Сунъий туширилган ҳомилага тегишли ҳукмлар

Бўлимлар: 23. Тиббиёт

Савол: Менинг 9-10 хафталик ҳомилам нобуд бўлди. Энди врачлар сунъий туғдириб олишар экан ва шундан кейин 6 ҳафтагача қон келади, дейишди. Ушбу давр нифосдан ҳисобланадими? Мен бу муддат ичида намоз ва Қуръон ўқимай тураманми? Нобуд бўлган ҳомиладан кейин нифоснинг ҳукми қандай бўлади?..

Бир муслима.

Жавоб: Аллоҳ мушкулингизни осон қилсин. Солиҳ зурриётлар ато этсин. 

Сиз таърифлаган ҳолатдаги аёлга нифос ҳукмлари жорий бўлади ва бундай аёл узоғи билан қирқ кун мобайнида намоз ва Қуръон ўқимайди. Агар қон келиши қирқ кундан аввалроқ тўхтаса, покланиб, ибодатларини бошлайверади.  

Бу масаланинг тафсилотлари қуйидагича:

Ўлик ҳолда туғилган ҳомила ҳақидаги масала

تَغْسِيل الْجَنِينِ ، وَتَكْفِينُهُ ، وَالصَّلاَةُ عَلَيْهِ ، وَدَفْنُهُ :

ذَهَبَ الْحَنَفِيَّةُ إِلَى أَنَّهُ إِذَا انْفَصَل الْجَنِينُ مَيِّتًا وَلَمْ يَسْتَهِل بَعْدَ الْوِلاَدَةِ ، فَإِنَّهُ يُغَسَّل ، وَيُسَمَّى ، وَيُدْرَجُ فِي خِرْقَةٍ ، وَيُدْفَنُ ، وَلاَ يُصَلَّى عَلَيْهِ . يَقُول ابْنُ عَابِدِينَ : وَهَذَا الْكَلاَمُ يَشْمَل مَا تَمَّ خَلْقُهُ ، وَمَا لَمْ يَتِمَّ خَلْقُهُ . (الموسوعة الفقهية الكويتية – (16 / 122).

«Ҳомилани ювиш, кафанлаш, унга жаноза ўқиш, дафн қилиш:

Ҳанафийларга кўра агар ҳомила ўлик ҳолда тушса, туғилганда овоз чиқармаса, бас уни ювилади ва унга исм қўйилади. Сўнгра уни бир матога ўраб, дафн қилинади, жаноза ўқилмайди. Ибн Обидийн айтади: «Бу ҳукм одамлик шаклини олган учун ҳам, олмаган учун ҳам баробардир…» (Ал-мавсуатул-фиқҳийя – 16/122).

Ҳомиласи тушган аёлга тегишли ҳукмлар

مَا يَتَعَلَّقُ بِالسِّقْطِ مِنْ حَيْثُ الطَّهَارَةُ وَالْعِدَّةُ

إِذَا نَزَل السِّقْطُ تَامَّ الْخِلْقَةِ تَرَتَّبَتْ عَلَيْهِ الأَْحْكَامُ الَّتِي تَتَرَتَّبُ عَلَى الْوِلاَدَةِ مِنْ حَيْثُ أَحْكَامُ النِّفَاسِ وَانْقِضَاءِ الْعِدَّةِ وَوُقُوعِ الطَّلاَقِ الْمُعَلَّقِ عَلَى الْوِلاَدَةِ ، وَكَذَلِكَ إِنْ أَلْقَتْ مُضْغَةً تَبَيَّنَ فِيهِ خَلْقُ إِنْسَان) .الموسوعة الفقهية الكويتية – (25 / 80).

«Ой куни тўлмасдан тушган ҳомила агар тўлиқ одамлик шаклига кирган бўлса, бола туғилишига тегишли бўлган барча ҳукмлар амал қилади. Яъни, нифос ҳукмлари, идданинг тугаши, туғишга боғлиқ қилинган талоқнинг содир бўлиши каби. Агар аёл киши ҳали гўшт холида, аммо одамлик аломатлари пайдо бўлган ҳомилани ташласа ҳам шу ҳукмга дохил бўлади». (Ал-мавсуатул-фиқҳийя – 25/80).

Ёриб олинган ҳомилага тегишли ҳукмлар

ثم ينبغى أن يزاد في التعريف فيقال عقيب الولادة من الفرج فإنها لو ولدت من قبل سرتها بأن كان ببطنها جرح فانشقت وخرج الولد منها تكون صاحبة جرح سائل لا نفساء وتنقضى به العدة وتصير الأمة أم ولد به ولو علق طلاقها بولادتها وقع. (شرح فتح القدير – (1 / 186).

«Сўнг (нифосга тегишли) таърифда «фарж орқали туққандан сўнг», деган сўз қўшилиши керак. Чунки агар аёл киши киндиги томонидан туғса, масалан, қорнида жароҳат бўлиб у ёрилсаю бола шу ердан чиқса, ундан нифос қони эмас, жароҳат қони оққан бўлади. Бу ҳолатда ҳам идда тугайди… агар талоғини туғишга боғлиқ қилинган бўлса, талоқ содир бўлади». (Шарҳи Фатҳул-қадир – 1/186).

فلو ولدت من سرتها مثلا وسال منها دم لا تكون نفساء بل هي صاحبة جرح ما لم يسل من فرجها لكن يتعلق بالولد سائر أحكام الولادة. (حاشية الطحطاوي على المراقي – (1 / 92).

«Агар аёл масалан киндик орқали туғса ва ўша ердан қон оқса, у жароҳат соҳиби саналади. Модомики фаржидан қон келмаса, нифосга кирмайди. Лекин бола туғишнинг бошқа ҳукмлари жорий бўлади». (Ҳошиятут-Таҳтовий алал-Мароқий-1/92).

Хулоса: Агар шифокорлар она қорнида вафот бўлган болани табиий йўлдан туширишса ва қон келса, нифос ҳукми жорий бўлади. Агар болани одатдаги йўлдан эмас, балки қориндан ёриб олишса, одатий йўлдан қон келмаса, нифос ҳукми жорий бўлмайди.