Отнинг гўшти ва сути ҳалол

Бўлимлар: 22. Таом, ичимлик

Савол: …Бир олимнинг айтишича, Ислом динида от гўшти ҳаром қилинган экан. Мен бизнинг юртдаги аҳволни айтганимда ҳаром деган одам иккиланиб қолди ва «бу тўғрисида икки хил қавл бор», деди. Ҳаромлигини сабабини сўраганимизда «Уруш вақтида отларнинг сони камайиб кетмаслиги учун отни ейиш тақиқланган”, деб айтдилар. Шунга ҳайрон қолдим, ҳозир уруш вақти эмас ва Ўзбекистонда деярли 90 % одам от гўштини тап тортмай ейишади. Шу масаланинг жавоби нима? Ҳақиқатда ҳаром бўлса истеъмол қилишни тўхтатиш керакми?

Фарруҳ.

Жавоб: От гўшти Ислом динида ҳаром қилинган, деб айтиш хато. Жумҳур уламолар – шофеий, ҳанбалий ва бир қавлда моликийлар наздида от гўштини ейиш ҳалолдир. Фақат ҳанафийлар от гўштини макруҳ, дейишган.

 وَيُكْرَهُ أَكْلُ لَحْمِ الْفَرَسِ عِنْدَ أَبِي حَنِيفَةَ يَعْنِي كَرَاهَةَ تَحْرِيمٍ لَا كَرَاهَةَ تَنْزِيهٍ. وَقَالَ أَبُو يُوسُفَ وَمُحَمَّدٌ لَا بَأْسَ بِأَكْلِهِ لِمَا رَوَى جَابِرٌ قَالَ {نَهَى رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ عَنْ لُحُومِ الْحُمُرِ وَأَذِنَ فِي الْخَيْلِ يَوْمَ خَيْبَرَ} وَلِأَبِي حَنِيفَةَ قَوْله تَعَالَى {وَالْخَيْلَ، وَالْبِغَالَ، وَالْحَمِيرَ لِتَرْكَبُوهَا} خَرَجَ مَخْرَجَ الِامْتِنَانِ فَلَوْ جَازَ أَكْلُهَا لَذَكَرَهُ لِأَنَّ النِّعْمَةَ بِالْأَكْلِ أَكْثَرُ مِنْ النِّعْمَةِ بِالرُّكُوبِ … الجوهرة النيرة – 5 / 276

“Абу Ҳанифанинг фикрларига кўра от гўштини ейиш макруҳдир. Бу ҳаромга яқин макруҳ, ҳалолга яқин эмас. Абу Юсуф ва Муҳаммаднинг айтишларича, от гўштини ейишнинг зарари йўқ. Чунки Жобир айтадики, “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эшак гўштидан қайтардилар. От гўштига эса Хайбар куни рухсат бердилар”. Абу Ҳанифанинг ҳужжатлари Аллоҳнинг мана бу ояти эди: “От, хачир ва эшакларни минишингиз ва зийнат учун яратди…” (Наҳл-8). Бу ибора миннат ўрнида ворид бўлди. Агар уларни ейиш мумкин бўлганда шуни айтган бўларди. Чунки емоқ неъмати минмоқ неъматидан кўра муҳимроқдир. (Ал-Жавҳаратун-наййира).

Жобир разияллоҳу анҳудан ривоят. У киши айтади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Хайбар кунида эшак гўштини ейишдан қайтардилар, от гўштига рухсат бердилар”. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).

Мана шу саҳиҳ ҳадисга асосланган ҳолда жумҳур уламолар отнинг гўштини ейишни ва сутини ичишни ҳалол, деб айтишган.