Ҳижоб ўраш аёлларнинг қонуний ҳуқуқларидан биридир

Савол:

Мен давлат ишида ишлайман, рўза тутаман, лекин ҳижоб либосида эмасман, чунки ишимга тўғри келмайди, мендака аёллар кўп. Шундаям гуноҳ ёзиладими?

(Наргиза)

Жавоб:

Авваллари иложи бўлмаган бўлса, мана энди ҳукуматимиз томонидан кенгроқ имкониятлар берилаяпти, деб эшитаяпмиз.

Буёғи энди ўзимизнинг иймонимизнинг кучи, қалбимиздаги шижоат, жасорат ва собитқадамликка боғлиқ.

Аллоҳ барча муслима сингилларимизга ёрдам берсин.

Ишхоналарда муслима аёлларга ҳижоб ўрашга рухсат берилмаслиги давлатимизнинг дин эркинлиги ҳақидаги қонунларига ва инсон ҳуқуқларига бутунлай зид нарса. Қонун бўйича ҳижоб ўрашга ҳеч қандай қаршилик бўлиши мумкин эмас.

Давлат ишларида ишлаб, ватанимизга қўлларидан келганича хизмат қилиб келаётган муслима опа-сингилларимизнинг ҳижоб ўрашларига рухсат бермаётган айрим мутасаддилар ўзларича ўзбошимчалик қилиб қонунга қарши чиқаётган бўлишади.

Муслима сингилларимиздан илтимосимиз шуки, ҳар қандай шароитда ҳам динингизга маҳкам бўлиб, ҳижобингизни номаҳрам эркаклар бор жойда асло ечмасликка ҳаракат қилинг.

Биз мусулмон ўзбек халқининг ота-боболаримиз ва муслима-муъмина момоларимиз қадим-қадим замонлардан буюк ахлоқли, иболи, ҳаёли бўлиб келганлар. Турғунлик даврларида ҳам динларини маҳкам тутганлар. Кучли иймонлари ва солиҳ амалларидан асло чекинмаганлар. Бу йўлда Ягона Аллоҳ Ўзи уларга доимо мададкор бўлган.

Агар Аллоҳга кўп-кўп илтижолар қилиб, иймонингизда собитқадам турсангизлар, У Зот албатта сизларга ёрдам беради.

Ислом динимизнинг қоидаларига қарайдиган бўлсак, ҳижоб ўрамасдан тутилган рўза рўза ҳисобланаверади, фақат савоби камайиб кетиши мумкин.

Ҳижоб ўрашга қодир бўла туриб, иймони заифлик қилиб, ўранмасдан юрган аёлга гуноҳ ёзилади. Бу алоҳида масала.

Юқорида айтганимиздек, мана энди яна диний эркинликларимиз қайтиб келаяпти иншоаллоҳ. Шундай экан, шу пайтгача ҳижоб ўролмай юрган опа-сингилларимиз Аллоҳга истиғфорлар айтиб, аста-секинлик билан бўлса ҳам ҳижоб ўрашга ўрганишлари керак ва бундай шаръий ҳақ-ҳуқуқларига амал қилишда бировларнинг маломатидан қўрқмасдан жиддийроқ ҳаракат қилишлари лозим.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам муборак ҳадиси шарифларида хабар берганлар:

Охири замонда динини маҳкам ушлаб турадиган умматим худди ёниб турган чўғни ушлаб тургандай бўлади. Ана ўшандай собитқадам мўмин ва мўминаларнинг бажараётган ҳар бир амалларига, динларига бемалол амал қиладиган, қийинчиликларга рўбарў бўлмайдиган мўминлардан эллик кишининг савоблари ёзилади.

Аллоҳ барчамизга ана шундай улуғ мақомларга етишни насиб айласин …

«Ислом Овози» таҳририяти

•┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈•

https://telegram.me/islomovozi