Бидъат ишларни қиладиган имомга иқтидо қилса бўладими?

Савол: Бизни бир масала қийнаб келади. Бизда жомеъ масжидга бир киши имомлик қилади. Имомимиз қабрларга қилинган қурбонликларга иштирок этиб, у қурбонликлардан истеъмол қиладилар. Биз у кишига: «Бу амал ширк-ку!» десак, «Мен халқни имомиман, халқ билан бирга бўламан», деб жавоб бердилар. Баъзи суннат амалларни тан олмайдилар. Ишораи саббобани бизни мазҳабда йўқ деб қайтарадилар. Ҳатто соқолни ҳам жуда ёмон кўрадилар. Бир биродарни соқолини кўриб: «Сизни ёмон кўриб қолаяпман», дебдилар. Кейин баъзи суннатларни барпо қилсак, «Буни ота-боболаримиз қилмаган» дейдилар. Лекин бидъат амалларга шошиладилар. Далил сўрасак, «Ота-боболаримиз қилган амал, мана шу далил», дейдилар. Ҳатто бош яланг ўқилган намозни қабул бўлмайди, дейдилар. Шу ва шунга ўхшаш аломатли имомга беш вақт намозга ва жумъа намозларига иқтидо қилиб бўладими ёки ўзимиз алоҳида жамоат бўлиб, бирор биродаримизни уйига йиғилиб намозларни ўқийликми? Илтимос, жавобини айтсангиз. Бир гуруҳ мўминлар ҳаққингизга дуо қилиб қолади. Олдиндан раҳмат. Аллоҳ ҳаммамиздан рози бўлсин!

Бобожон.

Жавоб:

  • Ҳақ йўлдаги имом билан намоз ўқиш афзал;
  • Бидъатчининг орқасида намоз ўқиш жоиз, дегувчилар;
  • Бидъатчига иқтидо қилиш макруҳ, деганлар;
  • Саҳобалар қандай йўл тутишган?
  • Хулоса.

Хулоса

Уламоларнинг қавлларидан келиб чиқиб, айтиш мумкинки, саволда таърифи келтирилган имомнинг орқасида намоз ўқиш жоиз, валлоҳу аълам. Шу билан бир қаторда мусулмонлар бир-бирларини ширк ва гуноҳ ишлардан ҳикмат билан огоҳлантириб боришлари лозим эканини эслатамиз.

Аллоҳдан бошқа учун ҳайвон сўйиш ширкдир. Жумладан, қабрда ётган одамга сиғиниш нияти билан қурбонлик қилиш ширки акбар саналади. Қабр эгасидан «Менга Аллоҳдан фарзанд сўраб беринг» дейиш ёки «Менга менга шифо беринг», «Мени қарзларимдан қутқаринг», деб дуо қилиш ширки акбардир (катта ширк).  Аммо қабр олдида Аллоҳ учун деб жонлиқ сўйиш ва унинг савобини маййитга бағишлаш ҳаром ва ширки асғардир (кичкина ширк). Негаки бу иш катта ширкка етаклайди ва қабрга сиғиниш билан бир хил кўриниш касб этади. Бундай жонлиқлар гўштини ейиш мумкин эмас. Сизларнинг сўзингизга қараганда имом қабр учун қурбонлик қилади эмас, шу қурбонлик гўштидан истеъмол қилади.

«Мен халқни имомиман, халқ билан бирга бўламан». Бу сўзидан у одамнинг халқни ўзи истаган йўлга бошлаб кета оладиган имом эмас, балки ўзи халқнинг кетидан юрадиган заиф одам экани тушунилади. Бидъатни тарғиб этадиган кучли одам билан унга эргашадиган заиф одамнинг ҳукми бир хил бўлмайди. Сизлар ҳижрат юртида кучли бидъатчи одамга дучор бўлмаганингиз учун Аллоҳга кўп-кўп шукр қилсанглар бўлади. Агар имом сизларни масжиддан қувиб чиқаришга, қаматишга ҳаракат қилмаётган экан, бу Аллоҳнинг неъмати.

«Баъзи суннат амалларни тан олмайдилар». Суннат амалини тан олмасликнинг ҳукми ҳақида иншоаллоҳ кейин сўзлаймиз. Суннат кўп маъноларга далолат қиладиган сўз бўлиб, унинг таркибига бажарилиши зарурий бўлган амаллар ҳам, бажарса савоб бўладиган, бажармаса гуноҳ саналмайдиган амаллар ҳам киришини ҳисобга олиш даркор.

«Ишораи саббобани бизни мазҳабда йўқ, деб қайтарадилар». Ишораи саббоба фарз ёки вожиб эмас, балки суннат, мустаҳаб амалдир. Ўз ватанингиздан узоқда, сизни қўллаб-қувватлайдиганлар йўқ бир шароитда иккинчи даражали масала нима, биринчи даражали масала нима эканини яхши ажрата олишингиз зарур. Акс ҳолда инсон салбий оқибатларга йўлиқади.

«Ҳатто соқолни ҳам жуда ёмон кўрадилар». Соқолни ёмон кўришнинг ҳукми ҳақида ҳам иншоаллоҳ алоҳида тўхаталамиз. Ҳозир шуни таъкидлаймизки, соқолга қарши бўладиганларнинг кўпчилиги золим ҳукуматларнинг мусулмонларга қарши ўтказаётган зўравонликлари, қатағонларидан қўрқув натижасида пайдо бўлган.

«Бир биродарни соқолини кўриб «Сизни ёмон кўриб қолаяпман» дебдилар». Дилидагини очиқ гапириш бу бир нав яхшилик аломати. Очиқ гапирибди – яхши. Очиқ гапирган одам билан мулоқот қилса, унга бирор гапни тушунтирса ва ишқилиб у билан тил топишса бўлади, иншоаллоҳ. Аммо сизга индамай, юзингизга кулиб туриб, орқадан ёмон ишлар қилиб юборадигани хатарли. Сизларни соқолингиз учун ёмон кўрса, бошқа ишларингиз учун яхши кўрадиган бўлсин, шунинг ҳаракатини қилинглар.

«Кейин баъзи суннатларни барпо қилсак, «Буни ота-боболаримиз қилмаган», дейдилар. Бу сўз ҳам «осон йўл турганда қийинини нима қиламан, агар бу йигитларнинг айтганини қилсам ўзим қувғинга учрайман», деб ўйлаган одамнинг сўзи бўлса керак. Бундай инсонга мулойимлик ва сабр билан насиҳат қилган ҳолда у билан муроса йўлини топиш зарур. Мусулмонлар заиф бўлган юртларда суннатни барпо қиламиз деган ният билан фарзлар қўлдан кетиб қоладиган йўлга кириб қолиш катта хато бўлади.

«Суннатни тан олмайди» деб айтилаётган ёки «суннатга амал қилганларни ёмон кўрадиган» одамлар ҳам икки хил бўлади. Биринчиси ана шу амалларнинг суннат эканига ишонмайди. Сабаби улар бу амаллар Пайғамбаримиздан саҳиҳ ривоят билан собит бўлмаган ёки бўлган бўлса ҳам кейин мансух бўлган, деб тушуниши мумкин. Уларнинг  бу суннатларни тан олмасдан, унга амал қилганларни ҳам ёмон кўриши шундан пайдо бўлади. Иккинчи тури Пайғамбаримиздан собит бўлганини аниқ била туриб «Суннат бўлса ҳам менга ёмайди бу», деб инкор қилади. Бу ўз ақли ва нафс истакларини Расулуллоҳнинг сўзларидан устун қўйиш бўлади. Кимки ўз фикрини Аллоҳ ва Расулуллоҳнинг сўзларидан афзал билса, у диндан чиқади.

«Ҳатто бош яланг ўқилган намозни қабул бўлмайди, дейдилар». Бош яланг намоз ўқишнинг ҳукми ҳақида аввалги суҳбатларда баён қилдик. Сизлар у имомга: «Ҳа, сизнинг гапингизда ҳам жон бор ери шундаки, бош кийим билан намоз ўқиш афзал …» деб гапиринглар ва муроса йўлини топинглар.

«Ўзимиз алоҳида жамоат бўлиб, бирор биродаримизни уйига йиғилиб намозларни ўқийликми?» Йўқ. намозни масжидда жамоат билан, имом билан бирга ўқинглар, сабр қилинглар. Имомга унинг тўғри ишларида ёрдам беринглар, у ҳам сизларга ёрдам берадиган бўлади, иншоаллоҳ. Сизлар ўзингизнинг йўлингизда собит турган ҳолда ҳар бир тоифага ўзига яраша муомала қила олинглар. Қийин шароитда Аллоҳ йўлида мустаҳкам туриш ва сабр қилиш сизга ёқмаган одам билан муроса қилиш, унга чиройли муомала қила олишда кўринади. Унга тўғри сўзни чиройли услубда етказа олишда ифодаланади. Бегона юртда сизга қарши бўлган одам билан келишмовчиликларни кўпайтириш, тарангликни кучайтириш ақлли одамларнинг иши эмас. Бу ўз оёғига болта уриш бўлади. Бундай шароитда келишса бўладиган масалаларни топиш, кўпайтириш ёки кўпроқ эслаб туриш керак. Икки томонга мос келадиган ишларни мустаҳкамлаш лозим. Шундай йўллар билан иншоаллоҳ, мақсадга эришасиз.

Аллоҳ сизларга ёрдам ва мадад ато айласин.