Қирғин тўхтамаяпти, ваҳшийларни дуои бад қилсак бўладими?

Қирғизистонда давом этаётган, қалбларимизни азоблаётган мудҳиш қирғин ҳаммамизнинг  баробар ғамимиз ва қайғумизга айланган.

Савол: Ассалому алайкум, устоз. Ўш воқеалари ҳаммамизни даҳшатга солди. Ҳар бир мусулмон одам бу нарсаларга ҳамдарддир. Лекин ёрдам бера олсак яна ҳам яхши бўлар эди. Бироқ қандай қилиб? Биз олис мамлакатлардамиз. Aлбатта Раббимизга куну тун дуодамиз. Бундай ваҳшийлик қилаётганларни дуои бад қилса бўладими? Жавоб учун олдиндан раҳмат.

Ҳасанбой.

Жавоб: Савол учун раҳмат. Айни дилимизни тирнаб, тилимизга чиқишга уринаётган масалани сўрадингиз. Бу саволнинг қисқа жавоби шуки, бу ваҳшийларни дуои бад қилиш нафақат жоиз, балки вожиб ва жуда ҳам зарур, валлоҳу аълам.

Нима учун?

Ҳозир замонавий қуроллар билан тиш-тирноғигача ҳимояланган, танклар, БТР ва снайперлардан ўт очиб, тинч аҳолини шафқатсиз қираётган (фақат вертолёт ва самолёт беришмади холос буларга), уйлар ва бозорларга ўт қўяётган, ҳатто тез ёрдам машиналарига, касалхона ва масжидларга ҳужум қилаётган, жонни ҳам, молни ҳам, инсон шаънини ҳам баробар оёқ-ости қилаётган бу ёвуз қора кучларнинг йўқ қилинишига бирор киши эътироз билдирадими?

Ҳозир ёш ҳам, қари ҳам, ота-она ҳам, бола ҳам, аёл ҳам, эркак ҳам, давлат бошлиғи ҳам, оддий фуқаро ҳам, сиёсатчи ҳам, ишчи ҳам, мусулмон ҳам, бошқа диндаги ҳам, диндор ҳам, кофир ҳам фақат битта нарсани – қандай йўл билан бўлмасин, бу қирғинни тўхтатишни, умумий балони даф этишни талаб қилмаяптими?! Қандай қилиб бўлмасин! Бу дегани ваҳшийларга қарата вертолётлардан, пулемётлардан ўт очса ҳам майли эди, ишқилиб уларни тўхтатса бўлди, дегани эмасми? Бу ҳақда муваққат ҳукумат ҳам буйруқ бермадими? Бу буйруққа ҳарбийлар ва милиция кучлари амал қилмаётгани учун одамлар ғазаб ва ҳайрат ичида турганларини кўрмаяпмизми?

Ҳозир агар БМТ қарори билан тинчлик ўрнатувчи кучлар Ўш ва Жалол-ободга кириб, ўзбекларни қираётган ёвузларга қарата танклардан ўт очса, улар турган мавзеларни портлатса, бирор инсон қарши чиқадими? Одамлар ҳатто Путиндан, Каримовдан, БМТ котибидан шуни ёлвориб сўраяптилар-ку. Уларни биров қайтараяптими?

Шундай экан, аёллар ва қизларни зўрлаб, сўнг ўлдираётган, болаларни мўлжаллаб снайперлардан отаётган, ёш йигитлар ва ўсмирларни тириклайин ёқиб юбораётган, ҳатто отиб ўлдиргандан сўнг сўйиб ҳам қўяётган, хуллас, аввалдан пухта ишланган режа асосида ўзбек миллатини қираётган разил ваҳшийларни ҳалок қилишни сўраб, Аллоҳга илтижо қилишга ким қарши бўла олади? Ёки айни талаб билан президентларга, қўлидан кела туриб амалий чора кўришга шошилмаётган сиёсатчиларга, Аллоҳнинг бандаларига мурожаат қилиш мумкину уларни яратган Зотга мурожаат қилиб бўлмайдими? Асло! Мурожаат ва илтижони энг аввал подшоҳларнинг подшоҳи, жамики оламни пайдо этган Аллоҳга қилишимиз лозим.

… إذا سألت فاسأل الله ، وإذا استعنت فاستعن بالله…

«… Агар сўрасанг, бас Аллоҳдан сўра, агар мадад истасанг, бас Аллоҳдан иста …» (Термизий).

{ لاَ يُحِبُّ اللَّهُ الْجَهْرَ بِالسُّوءِ مِنَ الْقَوْل إِلاَّ مَنْ ظُلِمَ } (1) سورة النساء / / 148

«Аллоҳ ёмонликларни ошкора гапиришни яхши кўрмайди, илло зулм кўрган бундан мустаснодир». (Нисо, 148).

Демак, мазлум инсонлар золимга қарши Аллоҳга ҳар қанча дуо қилсалар бўлади. Биз иншоаллоҳ, бу мавзунинг шаръий асосларини баён қилиб берамиз. Аммо ҳозир зудлик билан миллатдош ва диндошларимизга, дунё мусулмонларига етказмоқчи бўлган илтимосимиз шуки, нафақат ўзбек миллатининг, балки Ислом ва инсониятнинг душманлари бўлган бу ёвуз кучларга қарши Аллоҳ таолодан ғазаб ва азоб сўраб дуолар қилайлик, намозларимизда қунутлар ўқийлик, қотилларни ҳалок этишини илтижо қилайлик – У Зотнинг нусрат ва ёрдами келиши аниқ!

Азиз мусулмонлар! Ота-оналар, опа-сингиллар! Ака-укалар, биродарлар! Устозу шогирдлар! Раҳбарлару ходимлар! Келинглар, ҳаммамиз алҳамдулиллоҳ, мусулмонмиз. Кўп-кўп ва тинмай дуолар қилайлик ва энг аввало дуоларимиз ижобат бўлиш шартларини бажо этайлик. Аллоҳга чин банда бўлишимиз лозим эканини эслайлик. Унга бўйсунайлик. У ҳаром қилган ишлардан тийилайлик.

Бизни бу ҳаётга Аллоҳ келтирган экан, Унинг тақдирига рози бўлиб турайлик. У берган синов учун Унга аччиқ қилмайлик. Ҳаммамиз бир кун Унинг олдига боришимиз аниқ. Бизга берилган умр қанчалигини ёлғиз У Зотнинг Ўзи билади.

Ҳалок бўлган яқинларимиз ва дўстларимиз ҳам бир кун У Зотнинг ҳузурига кетишлари аниқ эди. Уларнинг кетиш муддатлари етган экан – кетдилар. Аммо не ҳикматки, Аллоҳ уларни мана шундай фожеа билан олиб кетди. У одил, ҳаким ва раҳмли Зот. Иншоаллоҳ, зулм ва қийноқлар остида ҳалок бўлганларга бу азоблар эвазига бошқалардан кўра кўпроқ неъматлар ато қилган бўлса ажаб эмас. Улар ҳозир гуноҳлари кечирилган ва роҳатга эришган ҳолда ётган бўлсалар, бу Аллоҳ учун ҳеч қийин эмас. Улуғ Раббимиздан уларнинг ҳаммаларига жаннат сўраймиз. Руҳларини шод, қабрларини обод қилсин.

Аллоҳ қолганларга сабру бардош, тўғри йўл ато айласин. Яратган эгамиздан сизларни ҳам, бизни ҳам, фарзандларимиз ва ёшларимизни ҳам қаттиқ, оғир синовлардан сақлашини ўтинамиз. Ҳаммамизни Ўзининг ҳақ йўлига кўндирсин. Биз Унинг ёрдамига, ҳимоясига ва бизга юборадиган яхши кунларига муҳтож эканмиз, У Зотнинг айтганларини бажаришга, Унинг расули буюрган мусулмонлар бўлишга ҳаракат қиламиз. Гуноҳларимизга истиғфорлар айтиб, тавбаларимизни, иймонларимизни янгилаймиз. Бир-биримизга меҳрибон ва шафқатли, Раббимизга ибодатли, Расулимизга итоатли мусулмонлар бўлиб, доимо чиройли ва солиҳ амаллар қилишга ҳаракатда бўламиз, иншоаллоҳ.

Вассаламу алайкум, ва роҳматуллоҳи ва баракатуҳ!