Мобил телефондан Қуръонни бетаҳорат ўқиса бўладими?

Савол: Ҳозирда мобил телефонларга ёки компютерларга Қуръони карим программалари ўрнатилганлари бор. Шуларни бетаҳорат ўқиса бўладими? Мисол: йўлдами, бозордами (савдо қилувчи кишилар) ёки ишхонада компьютердаги Қуръон программаларини ўқишлик мумкинми?

Иномжон.

Жавоб: Мобил телефонлари ёки компьютерларга жойланган Қуръони карим программаларини бетаҳорат ўқиш жоиз. Бу дегани – ушбу жиҳозларни уларнинг ичига Қуръон ўрнатилган ҳолда таҳоратсиз ушлаш мумкин. Уламолар техник жиҳозларга ёзилган Қуръон албатта ҳурмат қилиниши лозим эканини таъкидлаш билан бир қаторда уларни одатдаги Мусҳаф билан тенглаштириб бўлмаслигини айтишган. Демак, бу аппаратлар Қуръони карим ҳукмини олмайди. Бу жиҳозлар қаторига лазер дисклар, флешк дисклар (usb), пластинкалар ва магнит кассеталар ҳам киради.