Тушда пайғамбарни кўриш ҳақми?

Савол:

Бир киши менга тушида Ийсо алайҳиссаломни кўрганини айтиб, бу қандай туш деб сўради? Мен билмайман дедим.

Бундан олдин ҳам эшитганман Ийсо алайҳиссаломни тушида кўрган инсонни.
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни тушида кўрган одам «дарҳақиқат, аниқ кўрган бўлади» дейилганини биламан.

Лекин бошқа пайғамбарларни кўриш қандай?

Жавоб:

Тушида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламни ёки бошқа улуғ зотларни кўрганлигини даъво қилган кишига дарҳол ишониб кетилавермайди.

У одам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ташқи кўринишлари қандай бўлганлиги ҳақидаги саҳиҳ ривоятларни билиши ва тушида ҳам худди ана шундай саҳиҳ сифатлар билан шаклланган ҳолларида кўриши керак. Ана шунда у ҳақиқатан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўрган бўлади, иншоаллоҳ.

Лекин, тушга асосланиб ҳеч қандай ҳукм чиқарилмайди. Балки, фақат яхшиликка умидвор бўлинади.
Чунки барча шаръий ҳукмлар фақат ва фақат Қуръону Суннат ва уламоларнинг далил-ҳужжатларга таянган илмий фатволари асосида ўрганилади. Туш эса ҳеч қачон илмий ҳужжат ҳисобланмайди. Магар пайғамбарларнинг тушлари улар учун Аллоҳнинг ваҳйи бўлади.

Ийсо алайҳиссаломни кўриш масаласига келсак, у кишининг ҳам саҳиҳ сифатлари, шаклу шамоилларини билган ҳолида ва ўшанга мутобиқ равишда кўрган бўлса, ҳақиқатан у зотни кўрдим деб умидвор бўлиши мумкин, лекин қатъий равишда айтиши жоиз бўлмайди, валлоҳу аълам.

Эслатма:

Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ айтадилар:

«الرؤيا تسر المؤمن ولا تغره».

«Руъё (яхши туш) мўмин кишини хурсанд қилади, мағрур этмайди».

(Имом Заҳабийнинг Сиярул-аълом китоблари: 11/227)

Яхши туш кўрган одам уни бировларга айтиб юриши дуруст эмас, чунки бу билан у риёкорлик ва мақтанчоқликка кириб, нафс ва шайтон васвасаларига алданиб қолиши мумкин. Тушида пайғамбарларни кўргани билан, ҳаётда қалбини ва амалларини ислоҳ қилиб турмаса, кўрган тушидан ҳеч қандай фойда бўлмайди.

Мўмин киши ўзининг яхши хислатларини ва Аллоҳ учун махфий ҳолда бажарган солиҳ амалларини имкон қадар одамлардан яшириб юради ва ҳеч қачон ўз нафсига чиройли баҳо бериб, ўзини ўзи алдаб юрмайди.

Валлоҳу аълам.

Мана бу араб тилидаги савол-жавобда яна кенгроқ маълумотлар бор:

آداب الرؤى وتفسير الأحلام

الرؤيا.. أنواعها.. واختلاف أسبابها

Алоқадор мавзулар:

•┈┈┈┈┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈┈┈┈┈•

“Ислом Овози” телеграм канали

https://telegram.me/islomovozi