Нафл рўзаларнинг умумий ва махсус фазилатлари

Бўлимлар: 03. Рўза, Рисолалар

Маълумки, рўза нафс тарбияси, руҳ озуқасидир. Аллоҳ розилиги учун рўза тутиш инсоннинг баднафслик, очкўзлик ва хасислик иллатларидан қутулишига ёрдам беради.

Рўзанинг Аллоҳ ҳузуридаги савоби ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар:

«من صامَ يومًا في سبيلِ اللهِ، بعَّدَ اللهُ وجهَهُ عنِ النَّارِ سبعينَ خريفًا»

متفق عليه

«Кимки Аллоҳ йўлида бир кун рўза тутар экан, Аллоҳ унинг юзини дўзахдан етмиш йиллик масофага узоқ қилади».

(Муттафақун алайҳи).

Бу ҳадиси шариф рўзанинг умумий фазилати ҳақида.

Яна бошқа ҳадиси шарифларда бир неча махсус кунларда рўза тутишнинг фазилатлари ҳам собит бўлган, уларнинг хулосаси қуйидагича:

  1. Арафа куни (Зулҳижжа ойининг 9-куни рўза тутиш 2 йиллик кичкина гуноҳларга каффорот) ;
  2. Ошуро (Муҳаррам ойининг 10-куни рўза тутиш ўтган бир йиллик кичкина гуноҳларга каффорот) ;
  3. Шаввол ойидан олти кун рўза тутиш (Рамазон ойи билан қўшилиб, эвазига йил давомида мукаммал рўза тутганлик савоби берилади) ;
  4. «Айёмулбийз» – ойдин кечаларнинг кундузларида рўза тутиш (қамарий ойлардан ҳар бирининг 13, 14 ва 15 кунлари рўза тутиш эвазига ҳар бир ойда мукаммал рўза тутганлик савоби берилади) ;
  5. Ҳар ҳафта душанба ва пайшанба кунлари рўза тутиш (амаллари ҳусни қабул бўлишига сабаб бўлади) ;
  6. Кун ора рўза тутиб юриш (Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом суннатларига ҳам Довуд алайҳиссалом суннатларига ҳам амал қилганлик савоби ёзилади).

Қуйида ушбу мавзудаги ҳадислардан айримларини зикр қилиб ўтамиз.

عن أبي قتادة الأنصاري رضي الله عنه أن رسول الله صلى الله عليه وسلم

سُئلَ عن صومِ يومٍ وإفطارِ يومٍ ؟

قال: «ذاك صومُ أخي داودَ ( عليه السلامُ )»

قال: وسُئلَ عن صومِ الاثنَينِ ؟

قال: «ذاك يومٌ وُلدتُ فيه ويومُ بُعثتُ ( أو أُنزلَ عليَّ) فيه»  . فقال «صومُ ثلاثةٍ من كلِّ شهرٍ ، ورمضانُ إلى رمضانَ ، صومُ الدَّهرِ»

قال : وسُئلَ عن صومِ يومِ عرفةَ ؟

فقال: «يُكفِّرُ السنةَ الماضيةَ والباقيةَ «

قال: وسُئلَ عن صومِ يومِ عاشوراءَ ؟

فقال: «يُكفِّرُ السنةَ الماضيةَ «

رواه مسلم

Абу Қатода Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир кун рўза тутиб, бир кун рўза тутмаслик (яъни, кун ора рўза тутиб юриш) ҳақида сўралганларида жавоб бердиларки:

«Бу биродарим Довуд (алайҳиссалом)нинг рўзасидир».

(Яъни, Довуд алайҳиссалом умрлари давомида доим шундай кунора рўза тутиб яшаганлар).

Кейин душанба куннинг рўзаси ҳақида сўралганларида жавоб бердилар:

«У кун менинг туғилган ва пайғамбар қилиб юборилган кунимдир».

Кейин яна дедилар:

«Ҳар ойдан уч кун рўза (тутиш эвази)га  ва ҳар рамазон рўза (тутиш  эвази)га бутун умр рўза (тутганлик савоби берилади)».

Кейин Арафа кунининг рўзаси ҳақида сўралганларида айтдиларки:

«Ўтган бир йилга ва келаси бир йилга каффорот бўлади»

Кейин Ошуро кунининг рўзаси ҳақида сўралганларида жавоб бериб айтдилар:

«Ўтган бир йилга каффорот бўлади».

(Имом Муслим ривоятлари)

عن أسامة بن زيد أنَّ نبيَّ اللَّهِ صلَّى اللَّهُ علَيهِ وسلَّمَ كانَ يصومُ يومَ الاثنينِ ويومَ الخميسِ ، وسُئِلَ عن ذلِكَ ، فقالَ : إنَّ أعمالَ العبادِ تُعرَضُ يومَ الاثنينِ ويومَ الخميسِ

صحيح سنن أبي داود برقم 2436

Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳумодан ривоят:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам душанба куни ва пайшанба куни рўза тутардилар. Сабаби ҳақида сўралганларида жавоб бердиларки:

«Бандаларнинг қилган амаллари (Аллоҳнинг ҳузурида ҳар доим) душанба куни ва пайшанба куни кўрсатиб турилади».

(Имом Абу Довуд ривоятлари)

عن أبي ذر قال : قال لي رسول الله صلى الله عليه وسلم :

» إذا صمت شيئاً من الشهر فصم ثلاث عشرة وأربع عشرة وخمس عشرة » .

رواه الترمذي ( 761 ) والنسائي ( 2424 ) . والحديث حسنه الترمذي ووافقه الألباني في «إرواء الغليل » 947 .

Абу Зардан ривоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

«Агар ойнинг бирор кунида рўза тутсанг, ўн учинчи, ўн тўртинчи, ўн бешинчисида тут».

(Термизий ва Насоий ривоятлари)

عَنْ أَبِى أَيُّوبَ الأَنْصَارِىِّ رضى الله عنه أَنَّهُ حَدَّثَهُ أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم قَالَ:

«مَنْ صَامَ رَمَضَانَ ثُمَّ أَتْبَعَهُ سِتًّا مِنْ شَوَّالٍ كَانَ كَصِيَامِ الدَّهْرِ».

(رواه مسلم).

Абу Айюб Ал-Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

«Кимки Рамазон рўзасини тутсаю кейин унга Шавволдан яна 6 кунни илова қилса, худди бир умр рўза тутгандек бўлади».

(Имом Муслим ривоятлари).

Алоқадор мавзулар:

•┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈•

https://telegram.me/islomovozi