Дуодан сўнг қўлни юзга суриш машруъми?

Бўлимлар: 08. Суннат

Обид қори ака, Аллоҳ йўлида қилаётган хизматингиздан Ўзи рози бўлсин. … Биз сизни Исломдаги ўз устозимиз, деб биламиз. Шахсан менинг Аллоҳга иймон келтиришим сизнинг Аллоҳ йўлидаги хизматингиз сабабли бўлган деб биламан, иншоаллоҳ… Мана беш йил бўлди ўз ватанимни тарк этишга мажбур бўлиб, оилам билан Европага келиб, вақтинча истиқомат қилиб турибман. Биз яшаб турган мамлакатда оз бўлса ҳам ўзбек биродарлар бор, алҳамдулиллаҳ.

Савол: Фарз намоздан сўнг қўлларни кўтариб дуо қилгандан сўнг юзга қўл суриладими ёки йўқми? Илтимос, шу саволга ҳадислардан келтириб жавоб берсангиз, бу ердаги биродарларнинг ичида бўлаётган муаммони ечишга ёрдам бўлар эди, иншоаллоҳ.

Абузар.

Жавоб: Ҳурматли Абузар, сизнинг, оилангизнинг ва биродарларингизнинг ҳижратларингиз Аллоҳ томонга қилинган ҳижратлар қаторида ёзилсин. Муҳожирлик ҳолингизда ҳақ йўлда сабр билан давом этаётган экансизлар, сизларни Аллоҳнинг Ўзи мукофотласин.

Дуодан сўнг қўлни юзга суриладими ёки йўқми, деган масалада бирор саҳиҳ ҳадис ворид бўлмаган. Аммо бу мавзуда бир қанча заиф ҳадислар келган. Бу ҳадисларни Термизий, Абу Довуд, Ибн Можа, Байҳақий ва Абдурраззоқлар ривоят қилишган. Мана шуларга кўра қадимдан уламолар ўрталарида бу масалада бир неча хил ижтиҳодлар мавжуд.

Кўп уламолар, дуодан сўнг қўлни юзга суриш суннатда йўқ дейишади. Аммо яна бир қанча олимлар бу ишни жоиз деб айтишган. Бу ривоятларни тадқиқ қилган уламоларнинг хулосаларини Ибн Усайминнинг мана бу сўзлари ифодалайди: 

«Бу масаладаги қавллар уч хил бўлган:

Биринчи қавл: бу иш суннатдир;

Иккинчи қавл: бу иш бидъатдир;

Учинчи қавл: бу иш суннат ҳам эмас, бидъат ҳам эмас, яъни мубоҳдир.

Агар қилса бидъат қилди, демаймиз, қилмаса амали ноқис бўлди, демаймиз.

Тўғрироғи суннат эмас, чунки бу борада келган ҳадислар заифдир. Суннат заиф ҳадис билан собит бўла олмайди». (Шарҳул-мумтиъ ало зодил-мустанқиъ, 4/40).

Уламоларнинг ихтилофларига сабаб бўлган мазкур ҳадис мана бу:

عن عُمَرَ رضي الله عنه أنَّ النبيَّ صلّى الله عليه وسلّم كان إذا رَفَعَ يديه لا يردُّهما حتى يمسح بهما وجهَهُ.

(قال أبو عيسى هذا حديث غريب، تحقيق الألباني : ضعيف )

Умар разияллоҳу анҳудан ривоят. У киши дедилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам агар икки қўлларини кўтарсалар, уларни то юзларига сурмагунларича қайтармасдилар». (Термизий: ғариб, Албоний: заиф).

Энди ҳадис ва фиқҳ уламоларининг бу ҳадис устидаги айрим ижтиҳод ва хулосаларини келтирамиз.

Ибни Ҳажар: «Бу ҳадисни қувватлайдиган ҳадислар Абу Довуд китобида Ибн Аббос ва бошқалардан ривоят қилинган. Бу ҳадислар мажмуаси ҳадисни ҳасан деб ҳукм қилишга асос бўлади. Бу борада келган ҳадис саҳиҳ эмас, балки заифдир. Локин қувватлайдиган ҳадислар мажмуаси ҳасан даражасига кўтаради ва қабул қилинади». (Булуғул-маром, Шарҳи Субулус-салом, 4/219).

Санъоний: «Бу ҳадисда дуодан сўнг икки қўлни юзга суриш машруъ эканига далил бор. Айтишадики, бунинг эҳтимолий маъноси шуки, модомики, Аллоҳ таоло икки қўлни бўш қайтармас экан, гўёки Унинг раҳмати икки кафтга етган бўлади, бас уни тана аъзоларининг энг ҳурматлиси ва иззатга энг лойиғи бўлмиш юзга суриш муносибдир». (Субулус-салом, 1/2086).

Шайх Ал-Бассом («Ҳайъатул-киборил-уламо» аъзоси): «Бу ҳадисни қўллайдиган бошқа ҳадислар борки, уларнинг мажмуаси бир-бирини қувватлайди, шундай қилиб, ҳадис йўллар мажмуи билан кучаяди. Бир гуруҳ уламолар шуни ихтиёр қилганлар. Масалан, Исҳоқ, Нававий (икки қавлдан бирида), Ибн Ҳажар, Муновий, Санъоний, Шавконий ва бошқалар». (Тавзиҳул-аҳком, 7/557).

Шайх Бассом ҳадисдан олинадиган хулосалар қаторида бундай ёзадилар: «Ҳадис дуодан сўнг қўлни юзга суриш машруъ эканига далолат қилади. Бунда бир яхши умид («тафоул») борки, Аллоҳ таоло ҳожатини сўровчининг дуосини ижобат қилгани ва сўраганини унинг икки қўлига бергани, банда эса икки қўли Аллоҳнинг марҳамати ва эҳсони билан тўлгандан сўнг Аллоҳнинг бу яхшилигини юзи узра тўкканини англатади. Аллоҳ бандасининг ҳусни заннидадир». (Тавзиҳул-аҳком, 7/558).

Шайх Низом: «Дуодан сўнг икки қўлни юзга суришнинг зарари йўқ, дейилган. Машойихларимиздан кўплари шуни қабул қилишган ва шу саҳиҳдир».  (Фатовойи ҳиндийя, Шайх Низом ва бошқалар, 5/318).

Ибн Боз Ибн Ҳажарнинг қавлларни келтиргандан сўнг айтадилар: «Қўлни юзга суриш ҳақида саҳиҳ ҳадис йўқ. (Саҳобалар) Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг на истисқо намозида ва на бошқа ўринларда, масалан Сафода, Марвада, Арафотда, Муздалифада, Жамрада дуо қилганларида юзларига масҳ қилганлари ҳақида зикр қилишмаган. Бу шунга далолат қиладики, қилмаслик афзалдир». (Фатово Ибн Боз).

Бир-бирини қувватлайди, дейилган заиф ҳадислардан бири мана бу:

عن أبي نعيم- وهو: وهب – قال: «رأيت ابن عمر وابن الزبير يدعوان، يديران بالراحتين على الوجه».

ضعيف الأدب المفرد – (1 / 83).

Абу Нуаймдан ривоят. У деди: «Мен Ибн Умар ва Ибн Зубайрнинг дуо қилаётганлари ва икки кафтларини юзга айлантираётганларини кўрдим». (Ал-адабул-муфрад, Албоний, заиф).

Хулоса: Уламолардан Ал-Изз Абдуссалом, Ибн Таймия, Албоний қўлни юзга суриш суннат эмас, дейишади.

Ибн Ҳажар, Санъоний, Шавконийлар жоиз, деб айтишади.

Ибн Боз қилмаган афзал, Усаймин қилмаган афзал, қилса зарари йўқ, дейишган.

Демак, бу масалада инсон ўзининг илми ва тушунчасига яраша иш тутиши мумкин, аммо бир-бири билан талашиб-тортишиш тўғри эмас.

Аллоҳ ҳаммамизнинг қалбимизга ҳидоят, илмимизга ривож, амалларимизга холислик ато айласин.