Ўш қирғини: даҳшат ва ҳайрат

Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиун.

Ўшлик биродарлар, миллатдошлар, диндошлар!

Мазлум биродарлар, мазлума оналар, опалар ва сингиллар!

Сизларга Аллоҳдан мадад, нусрат, ёрдам сўраймиз. Аллоҳ сизлар билан бирга. Биз ҳам сизлар билан ҳар кун, ҳар тун биргамиз. Сизларнинг устингиздаги мусибат – бизнинг мусибат. Бошингизга келган синов ниҳоятда оғир. Бу шундай мушкул вазиятки, одамнинг тилига бирор сўз ҳам келиши қийин. Ё Аллоҳ! Субҳаналлоҳ! Ла илаҳа иллаллоҳ! Эй Аллоҳ, Ўзинг сабр ва матонат бер. Зулм остида ҳалок этилганларни раҳматинга ол! Уларни шаҳидлар қаторида қабул айла. Оилаларига сабр бер. Тирикларга Ўзинг пушту паноҳ бўл!Ҳар тун келса, бу тун қандай ўтаркин, деймиз. Ҳар тонг отса бу тун нима бўлдийкин, бу кун қандай бошланаркин, деган қайғудамиз.

Кечаю кундуз соат сайин Интернетга қараймиз. Бир-биридан хунук даҳшатли хабарларни олаяпмиз, қонлар ва оловларни кўраяпмиз! Бу қатли ом ривожланган ва замонавий дунёда бўлаётган ишми? Қадимги дунёни, ўтмиш тузумларни қоралайдиганлар, диктатор тузумларни  қўллаб-қувватлайдиганлар бу ишларни нима деб тушунтирадилар? Бу қотиллар қайси мактабда ўқиган, қайси сиёсат остида тарбия топган одамлар? Қайси ваҳший лидерлар турибди буларнинг орқасида? Қаерда яшириниб ётган эди бу қонхўрлар? Қайси ваҳший сиёсатчи, қайси ғорларда буларни тайёрлаган? Буларнинг эътиқоди, дини, миллати, ғояси нима? Ким буларга қурол улашган?  Нима учун фақат ўзбеклар қирилаяпти?…

Майли, ҳозир таҳлиллар вақти эмас. Ҳамманинг вазифаси – бу хунрезликни қандай қилиб бўлса ҳам тез тўхтатиш! Одамлар ўлаяпти. Халқ қирилаяпти, миллат қирилаяпти. Қани Бакиев, қани унинг тарафдорлари ва қариндошлари? Улар шу ишларга розими? Бир гуруҳ жиноятчилар уларнинг бир неча уйларига ўт қўйгани учун энди бутун шаҳар ёниши керакми? Ўзбеклар қирилиши керакми? Бу қандай виждонсизлик? Замонавий сиёсатчи шундай йўл тутадими? Агар улар бу ишлардан пок бўлса, нима учун чиқиб гапирмаяпти, тўхатишга ҳаракат қилмаяпти?

Қирғиз оқсоқоллари, каердасизлар? Қирғиз ёзувчилари, шоирлари ва журналистлар, диний идора вакиллари, нега қараб турибсизлар? Тўхтатинглар қирғинни. Бу фожеалар сизларнинг шаънингиз учун яхшилик олиб келмайди….

БМТ, ЕҲҲТ, ЕИ, сизлар қачондир мажлисга ўтирарсизлар? Аммо унгача Ўш ва Жалолободдан нималар қоларкин?…