Тақдир мавзусида муҳим масала

Бўлимлар: 01. Эътиқод

Савол:

Аллоҳ одамзодни яратаётганида унинг келажагини билганми, ким дўзахга тушишини ким жаннатга киришини биладими?

М.

Жавоб:

Албатта Аллоҳ таоло ҳамма нарсани азалдан биладиган Зот.

Бу мавзу тақдир мавзуси. Тақдирга ишониш ва рози бўлиш иймон рукнларидан бири бўлиб, инкор қилган ёки эътироз билдириб, қарши бўлган инсон Аллоҳга иймон келтирмаган кофир бўлади, гарчи у Худо бор деса ҳам.

Тақдир масаласи ҳақида кўпдан-кўп оят-ҳадислар, Ислом уламоларининг муфассал равишда ёзган асарлари бор.

Биз бу ўринда жуда ҳам қисқа ва мухтасар тарзда тушунтириб ўтишга ҳаракат қиламиз.

Тақдир Аллоҳнинг коинотдаги ажойиб сирру асрорларидан ва мўъжизаларидан биридир.

Инсонлар ўзларидаги ожизона ақл-идроклар билан унинг асл-моҳиятини тасаввур қилолмайдилар ва улар хоҳласалар ҳам хоҳламасалар ҳам барибир Аллоҳнинг коинотда тақдир қилиб қўйган чизиғидан чиқолмасдан яшаб ўтадилар.

Шундай экан, дунё ва Охиратда бахтли ҳаётга эришишнинг энг қисқа ва ягона йўли тақдирга иймон келтириб, Аллоҳ шариатда кўрсатиб қўйган аҳкомларига амал қилиб яшашдир, гарчи тақдирдаги ва шариатдаги барча ҳикматларнинг тагига ета олмаса ҳам.

Шунинг учун ҳам бу дин Ислом – Аллоҳга таслим бўлиш дини деб номланган.

{لَا يُسْأَلُ عَمَّا يَفْعَلُ وَهُمْ يُسْأَلُونَ}. [الأنبياء: 23].

«У Зот Ўзи қиладиган бирон нарса ҳақида сўралмас, улар (яъни, бандалар эса қиладиган ҳар бир иш-амаллари хусусида) сўралурлар».

(Анбиё сураси, 23-оят)

Тақдирнинг инсон ақли тасаввур қилолмайдиган ажойиботларидан бири шуки, Қандай қилиб инсоннинг тақдирига бир нарса битиб қўйилган бўладию, яна у ўша нарсани ўз ихтиёри, ўз ақл-идроки ва ўзининг саъй-ҳаракати билан бажаради?

Асосий нуқта мана шу ерда.

Бу нарса шундай бир илоҳий мўъжизаки, унинг асл моҳиятини инсон ақли бу дунёда тасаввур қилолмайди (Инсон ақли тасаввур қилолмайдиган илоҳий мўъжизалар нақадар кўп). Ҳақиқий инсоний ақлга эга бўлган мўминлар ушбу илоҳий мўъжизани чин қалблари билан эътироф этадилар, бу борада дин ва дунё ишларининг ўртасини ажратмасдан, ҳар иккисига бир хил муносабатда турадилар.

Кимдир тақдир масаласида дин ва дунё ишларининг ўртасини ажратиб, иккаласига икки хил муносабатда турадиган бўлса, у инсон ўзини ўзи мажнунлар сафига қўшиб қўйган бўлади.

Бунга бир мисол билан изоҳ берамиз.

Баъзилар тақдирга эътироз билдириб: «Агар Худо тақдирда мени кофир бўлишимни ёзиб қўйган бўлса, нима учун мендан мусулмон бўлишимни ва шариатга амал қилишимни талаб қилади?», дейди.

Агар у инсон айни шу мантиқни дунёвий ишларига ҳам татбиқ этиб яшамоқчи бўлса ҳамма унга «бу жинни бўлиб қолибди» деб ҳукм чиқаради. Чунки, у дунё ишларида ҳам – масалан – «агар Худо мени очдан ўлишимни тақдирда ёзиб қўйган бўлса нима учун ўзимни ўзим қийнаб тирикчилик қилишим керак?», деб ётиб олса ва ўзини ўзи очлик билан ўлиб кетишга маҳкум этса, одамлар унга қандай таъриф берадилар?

Энди, дин билан дунёнинг орасини ажратиб, дунё ишларида тақдирга таслим, пешонасига нима битилган бўлса рози бўлиб, шу билан бир вақтнинг ўзида тирикчилик йўлида барча ақл-заковатини ва куч-қувватини ишга солиб ҳаракат қилсаю, дин масаласи, шариатга амал қилиш мавзуси келганда таслим бўлмаса, бу одамни нима деб таърифлаш мумкин? Бу инсон билан нариги инсон ўртасида қандай фарқ бор?

Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло бир қанча оятларда кофирларни ақлларини ишлатмасликда айблаган. Чунки бу масалада дин билан дунё орасини ажратиш мутлақо ақлга зид нарса.

Ақлли инсонлар ҳеч қачон бундай мантиқ билан яшамайдилар.

Улар дунё ишларида тақдирга таслим бўлиб, тирикчилик йўлида қўлларидан келганича ҳаракат қилиб, дунёвий илмларни ўрганиб, моддий ҳаётларини мукаммаллаштиришга уриниб яшаганларидек, Дин ишларида ҳам тақдирга иймон келтириб, қўлларидан келганича Шариат илмларини ўрганиб, унга амал қилиб, руҳий-маънавий ҳаётларини камолига етказишга ҳаракат қилиб, Аллоҳга таваккул этиб, У Зотнинг Ягона Ўзидан дуо-илтижолар билан мадад сўраб, илоҳий имтиҳонлардан аъло баҳолар билан ўтиб олишга ҳаракат қиладилар.

Зеро, дин ва дунё, руҳ ва бадан бир-бирига чамбарчарс боғланган ҳақиқатдир. Жонсиз бадан ўлганлиги ва чириб йўқ бўлиб кетиши муқаррар бўлгани каби, Динсиз дунё ҳам ўлик ва хароб бўлиши муқаррардир. Аллоҳ асрасин…

Валлоҳу аълам.

«Ислом Овози» таҳририяти

Алоқадор мавзулар:

•┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈•

https://telegram.me/islomovozi