“Баъзи зикрларнинг таржимасини берсангиз”

Савол:

Қори ака илтимос, «Субҳана роббиял азим», «Субҳана роббиял аъла», “Субҳаналлоҳ”, “Алҳамдулиллаҳ” ва “Оллоҳу Акбар”нинг ўзбек тилидааниқ таржимасини берсангиз, ҳар бирига 2 оғиз тушунтириш билан. Оллоҳ рози бўлсин.  Дурбек.  

Жавоб:

Дарҳақиқат, инсоннинг ўзи айтаётган зикр ва дуоларнинг маъносидан воқиф бўлиши комил иймон ва ихлос билан ибодат қилишига сабаб бўлади. (Зикрларнинг тўлиқ таржимасини билмаган ҳолда айтиш жоиз. Айрим одамларнинг “Маъносини билмасанг ўқиганинг бефойда”, деб одамларни зикр ва ибодатдан совутишлари гуноҳ иш). Бу калималарнинг маъносини билиш билан бир қаторда, балки энг биринчи навбатда тўғри талаффуз қилишга ўрганиш лозим. Масалан, Оллоҳ эмас, Аллоҳ.  Энди саволда сўралган зикрларнинг маъносига тўхталамиз.

  سُبْحَانَ رَبِّيَ الْعَظِيمِ

«Субҳана роббиял-азим»

“Буюк Раббимни барча нуқсонлардан мутлақ пок, деб ёд этаман”

Бу калиманинг асл ўзагида узоқлик ва сузиш деган маъно бор. (Лисонулараб). Сувда сузиш маълум узоқликдаги масофани кесиш, дегани. Қуръонда само сайёраларининг сузишини ҳам سبح калимаси билан ифода қилинган. Тасбеҳ айтиш (تسبيح), яъни Аллоҳни камчиликдан пок, деб ёд этиш, ҳар қандай нуқсон Ундан узоқдир, дея эътиқод қилишдир.  Бу зикр рукуъда 3 марта айтилади.

 سُبْحَانَ رَبِّيَ الْأَعْلَى

«Субҳана роббиял-аъла»

“Энг олий Зот Раббимни жамики нуқсонлардан мутлақ пок, деб ёд этаман”

Бу сажда пайтидаги зикрдир. Инсон ўзига хокисорликни лозим тутиб, Аллоҳ учун бошини ерга қўяр экан, ўзини Унинг ҳузурида энг қуйи даражадаги мавжудот, деб эътироф этади. Аллоҳнинг эса нақадар улуғ, буюк ва олий мартабали Зот эканини чин қалбдан ҳис қилади.

  سُبْحَانَ الله

“Субҳаналлоҳ”

“Аллоҳни барча нуқсонлардан мутлақо пок, деб ёд этаман”

Бу зикр намоздан сўнг 33 марта айтилади. Яна ҳаётда Аллоҳнинг қудрати ва санъатидан таажжуб ва ҳайратга тушганда ва йўлда кета туриб тепаликдан пастга тушаётганда айтилади.

الْحَمْدُ لِلَّهِ

“Алҳамдуллилаҳ”

“Барча ҳамду сано фақат Аллоҳгадир”

Бу ҳам намоздан сўнг 33 марта айтилади. Бирор неъматга эришганда, бир иш ёки ҳолатдан қониқиш ҳосил қилганда, бирор нарса ичганда, таом истеъмол қилганда ҳам “Алҳамдуллилаҳ” дейилади. Инсонга ҳаёт, иймон, умр каби бебаҳо неъматлар фақат Аллоҳ сабабидан насиб бўлади. Нафақат буюк неъматлар, балки ёнатрофимиздаги сонсаноқсиз “арзимаган” неъматлар ҳам фақат Ундандир. Шундай экан, ҳақиқий мақтовга фақат У лойиқдир!

  الله أَكْبَرُ

“Аллоҳу Акбар”

«Аллоҳ энг буюк Зот»

Намоздан сўнг 33 марта айтиладиган уч зикрнинг охиргиси. Улуғ ишлар содир бўлганда, йўлда юқорига кўтарилишда ҳам айтилади.