Холид деган исмнинг маъноси ва фазилати

Савол:

Биродарим фарзанд кўрибди ва унга Холид деб исм қўймоқчи экан. Холид деган исмнинг маъносига қарасак (абадий, ўлмас) деган маънода экан. Холид исмини фарзандларимизга қўйсак бўладими?

(Усома)

Жавоб:

Холид деган калима араб тилида ҳақиқатан ҳам абадийликни ёки жуда ҳам узоқ муддат давом этадиган умр кўришни ифодалайди.

Араб тилидаги абадийликнинг икки хил маъноси бор:

1. Жуда ҳам узоқ муддат давом этиш;

2. Умуман ниҳояси бўлмаган ҳақиқий абадийлик.

Араблар Ислом дини келишидан аввал ўз фарзандларини Холид деб номлашдан кўзлаган мақсадлари биринчи маънода бўлган. Фарзандларига узоқ умр тилаган ҳолларида шундай исм қўярдилар.

Ислом дини келганидан кейин ҳам бу исм билан номлашдан қайтарилмади. Исломдан аввал шундай ном билан номланганларнинг исмлари ҳам ўзгартирилмади. Масалан, улуғ саҳобий киромлардан бирлари, «Аллоҳнинг қиличи» деган лақабга сазовор бўлган Холид ибн Валид розияллоҳу анҳунинг ҳам исмлари ўз ҳолида қолган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни ўзгартиришга буюрмаганлар.

Абадийликнинг иккинчи маъносини эътиборга оладиган бўлсак, уни ҳам тўғри мақсадда ишлатилиши мумкин. Яъни, мусулмон киши ўз фарзандини Холид деган исм билан номлашдан кўзлаган мақсади «фарзандим мўмин, Холид розияллоҳу анҳудек улуғ инсон бўлиб, дунёда узоқ умр кўриб, Охиратда жаннатга кирсин», деб унга Аллоҳдан абадий бахт-саодатни умид қилаётган бўлади.

Валлоҳу аълам.

«Ислом Овози» таҳририяти

Алоқадор мавзулар:

•┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈•

https://telegram.me/islomovozi