намозларга тааллуқли наҳийдир, фарз намозларга тааллуқли эмас.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:

«مَنْ أَدْرَكَ مِنْ الصُّبْحِ رَكْعَةً قَبْلَ أَنْ تَطْلُعَ الشَّمْسُ فَقَدْ أَدْرَكَ الصُّبْحَ ، وَمَنْ أَدْرَكَ رَكْعَةً مِنْ الْعَصْرِ قَبْلَ أَنْ تَغْرُبَ الشَّمْسُ فَقَدْ أَدْرَكَ الْعَصْرَ»

رواه البخاري (579) ومسلم (608)

«Ким бомдод намозидан бир ракъатни Қуёш чиқишидан олдин адо этишга улгурса, дарҳақиқат бомдод намозини ўз вақтида адо этибди. Ким аср намозидан бир ракъатни Қуёш ботишидан олдин адо этишга улгурса, дарҳақиқат аср намозини ўз вақтида адо этишга улгирибди».

(Бухорий, Муслим ва бошқа муҳаддис имомлар ривоят қилишган).

Ушбу ҳадиси шарифда бомдод ёки аср намозларини бирон сабаб бўлиб аввалги вақтида ўқолмай қолган киши, бундай фарз намозларни ўз вақтидан яна баттар кечиктирмаслиги кераклиги баён қилинган. Намоз вақтининг энг охирги дақиқасида турган бўлса ҳам уни дарҳол адо этишни бошлаш керак.

Учинчи масала:

Салавот деб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга салавот айтиш кўзда тутилади.

Жума куни хусусан, бошқа кунлар умуман Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга кўпдан-кўп салавотлар айтиб юриш улкан савобли солиҳ амаллардан.

Салавот айтишнинг муттафақун алайҳи (Бухорий ва Муслим ривоят қилишган) ҳадисда келганидек энг мукаммал жумлалари араб тилида мана бундай:

«اللَّهُمَّ صَلِّ عَلَى مُحَمَّدٍ، وَعَلَى آلِ مُحَمَّدٍ، كَمَا صَلَّيْتَ عَلَى إِبْرَاهِيمَ، وَعَلَى آلِ إِبْرَاهِيمَ، إِنَّكَ حَمِيدٌ مَجِيدٌ، وَبَارِكْ عَلَى مُحَمَّدٍ، وَعَلَى آلِ مُحَمَّدٍ، كَمَا بَارَكْتَ عَلَى إِبْرَاهِيمَ، وَعَلَى آلِ إِبْرَاهِيمَ، فِي الْعَالَمِينَ إِنَّكَ حَمِيدٌ مَجِيدٌ».

Валлоҳу аълам.

«Ислом Овози» таҳририяти

•┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈•

https://telegram.me/islomovozi