Масжидул-Ақсо ва Ал-Қудс шаҳри

  • Энг улуғ масжидлар учта: Масжидул-Ҳаром, Масжиди набавий ва Масжидул-Ақсо – Байтул-Мақдис масжиди.
  • Масжидул-Ҳаромда ўқилган намознинг савоби юз минг баробар, Масжиди набавийда минг баробар қилиб кўпайтириб берилади. Масжидил-Ақсода эса, бир ривоятда икки юз эллик баробар, бошқа ривоятда беш юз баробар дейилган.
  • Барча намозлар қиблага қараб ўқилиши шарт. Қибла эса Исломнинг аввалида Масжидул-Ақсо бўлган. Шунинг учун Масжидул-Ақсо «Икки қибланинг аввалгиси» деб ҳам лақабланади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага ҳижрат қилганларидан кейин орадан 16 ой ўтиб қибла Аллоҳнинг амри ила Масжидул-Ақсодан Масжидул-Ҳаром – Каъбатуллоҳга ўзгартирилган.

  • Масжидул-Ақсо Фаластин ва Шом диёрларининг маркази бўлмиш «Ал-Қудс» шаҳрида жойлашган улуғ масжид.

(Ўзбекчада Ал-Қудс шаҳрини кўпчилик «Қуддус» деб талаффуз қилишга одатланишган. Тўғрироқ талаффуз Қудс. Чунки, агар Қуддус дейиладиган бўлса баъзилар Аллоҳнинг «Ал-Қуддус» исми билан аралаштириб юборишлари мумкин).

  • Байтул-Мақдис Байтул-Муқаддас деб ҳам айтилади.

Байтул-Мақдиснинг маъноси покланиш уйи дегани (яъни, Ягона Аллоҳнинг Ўзига ибодатлар қилиб, гуноҳ-маъсиятлардан покланиш макони).

Байтул-Муқаддаснинг маъноси мутаҳҳар – покланган уй дегани. (Яъни, маънавий ва ҳиссий нажосатлардан пок бўлган улуғ макон).

  • Ал-Қудс деган калима ҳам поклик ва баракот деган маъноларни билдиради. (Яъни, бу шаҳар поклик шаҳри ва Аллоҳнинг баракотлари нозил бўлиб турадиган шаҳар)

Қудс шаҳри ҳам Қуръони каримнинг бир неча оятларида зикр қилинган. Жумладан, Моида сурасининг 21-оятида «Арзи муқаддаса» деган ном билан айтилган:

{ يَا قَوْمِ ادْخُلُوا الْأَرْضَ الْمُقَدَّسَةَ الَّتِي كَتَبَ اللَّهُ لَكُمْ وَلَا تَرْتَدُّوا عَلَىٰ أَدْبَارِكُمْ فَتَنقَلِبُوا خَاسِرِينَ }

«(Мусо алайҳиссалом айтди) эй қавмим, Аллоҳ сизлар учун ёзиб қўймиш бу Арзи Муқаддаса – муқаддас ерга дохил бўлингиз! Ортларингизга қайтиб кетмангиз, акс ҳолда зиён кўргувчиларга айланиб қолурсиз».

  • Масжидул-Ақсонинг исмлари ва фазилатлари кўп, унинг тарихи жуда ҳам узун.
  • Масжидул-Ақсо барпо этилиши жиҳатидан иккинчи тартибда турадиган улуғ масжид.

عن أبي ذر رضي الله عنه قال: قلت: يا رسول الله أي مسجد وضع في الأرض أول؟ قال: «المسجد الحرام»، قال: قلت: ثم أي؟ قال: «المسجد الأقصى»، قال: كم كان بينهما؟ قال: «أربعون سنة ثم أينما أدركتك الصلاة بعد فصله، فإن الفضل فيه».
متفق عليه

Абу Зар розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўрадилар:

«Эй Расулуллоҳ, Ер юзида биринчи бўлиб қайси масжид барпо этилган?

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Масжидул-Ҳаром» дедилар.

Абу Зар яна сўрадилар: кейин қайси (масжид)?

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Масжидул-Ақсо» деб жавоб бердилар.

Абу Зар: «(Иккисининг) орасида қанча вақт ўтган?

Расулуллоҳ соллаллооҳу алайҳи ва саллам жавоб бердилар:

«Қирқ йил (ўтган). Сен қаерда бўлсанг ҳам намоз вақти кирса, бас, намозни ўша ерда ўқийвергин, чунки фазилат ўшанда (яъни, намоз вақти кириши билан қайси масжидда ёки қайси жойнамозда бўлса ҳам ўз вақтида бажо этишинг ана шу фазилатли амалдир)».

(Муттафақун алайҳи – имом Бухорий ва имом Муслим ривоятлари)

Масжидул-Ақсо исмининг шарҳи:

  • Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам келишларидан аввал Байтул-Мақдис ушбу исм билан машҳур эди. Қуръони карим эса бу масжидга Масжидул-Ақсо деган ном ҳам берди. Бу исмнинг маъноси «Узоқроқдаги Масжид» дегани.
  • «Узоқдаги Масжид» ёки «Узоқроқдаги Масжид» деб номланишининг бир неча сабаблари бор, айримлари қуйидагилар:
  1. Нопок нарсалардан узоқ бўлганлиги;
  2. Масжидул-Ҳаромдан масофа жиҳатидан узоқ ерда жойлашганлиги;
  3. Яна баъзи уламолар «Аллоҳ таоло ушбу исмни нозил қилган пайт келажакда икки масжид ўртасида яна бир масжид – Масжиди набавий барпо этилишига ишора қилган» деб айтганлар.

Аллоҳ таоло Исро сурасининг биринчи оятида марҳамат қилади:

{سُبْحَانَ الَّذِي أَسْرَىٰ بِعَبْدِهِ لَيْلًا مِّنَ الْمَسْجِدِ الْحَرَامِ إِلَى الْمَسْجِدِ الْأَقْصَى الَّذِي بَارَكْنَا حَوْلَهُ لِنُرِيَهُ مِنْ آيَاتِنَا ۚ إِنَّهُ هُوَ السَّمِيعُ الْبَصِيرُ}.

«(Аллоҳ) бир кеча, Ўз бандаси (Муҳаммад)ни — унга оят-мўъжизаларимиздан кўрсатиш учун (Маккадаги) Масжидул-Ҳаромдан (Қудсдаги) Биз атрофини баракотли қилиб қўйган Масжидул-Ақсога сайр қилдирган (барча айбу нуқсондан) пок Зотдир. Дарҳақиқат, У (барча нарсаларни) Эшитгувчи, (барча нарсаларни) Кўргувчидир».

  • Аллоҳ таоло бу оятни Маккаи мукаррамада нозил қилган. У пайт Мадинаи мунаввара ҳали Ислом диёри бўлмаган ва у ерда ҳеч қандай масжид барпо қилинмаганди. Бироқ, келажакда нималар рўй беришини билган Зот Ўз пайғамбарини Байтул-Мақдисга сайр қилдирганини хабар бера туриб «Узоқроқдаги Масжидга…» деб айтди. Чунки яқин келажакда икки масжиднинг ўртасида, Масжидул-Ҳаромга яқинроқ жойда яна бир масжид – Масжиди набавий барпо этилиши Аллоҳнинг Ўзига маълум эди.

Масжидул-ақсо фазилатларидан яна:

  • Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни меърож воқеасида Ўзининг ҳузурига кўтариш учун аввал Масжидул-Ҳаромдан Масжидул-Ақсога исро – сайр қилдирди. Бу ҳам Масжидул-Ақсонинг фазилати нақадар буюклигига далолат қилади.

(Исро ва меърож қиссаси билан аввалроқ эълон қилганимиз Намоз ва меърож рисоласи орқали танишишингиз мумкин).

  • Ушбу учта энг улуғ масжиднинг хусусиятларидан яна бири, булардан бошқа ҳеч қайси жойнинг зиёрати учун махсус ният билан сафар қилиб бориш жоиз эмас.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

((لَا تُشَدُّ الرِّحَالُ إِلَّا إِلَى ثَلَاثَةِ مَسَاجِدَ : الْمَسْجِدِ الْحَرَامِ ، وَمَسْجِدِي هذا، وَالمَسْجِدِ الْأَقْصَى)).
متفق عليه.

«Учта масжид – Масжидул-Ҳаром, менинг мана бу масжидим ва Масжидул-Ақсодан бошқа жойга (яъни, ҳеч қандай жойни муқаддас жой деб зиёрат қилиш учун) сафарга чиқилмасин».

(Муттафақун алайҳи – Бухорий ва Муслим ривоятлари)

Шариат рухсат берган, унинг зиёрати учун қасддан сафарга чиқишга арзийдиган зиёратгоҳлар фақат мана шу учта масжид. Ислом динимизда бу масжидлардан бошқа ҳеч қаер учун махсус ибодат сафари йўқ.

  • Масжидул-Ақсо Расулуллоҳ вафотларидан сўнг фатҳ этилиши ва Ислом халифалиги бошқарувига ўтиши Пайғамбаримизнинг мўъжизаларидан биридир. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам келажакда шундай бўлишини олдиндан хабар бериб кетган эдилар. Ҳақиқатан ҳам башорат берганларидек бўлиб, Умар розияллоҳу анҳу халифаликлари даврида фатҳ этилди.

Аллоҳ таоло Масжидул-Ақсо ва бутун дунёдаги мўмин-мусулмон бандаларига Ўзининг ҳузуридан мадад ва нусрат нозил қилиб, золимларни мағлуб этсин, бизлардан содир бўлаётган гуноҳ-маъсиятларимизни, камчилик ва нуқсонларимизни кечирсин, дин ва дунё ишларидаги хатоларимизни тезроқ ислоҳ этишимизни насиб айласин. Омин.

Алоқадор мавзулар:

•┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈•

https://telegram.me/islomovozi