Қирғиз раҳбарлари, халқ билан бирга бўлинг!

  • Дунёда энг афзал миллат ким?
  • Тенглик бобида илк таълимот;
  • Ҳар бир жон эгаси ҳурматга сазовор;
  • Ислом амаллари тенглик рамзи;
  • «Муҳаммаднинг қизи бўлса ҳам»
  • Бугунги даҳшатли ваҳшийлик;
  • Раҳбарлар, халқ билан бирга бўлинг!

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

Алҳамдулиллаҳи Роббил-аламийн.

Муҳтарам Ўшлик ва Жалолободлик биродарлар, Қирғизистон халқи ва раҳбарлари! Бугун дунё афкор оммаси, хусусан, оламнинг турли бурчакларида яшаётган қирғиз ва ўзбек миллатига мансуб инсонлар сизларнинг юртингизда бўлиб ўтаётган қонли воқеаларни қаттиқ ташвиш ва қайғу билан кузатмоқда. Биз ҳаммамиз сизларнинг мусибатларингизга шерикмиз. Сизларга озгина бўлса ҳам ёрдамимиз тегишини умид қиламиз. Аллоҳ таолодан тез кунларда бу бахтсизликларни бартараф этишини ўтиниб сўраймиз.

Бугун мусулмон мамлакатларни бошқараётган айрим раҳбарлар ва ҳукуматлар сиёсатида оддий халқдан алоҳида бўлиб олиш, уларнинг мусибатларига ўзиники каби қарамаслик, халқнинг муаммоларини ўз муаммосидан кейинда кўриш яққол сезилиб туради. Бугунги раҳбар зотининг кўпчилиги халқнинг эмас, ўзининг шахсий хавфсизлигини кучайтириш ҳақида ўйлайди, ўз мансабида узоқроқ қолиш устида бош қотиради. Айримларининг сиёсатида кучли миллатчилик руҳи устун туради. Яна бирида мусулмонларга бўлган бемаъни адоват ва нафрат турли кўринишларда ўқтин-ўқтин ўзини намоён қилади.

Дунёда энг афзал миллат ким?

Баъзи одамлар табиатидаги миллатчилик иллатини кўриб одам ҳайрон бўлади ва уларга қараб: «Дунёда энг афзал миллат ким?» – деган савол билан мурожаат қилгингиз келади. Энг афзал миллат балки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мансуб бўлган бўлган араб миллатидир? Ёки қирғизми ёки ўзбекми? Агар қайсидир миллат устун бўлиши керак бўлганда албатта Аллоҳ Ўзи танлаган зот бўлмиш Расулуллоҳнинг миллатлари устун бўлмасмиди?!.

Аммо у зот миллатлар ҳақида нима деганлар, мана эшитинг:

«لا فضل لعربي على عجمي ، ولا لعجمي على عربي ، ولا لأبيض على أسود ، ولا لأسود على أبيض – : إلا بالتقوى ، الناس من آدم ، وآدم من تراب». (شرح الطحاوية، الألباني: صحيح).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Арабнинг ажам устидан, ажамнинг араб устидан ҳеч қандай афзаллиги йўқ. Оқ танлининг қора танлидан, қора танлининг оқ танлидан бирор устунлиги йўқ! Илло тақво билангина устун бўлиши мумкин. Инсонлар Одамдан, Одам эса тупроқдан яралган». (Таҳовий шарҳи; Албоний: саҳиҳ).

Тупроқнинг тупроқ устидан нима устунлиги бор? Нима учун тупроқдан бўлган бир миллат тупроқдан яралган бошқа миллатдан ўзини устун қўяди? Нима учун ўзидан бошқа миллатга зулм қилади? Ҳаммани ўзи билан тенг кўриш учун унга нима монелик қилади? Унинг бундай аҳволга келиб қолишига сабаб нима? Бундай тенгсизликнинг илдизи қаерда?

Тенглик бобида илк таълимот

Тенглик ҳамма замонларда энг қимматли қадриятлардан бири бўлиб келган. Дунё халқлари минглаб йиллар давомида тенгсизликдан азоб чекишган. Ҳозир ҳам кўп халқлар шундан азоб тортишмоқда.

Тенглик бобидадаги дастлабки тушунчалар қачон пайдо бўлган? Бу қайси таълимот? Фахр билан айта оламизки, бу Аллоҳнинг таълимоти Исломдир! Аллоҳ инсонларни ер юзига юборган пайтидан бошлаб, бу тушунчани Пайғамбарлар орқали дунё аҳлига етказиб келган.

Тенглик ва эркинликни доимо тарғиб қилиб, амалда татбиқ этган Ислом таълимоти -таажжуб ва ҳайрат билан айтамизки – Марказий Осиё халқлари: ўзбеклару туркманларнинг ҳам, қирғизлару қозоқларнинг ҳам динларидир. Таассуфли ери шундаки, кўпгина одамлар шу динга мансубмиз, деб айтганлари ҳолда ундан кўп нарсани билмаяптилар ёки билганларига амал қилмаяптилар. Баъзилари эса Ислом илмини эмас, ўзлари зарур деб билган дунёвий замонавий билимларни олганлар. Шу билимлари ёрдамида юқори мартабаларни эгаллаганлар. Сиёсатдон бўлиб, давлат ва жамият тизгинларини ўз қўларига олганлар. Улар ўқиган илмлар ичида «тенглик» деган тушунчалар бўлмаганига ишониб бўлмайди.

Маълумки, бугунги дунёда одамлар фойдаланаётган эркинликларнинг кўпини, жумладан, миллатларнинг ўзаро тенглик асосларини 18 асрдаги франсуз революциясига боғлашади. Ўшанда инқилобчиларнинг асосий шиорлари эркинлик, тенглик ва биродарлик бўлган. Дарҳақиқат, булар инсоний шиорлар эди ва мазкур инқилоб инсон зоти борки, қайси миллат эканидан қатъиназар доимо эркинликка, тенгликка ва биродарликка муҳтож эканини, унга интилиб яшаганини кўрсатади.

Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло ҳали одамларнинг фикрларига франсуз инқилоби келишидан аввал ва дунёвий сиёсатчилар бу ҳақда гапира бошлашларидан минг йиллар муқаддам бу тамойилни эълон қилган:

  {يَا أَيُّهَا النَّاسُ إِنَّا خَلَقْنَاكُمْ مِنْ ذَكَرٍ وَأُنْثَى وَجَعَلْنَاكُمْ شُعُوبًا وَقَبَائِلَ لِتَعَارَفُوا إِنَّ أَكْرَمَكُمْ عِنْدَ اللَّهِ أَتْقَاكُمْ} [الحجرات:13].

«Эй инсонлар, Биз сизларни бир эру бир аёлдан яратдик ва бир-бирларингиз билан танишувларингиз учун турли халқлар ва қабилалар қилиб қўйдик. Шубҳасиз, Аллоҳ ҳузурида энг ҳурматли бўладиганингиз энг кўп тақволи бўлганингиздир». (Ҳужурот, 13).

Демак, бирор ирқнинг бошқасидан ёки бир миллатнинг қўшнисидан ортиқ ери йўқ. Ер юзида яшаётган халқлар ва ирқларнинг: орийлар (ҳиндевропа халқлари), сомийлар (вавилонликлар, ошурийлар, қадимги яҳудийлар, қадимий араблар), ҳомийлар ва бошқа халқларнинг бошланиш нуқталари бир ерга бориб тақалади.

Аллоҳ таоло бизга қадимги халқлар ҳаётидан ибратли ҳикоялар қилган:

وَإِلَى عَادٍ أَخَاهُمْ هُوداً قَالَ يَا قَوْمِ اعْبُدُواْ اللّهَ مَا لَكُم مِّنْ إِلَهٍ غَيْرُهُ أَفَلاَ تَتَّقُونَ(65)

«Од қавмига уларнинг биродари Ҳудни элчи қилиб юбордик…» (Аъроф, 65).

وَإِلَى ثَمُودَ أَخَاهُمْ صَالِحًا قَالَ يَا قَوْمِ اعْبُدُواْ اللّهَ مَا لَكُم مِّنْ إِلَهٍ غَيْرُه (73(

«Самуд қавмига уларнинг биродари Солиҳни элчи қилиб юбордик…» (Аъроф, 73).

Ҳуд ва Солиҳ алайҳимассаломлар пайғамбар қилиб юборилган қавмлар динда эмасдилар – кофир қавмлар эдилар. Аммо Аллоҳ таоло уларнинг дин-иймон жиҳатидан эмас, насаб ва қавм жиҳатидан боғликликларига эътибор қаратди ва уларни бир-бирларига ака-укалар, деб зикр қилди. Бу услуб ақидавий-ғоявий жиҳатдан бир-бирига мутлақо тескари бўлган, муроса қилиш эҳтимоллари йўқолаёзган тоифаларни ислоҳ қилишда қимматли аҳмиятга эгадир. Бу оятлар инсонларга ўта қийин вазиятларда ҳам ўзаро муносабатларини тенглик тушунчаси асосида тартибга солиш имкониятлари борлигини кўрсатади.

Ҳар бир жон эгаси ҳурматга сазовор

Одамларнинг Раббилари бир, оталари бир, оналари ҳам бирдир. Аввалда уларнинг динлари ҳам, тиллари ҳам битта эди. Кейин миллатларга бўлиндилар. Аммо инсон қайси миллат, қайси дин вакили бўлса ҳам инсонлигича қолади. Инсонлик сифати эса ҳурматга лойиқ.  

عَن قَيْس بْن سَعْدٍ وَسَهْل بْن حُنَيْفٍ. فَقَالاَ إِنَّ رَسُولَ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم مَرَّتْ بِهِ جَنَازَةٌ فَقَامَ فَقِيلَ إِنَّهُ يَهُودِىٌّ. فَقَالَ: «أَلَيْسَتْ نَفْسًا». (رواه مسلم).

Қайс ибн Саъд ва Саҳл ибн Ҳунайфдан ривоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиларидан бир яҳудийнинг тобути ўтди. Шунда Расулуллоҳ ўринларидан турдилар. Одамлар: «У яҳудий», дейишди. Расулуллоҳ: «Жон эгаси эмасми?!» дедилар. (Муслим). 

عَن جَابِر يَقُولُ قَامَ النَّبِىُّ صلى الله عليه وسلم وَأَصْحَابُهُ لِجَنَازَةِ يَهُودِىٍّ حَتَّى تَوَارَتْ. (رواه مسلم).

Жобир ривоят қилади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва у зотнинг саҳобалари бир яҳудийнинг тобути ўтаётганда ўринларидан туриб, у то кўздан ғойиб бўлгунча кузатиб қолдилар. (Муслим).

Ислом амаллари тенглик рамзи

Ислом дини ҳамма инсонларни иймонга даъват қилиш билан бир қаторда уларнинг ораларида тенглик ғояларини ёяр экан, буни фақат назарий-илмий тушунча сифатида эмас, балки амалий кўринишда ҳам одамларнинг турмуш тарзига айлатирди. Ислом ибодатлари бунга яққол далилдир. Масалан, масжидларга келаётган одамларга қаранг. Улар ичида жамиятнинг ҳамма туридаги табақа вакиллари бор. Эътиборли ери – подшоҳдан тортиб гадогача, вазирдан тортиб қоровулгача, масжид ичида, намоз вақтида бир хил инсонларга айланадилар. Масжидда президент учун алоҳида, ҳарбий кучлар кўмондони учун алоҳида, фуқаролар учун алоҳида ўрин ажратилмайди. Ким биринчи келса, ўша аввалги сафда тураверади. Охири келган одам амалдор бўлса ҳам охирги сафда туриб ибодат қилади. Ибодат вақтида бойлару камбағаллар, вазирлару оддий ишчилар аралаш-қуралаш бўлиб ҳар-хил ўринларда, баъзан ёнма-ён ҳолда Раббиларига теппа-тенг сажда қиладилар.

Ҳаж ибодати мавсуми бошланса, Ислом жорий этган тенгликнинг яна-да ажойиб қирралари намоён бўлади. Масжидда намозда бир сафда ёнма-ён турган бой билан камбағалнинг эҳтимол кийимларида фарқ бордир. Бой чиройлироқ ва қимматроқ, камбағал соддароқ кийингандир. Аммо ҳаж пайтида бу фарқлар ҳам қолмайди. Ҳамманинг эгнида бир хил кийим. Давлат бошлиғию фуқаро ҳам, ҳокиму ишчи ҳам, генералу оддий аскар ҳам ўзларининг ҳаётдаги жамики имтиёзлари ва унвонларига далолат қилувчи барча рамз ва аломатларни бир четга қўйишлари талаб этилади. Ҳаммалари бир хилда икки бўлак оппоқ мато – эҳромга ўранадилар. Кафанликни эслатадиган бу «либос» дарҳақиқат, ҳамма инсонларни Одам фарзандлари эканликлари эътибори билан Аллоҳнинг назарида баробарликларини кўрсатади ва шу билан бир қаторда истисносиз ҳаммаларининг У Зотнинг ҳузурига кетадиган кунлари яқинлашиб келаётганини эсга солади. Одамлар мана энди ҳаётда ким эканликларининг эътибори йўқдек, барчалари бир хил кўринишда турибдилар. Охират сафарига чиққан пайтлари ҳам мана шундай энг оддий ва арзон матога ўралган ҳолларида Аллоҳ ҳузурига кузатиладилар. У ёғи Қиёмат куни эса маҳшар майдонида тенгликнинг ҳаққоний ва аччиқ намойиши бўлади: шоҳу гадо ҳатто кафансиз, яланғоч ҳолда қабрдан турадилар. У пайтда энди Аллоҳ кийинтирган инсонгина кийимли бўлади. Савоби кўпроқ бўлган инсон азизу мукаррам саналади.

Ислом назаридаги тенглик инсонларни бу дунёда ҳуқуқлар ва вазифаларга эга бўлишда баробар ўринга қўйган экан, улар содир этган жиноятлар жазосини олишда ҳам шу мезонни қўллайди. Ҳалол ва ҳаром чегаралари ҳамма учун бир хил. Қилмишга яраша жазо барчага баробар.

«Муҳаммаднинг қизи бўлса ҳам»

Араб қабилалари ичида энг обрўлиси бўлган Қурайшга мансуб уруғлардан бирида ўғирлик содир этилади ва бу жиноятни қилган аёл фош бўлиб қолади. Хонадон аҳли жиноятнинг жазосидан эмас, балки шармандаликнинг ёмонлигидан номус қилишади ва аёлни жазодан озод қилишни илтимос қилиш учун Расулуллоҳ билан гаплашмоқчи бўладилар. Аммо Расулуллоҳ билан ким гаплаша олади? Одамлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг энг яхши кўрган саҳоблари Усома бин Зайд буни бажара олади, дейишади…

Усома келиб масалани баён қилганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу воситачиликдан ниҳоятда қаттиқ ғазабландилар. Сўнг одамлар олдига чиқиб хутба қилдилар. Тарих зарварақларида абадиятга муҳрланган сўзларида шундай дедилар:

 «إنما هلك الذين قبلكم: أنهم كانوا إذا سرق فيهم الشريف تركوه، وإذا سرق فيهم الضعيف أقاموا عليه الحد، وايم الله، لو سرقت فاطمة بنت محمد، لقطعتُ يدها». (رواه البخاريومسلم وأبو داود والترمذي والنسائي وابن ماجة عن عائشة).

«Сизлардан аввал ўтган қавмлар шунинг учун ҳам ҳалок бўлган эдиларки, уларнинг ичидан обрўли одам ўғирлик қилса ўз ҳолига қўйиб қўярдилар. Агар заиф кимса ўғирлик қилса, унга жазо берар эдилар. Аллоҳга қасамки, агар Муҳаммаднинг қизи Фотима ўғирлик қилса ҳам унинг қўлини албатта кесаман!» (Бухорий, Муслим ва бошқлаар).

Ё Аллоҳ! Фотима разияллоҳу анҳо – Расулуллоҳнинг кенжа ва энг суюкли қизлари. Ўзлари билан кейинларидан қолган зурриётлари орасини боғловчи ягона воситачилари. Жаннат аёлларининг саййида ва раисалари…

Жиноятлар жазоси ҳаммага баробар эканлигини таъкидлаш учун шундай шарафга сазовор инсоннинг мисолини келтириш нимани англатади? Бу Ислом улуғлаган тенглик қадриятининг қадри нечоғли баланд ва аҳамиятли эканининг исботидир. Исломда Аллоҳнинг қонунлари олдида бирор шахс, оила ёки уруғ дахлсизлик мақомига эга эмас. Бундай мақомларни биз энди кўраяпмиз. Дахлсизлик мақомларидан холи бўлган адолат тамойилига суянилгандагина тенглик қоим бўлишига ким шубҳа қилади? Ёки бошқа йўли борми? Адолат мавжуд бўлмаган жамиятлар тенгсизлик жамиятлар бўлиб, Расулуллоҳ айтганларидек, улар шаксиз заволга маҳкумдир.

Афсуски қирғиз ҳукуматида ҳозирча мислсиз зулм ва қирғинлар муқобилида адолат нишоналари кўринмаяпти. Раҳбарлар учун зарур бўлган холислик, жасорат ва мардлик қани? Мардлик у ёқда турсин уларда оддий инсоний ирода ҳам етишмаяпти-ку! Раҳбарлар ростгўйлик ва ҳаққонийликдан узоқлашмоқдалар. Қани, қирғиз раҳбари ёки Ўш шаҳрининг мери: «Шу ишларни қилганларни менинг миллатдошларим бўлса ҳам, агар уларнинг ичида менинг қариндошларим бўлса ҳам Қирғизистон қонунлари билан қаттиқ жазолаймиз ёки жазоланишини талаб қиламиз», деб айта оладими? Бу сўзни айтиш жиноятми? Нима учун бундай қатъият ҳеч кимда йўқ? Бу сўзни на Бакиев ва на бошқаси гапираяпти. Нима учун Бакиев ваҳший жиноятчиларни топиб қаттиқ жазолаш талабини ўртага қўя олмаяпти? 5 ёшли гўдак қизчаларни зўрлаб, ўлдирган, бешикдаги болаларгача сўйган, аёлларни дарахтга тириклайин боғлаб ёқиб юборган, эркакларни таҳқирлаб, қийнаб ўлдирган, тана аъзоларини кесиб олганлар ҳақида нима учун бакиевчилар гапиришмаяпти?..

Қани адолат? Қани инсонийлик?

Ҳарбийларнинг жиноятчиларни ушлашнинг ўрнига тинч аҳоли вакилларини, инсон ҳуқуқи фаолларини, журналистларни дўппослаётгани, қамоққа олаётгани, видео-фото материалларни тортиб олаётгани нимани англатади?..

Бугунги даҳшатли ваҳшийлик

Мен бугун 21 июн куни Интернетда бир даҳшатли тасвирни кўрдим. Буни минглаб одамлар кўришди. Ҳали яна юз минглаб, балки миллионлаб одамлар кўришади. Бу тасвир «Ютеб»да бир неча соат турди холос, тезлик билан олиб ташланди. Аммо бошқа сайтларда турибди. У тасвирни қирғиз ҳукумати ҳам, бошқалар ҳам йўқ қила олмаса керак. У тарихга кириб бўлди. Биз Ўш ва Жалолободда одамларни тириклайин ёқилди, деб эшитгандик. Аммо бунинг тасвирини кўрамиз, деб ўйламагандик. Аллоҳ жиноятчиларни мана шундай очиб ташлайди. Уларни ўз қўллари билан ўзларини фош этадиган қилиб қўяди. Агар бу каби жиноятчилар ўз жазосини олмаса, Қирғизистон 21 асрда содир этилган энг мудҳиш қонхўрликка йўл қўйиб берган давлат сифатида тарихга киради. Мана шу тасвирни Ўш ва Жалолобод фожеасининг рамзи, деса бўлади.

Мен бу тасвирни бир марта кўрдиму иккинчи бор очишга ботина олмадим. У ерда 2та инсонни тириклайин оловда куйдиришди. Атрофда 50дан ортиқ оломон томоша қилиб ҳайқириб турибдилар. Улар: «Ўчирма! Ўчирма» деб турибдилар. Ёнаётган инсон фарёд солиб югурди, йиқилди. Йиқилганда биттаси келиб устидан тепиб ўтиб кетди. Бироздан кейин жон ҳолатда туриб яна югурди, сўнг яна йиқилди. Кийимлари бирпасда ёниб кетиб, ўзи яланғоч ҳолда ёна бошлади. Ё Аллоҳ! Бу қандай кўргулик! Бу қандай ваҳшийлик? Эй ваҳший томошабинлар, нима учун бунчалик ёвузлашиб кетгансизлар? Сизлар қайси миллатсизлар, қайси диндасизлар? Қайси уруғдансизлар? Кимнинг боласисизлар? Сизлар фахрланадиган нима бор дунёда? Динми, миллатми, ватанми, ғоями, ота-онами? Қайси ота-она сизларни менинг ўғлим деб айта олади? Қайси раҳбар бу менинг фуқароларим дея олади?

Мен шуни кўрганимдан бери мудҳиш манзарани хаёлимдан ҳайдаб кетказа олмаяпман. Эй томошабин инсонлар, сизлар қандай яшаяпсизлар? Виждон ва иймонингизни ютиб, ҳеч нима бўлмагандек юрибсизларми? Ўзингизни ўзингиз азобламаяпсизларми? Сизлардан биронта одам: “Мен нима иш қилиб қўйдим?! Мен икки инсоннинг тириклайин оловда ёқилишига ҳисса қўшдим – мен жиноятчиман, қотилман. Энди менинг бу дунёга керагим йўқ, мен ортиқча одамман!” деб ўйламаяптими?

Сизлар нима учун шартта кийимингизни ечиб унинг устига ёпмадинглар?.. 

Ё Аллоҳ! Буларни ҳаққу рост Сен яратгансан, Ўзинг йўлга соласанми? Шулар ҳам тавба қиладими? Ёки бу разилларни Ўзинг жаҳаннамга тайёрлаяпсанми?

Эй ваҳшийлар, яқинда сизлар ҳам жаҳаннам оловининг устига олиб бориласизлар, шунга тайёрланинглар!

Раҳбарлар, халқ билан бирга бўлинг!

Эй раҳбарлар, Ўш ва Жалолобод ўзбекларининг ҳурматлари оёқ ости қилинди ва бу давом этмоқда. Текшириш баҳонасида аксарларингиз ўзбекларни отмоқда. Кеча Озодоик радиоси қирғиз аскарлари Ўшда яна уч кишини отгани хабарини тарқатди.

Бугун Наримон қишлоғида махсус кучлар амалиёт ўтказиб 23та инсонни яраладилар. Камида икки кишини отиб ўлдирдилар. Тинч аҳолини калтаклаб таҳқирладилар. Буни кўрган инсон ҳуқуқи фаоллари кўзда ёшлар билан хабар тарқатдилар.

Ўзбек ўликларининг ҳурмати ҳам тирикларникидан ортиқ бўлгани йўқ. Бир қанча жасадлар йиқилган ерларида қолдилар. Уларни қабристонга олиб бориб кўмишга ҳам йўл бермадилар, ўлик кўтарганларни ҳам, кўмаётганларни ҳам отдилар. Шундан уйларда қабристонлар пайдо бўлди. Бунга Қирғизистон ҳукумати аҳамият бермади. Ҳарбийлар тинч аҳолига қарата ўт очишганини инкор қилишаётган экан, унда нима учун ҳукумат ўликларни кўмиш учун ҳарбийлар ҳимоясида масхус комиссия ташкил қилмади? Уларни қабристонларга олиб бориб кўмишни қуроллилар иштирокида ташкиллаштирмади?

Қирғиз раҳбарлари, барча миллатларга баробар муомала қилинг. Миллат аржратманг. Мазлумларнинг, ҳалок бўлганларнинг, оловда ёнганларнинг, номуси топталганларнинг уйларига ўзингиз бориб, уларнинг ҳолидан хабар олинг. Ҳарбийларни тартибга чақиринг. Улардаги халққа бўлган нафратни сўндиринг.

Биламиз, сизга ўзбек сайловчиларнинг овози керак эмас. Сиз уларсиз ҳам сайланасиз. Шунинг учун ҳам Ўшга борсангиз, улар билан учрашмай қайтасиз. Аммо сизларга одамларнинг ҳурмати керак эмасми? Сизлар ўзингиз ўзга миллатлар билан тенглик ва биродарлик намунасини кўрсатмасангиз, фуқаролар кимдан ўрнак олади? Ёки сиз ҳам диктаторлик йўлига қайтмоқчимисиз?

Сизлар Марказий Осиёда биринчи демократия ороли қурдингиз. Одамларга эркинлик бердингиз. Аммо бу эркинликларни охиригича сақлай олмадингиз. Қирғизистондаги ўзгаришлар эркинлик душманларига ёқмади. Қирғизистон халқи, жумладан, мусулмонлар қўшни диктатура тузумидан кўра анча эркин яшаётган эдилар. Мусулмонларнинг душманлари бунга анчадан бери тишларини қайраб келаётган эдилар. Бу қирғиннинг келиб чиқиш сабаблари ичида мана шу омил ҳам бор. Агар Ўшда мусулмонлар эмас, бошқа миллатлар яшаган бўлганда бундай қирғин содир бўлиши қийин эди. Агар Ўшда мусулмонлар эмас, бошқа миллатлар яшаётган бўлиб, улар устида Худо кўрсатмасин, бу қирғиннинг ўндан бири содир бўлганда ҳам атрофдаги ҳукуматлар аллақачон аралашган бўлардилар.

Сизларда ҳам эркинлик, ҳам мусулмонлик бор эди. Сизнинг мамлакатингизга шунинг учун ҳам ҳужум уюштирдилар. Шунинг учун ҳам сизларга ёрдамга келмадилар. Энди сизлар шунинг учун эркинлик йўлидан қайтмоқчимисизлар? Ўзингиз эккан ҳуррият ниҳолини қайтиб бошини кўтара олмайдиган қилиб янчиб ташламоқчи бўлаётганларга қўшилмоқчимисизлар? Ҳарбийларингизни сизга қўшилиб, ўша «ташқи кучлар» ҳам бошқаришига рози бўлаяпсизларми?

Бундай ожизликдан сақланиш учун сизлар халқ билан бирга бўлишингиз, халқнинг дарди билан яшашингиз, ҳаммага баробар адолат қилишингиз керак. Мазлумларга эҳсон, яъни яхшилик қилишда намуна бўлишингиз лозим. Барча миллатларни бирдек тенг кўришингиз зарур. Шунда сиз кучли ва адолатли жамият бўласиз.

Ўзбек халқини қираётганлар қирғиз халқининг ҳам, Исломнинг ҳам, эркинликнинг ҳам, Қирғизистон ҳукуматининг ҳам душманларидир. Биз уларни тез кунда даф этилишини умид қиламиз.

Аллоҳ таолодан Қирғизистон халқига – қирғизларга ҳам, ўзбекларга ҳам, уйғурларга ҳам, дунганларга ҳам, русларга ҳам, бошқа миллат вакилларига ҳам баробар тинч-тотувлик тилаймиз. Қирғизистон раҳбарларига шундай оғир кунларда барча халқларнинг манфаатларини бирдек кўрадиган мустаҳкам сиёсий ирода насиб бўлсин.