Болалар ва қизларнинг масжиддаги иззат-икромлари

Бутун оламларга Аллоҳнинг раҳмату марҳамати қилиб юборилган Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам болаларга шундай иззат-икром кўрсатардиларки:

  1. Улар учун намозни қисқартириш керак бўлса қисқартириб берардилар;
  2. Агар узайтириш керак бўлса бутун жамоат билан бирга адо этилаётган фарз намозларни ҳам узайтираверардилар;
  3. Болалар учун агар жумъа хутбасини тўхтатиб туриш керак бўлиб қолса, жумъага ҳозир бўлган барча мусулмонларни куттириб бўлса ҳам хутбани бироз тўхтатиб турардилар.

«Биз ҳам мусулмонмиз» деб даъво қила туриб болаларни масжиддан тўсаётганлар қаерда-ю, Ислом дини ва Пайғамбар йўли қаерда?

Аллоҳ таоло ундай золимларни дунёда хорлик ва Охиратда улкан азоб кутаётгани ҳақида хабар бериб айтадики:

{وَمَنْ أَظْلَمُ مِمَّن مَّنَعَ مَسَاجِدَ اللَّهِ أَن يُذْكَرَ فِيهَا اسْمُهُ وَسَعَىٰ فِي خَرَابِهَا ۚ أُولَٰئِكَ مَا كَانَ لَهُمْ أَن يَدْخُلُوهَا إِلَّا خَائِفِينَ ۚ لَهُمْ فِي الدُّنْيَا خِزْيٌ وَلَهُمْ فِي الْآخِرَةِ عَذَابٌ عَظِيمٌ}

سورة البقرة: 114

«Аллоҳнинг масжидларини уларда Аллоҳ исми зикр қилинишидан тўсадиган ва уларни хароб қилиш (беркитиш, бузиш, ибодатларни холис Аллоҳ учун бажарилмайдиган ва ўз вазифаларини адо этолмайдиган қилиб қўйиш) ҳаракатида юрадиган кимсалардан ҳам золимроқ ким бор?! Бу (масжидларга душманлик қилаётган) кимсалар у ерларга киришлари мумкин эмас эди-ку, магар қўрққан ҳолларида (Ислом ва мусулмонлардан қўрқиб, ҳайбатланиб турган ҳолларида кирардилар). Улар учун бу дунёда расволик, Охиратда эса улкан азоб бордир».

(Бақара сураси, 114-оят)

Қуйида ҳозир айтиб ўтганимиз уч хил ҳолатнинг саҳиҳ ҳадислардан далил-исботларини келтириб ўтамиз.

Биринчи ҳолат: гўдакни ва унинг онасини риоя қилган ҳолда намозни қисқартириш.

Анас ибн Молик ва Абу Қатода Ал-Ансорий розияллоҳу анҳумдан ривоят.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

«إنِّي لأدخُلُ في الصلاةِ ، فأُرِيدُ إطالتها ، فأسمعُ بكاءَ الصبيِّ فأتجوَّزُ، ممَّا أعلمُ من شِدَّةِ وَجْدِ أُمِّهِ من بكائِهِ «.

متفق عليه

«Мен (гоҳида) намозга кираётган пайтимда уни узун ўқиш ниятида бўламан, лекин (орқадаги аёллар сафидан) гўдакнинг йиғисини эшитиб, намозни қисқароқ қилиб ўқийман, (гўдак) онаси ўзининг боласи йиғлаётганидан қаттиқ сиқилиб, изтиробга тушишини яхши билганим учун».

(Муттафақун алайҳи – имом Бухорий ва имом Муслим ривоятлари).

Иккинчи ҳолат: болаларни деб намозни узайтириш.

عن شداد بن الهاد الليثي رضي الله عنه خرج علينا رسول الله صلى الله عليه وسلم في إحدى صلاتي العشي ، وهو حامل حسنا أو حسينا ، فتقدم رسول الله صلى الله عليه وسلم ، فوضعه ، ثم كبر للصلاة ، فصلى ، فسجد بين ظهراني صلاته سجدة أطالها ، قال أبي : فرفعت رأسي ، وإذا الصبي على ظهر رسول الله صلى الله عليه وسلم وهو ساجد ، فرجعت إلى سجودي ، فلما قضى رسول الله صلى الله عليه وسلم ، قال الناس : يا رسول الله ! إنك سجدت بين ظهرني صلاتك سجدة أطلتها ! حتى ظننا أنه قد حدث أمر ، أو أنه يوحى إليك ؟ !

قال : «كل ذلك لم يكن ؛ ولكن ابني ارتحلني ، فكرهت أن أعجله حتى يقضي حاجته.»

رواه النسائي وصححه الألباني وغيره

Шаддод Лайси розияллоҳу анҳу айтадилар:

Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кечки намозларнинг бирида (неваралари) Ҳасан ёки Ҳусайнни кўтарган ҳолларида чиқдилар. Кейин ёнларига қўйиб, такбир айтиб намозни бошладилар. Сўнг (намозда имомлик қила туриб, ракъатлар орасидаги) саждага борганларида узоқ қолиб кетдилар. Шунда мен (хавотир олиб) саждадан бошимни кўтариб қарасам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сажда қилиб турган пайтлари гўдак (Ҳасан ёки Ҳусайн)  устиларига чиқиб олган экан, (мен хотиржам бўлиб) саждамга қайтдим. Намозни тамом қилганларидан сўнг одамлар сўрашди:

Эй Расулуллоҳ! Сиз саждалардан бирида узоқ қолиб кетдингиз, ҳатто биз нимадир рўй берди ёки ваҳий нозил бўлаяпти, деб ўйладик.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жавоб бердилар:

«Йўқ, у (сизлар ўйлаган) нарсалар рўй бермади, фақат (мана бу) болам устимга миниб олди, мен уни ўз эҳтиёжини адо этиб олгунига қадар (устимга миниб ўйнашдан тўйгунича) шошилтириб қўйишни хоҳламадим».

(Имом Насоий ривоятлари).

Яна бир ҳадисда ҳам келади:

عن أبي قتادة الأنصاري  – رضي الله عنه-:

أن رسول الله – صلى الله عليه وسلم –  كان يصلي وهو حامل أمامة بنت زينب بنت رسول الله – صلى الله عليه وسلم –  ولأبي العاص بن ربيعة بن شمس بن عبد شمس، فإذا سجد وضعها، وإذا قام حملها.

رواه البخاري ومسلم

Абу Қатода розияллоҳу анҳу айтадилар:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамларга имомлик қилиб намоз ўқиётганларида Умома (Зайнабнинг қизлари бўлмиш невара қизлари)ни елкаларига кўтариб олганликларини кўрдим».

Яна бир ривоятда:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намоз ўқиётганларида қизлари Зайнабнинг қизи Умомани кўтариб олардилар, сажда қилганларида ёнларига қўйиб қўярдилар, қиёмга турганларида яна кўтариб олардилар».

(Имом Бухорий ва имом Муслим ривоятлари).

Учинчи ҳолат: болани деб жумъа хутбасини бўлиш.

Абу Бурда розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар:

 وعن أبي بردة  – رضي الله عنه – قال: خطبنا رسول الله – صلى الله عليه وسلم – فأقبل الحسن والحسين عليهما قميصان أحمران يعثران ويقومان، فنزل فأخذهما فصعد بهما المنبر،

ثم قال:

«صدق الله {إنما أموالكم وأولادكم فتنة}، رأيت هذين فلم أصبر».

رواه أحمد وأبو داود واللفظ له.

Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам минбарда хутба қилиб турган пайтлари (неваралари) Ҳасан ва Ҳусайн масжидга кириб келишди, устларидаги қизил кўйлакка қоқилиб-қоқилиб юришаётган эди.

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тушиб, уларни минбарга кўтариб чиқиб дедилар:

«Аллоҳ рост сўзлагувчи Зот.

«Албатта мол-дунёларингиз ва бола-чақангиз фақат бир фитнадир, холос«.

(Анфол: 28, Тағобун: 15).

Булар (Ҳасан ва Ҳусайн)ни кўриб сабр қилолмадим».

(Имом Аҳмад ва имом Абу Довуд ривоятлари).

Валлоҳу аълам.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга, асҳобларига ва у зотнинг суннатларини лозим тутган барча мўмин-мусулмонларга Аллоҳ таолонинг салоту саломлари бўлсин.

•┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈•

https://telegram.me/islomovozi