“Ажойиб даъватчи биродар панжара ортида”

Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ! Мухтарам устоз, оммавий ахборот воситаларидаги хабарларни агар кузатиб бораётган бўлсангиз, ўзбекистонлик машҳур журналист, футбол шарҳловчиси ҳамда «Холислик сари» диний-маърифий радиоэшиттиришларнинг муаллифи Хайруллоҳ Ҳамидов устидан ўтказилаётган тергов жараёнлари давом этаётган эди. Манбаларнинг хабар беришларича, Хайруллоҳ Ҳамидов ва бошқа у билан бирга ҳибсга олинган мусулмонларга баъзиларига 6 йиллик қамоқ жазоси, айримларига 3 йиллик шартли жазолар тайинланган. Ушбу хабар мана бу сайтдан олинди:

http://uzbek.ferghana.ru/news.php?id=7840&mode=snews

Мақолани ўқиб, жуда ҳам эзилиб кетдим. Нафақат мен, балки барча ўзбекистонлик софдил мусулмон биродарлар ҳам мотамда менимча. Хайруллоҳ Ҳамидовнинг радиодаги «Холислик сари» дастури орқали кўплаб инсонлар иймон, Ислом ва ихлос тушунгандилар. Бу дастурларда жамиятдаги иллатлар кескин қораланиб, танқид қилинган. Чиқишлари билан кўпчиликнинг меҳрини қозонганди бу журналист диндош биродаримиз. Интернет хабарларига қараганда журналистнинг уйидан Абдувалий қорининг маърузалари ёзилган кассета, ҳамда сиз муҳтарам устознинг ҳам маърузалари ёзилган дисклар топилганлиги айтилади. Энг ачинарлиси биродаримизга ноҳақдан ҳукм ўқилди. Ҳеч бир сабабсиз оддий бир даъватчи мусулмонга «Жиҳодчи» деган тамға босишди. Ҳақиқат эгилади, аммо синмайди. Биродаримизга Аллоҳнинг синови келди, деб бемалол айта оламиз. У киши бир радиодаги сухбатларида мазмунан шундай сўзларни айтган эдилар: «Ҳозирда мусулмонларнинг бошларига ёғилаётган кулфатлар уларнинг гуноҳларига жазоми ёки Аллоҳнинг синовими? Маълумки талаба бир даргоҳга ўқишга кириб, 5 йил давомида курсни тамомлаганидан кейин имтихон бўлади. Ҳозирги мусулмонлар устига ёпирилаётган балолар ҳақида ҳам шундай мисол қилса бўлади. Аввал иймон, Ислом курсини ўташ керак, ундан кейин бало келса, бу Аллоҳнинг синовидир, бўлмаса гуноҳларимизга жазо деб, билмоғимиз керак».

Ҳурматли устоз! Бу биродаримизнинг таърифига тил ожиз, унинг танқидий мақолалари, радиодаги чиқишлари, шеърларини эшитган одамда ажиб бир ҳаяжон қўзғаларди. Афсус, Аллоҳнинг иродаси экан, биз шундай ажойиб даъватчи биродаримизни панжара ортида кўриб турибмиз.

Бу хатимни ўқиб, сайт орқали ўз муносабатингизни билдириб, омма мусулмонларга етказсангиз. Улар ҳам журналист биродаримиз ва бошқа шундай ҳукм ўқилиб, ноҳақ қамоқларда ётган диндошларимиз тақдири ҳақида ҳақиқатни билишсин. Сизнинг бу аянчли ҳолатга муносабатингизни билмоқчимиз.

Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ.

У.