Компьютер ўйинлари ҳақида Исломнинг ҳукми қандай?

Шайх Обидхон қори, Швеция
1431 ҳ. 28 сафар (2010 м. 2 феврал)

Савол:

Қори ака, мен компьютер билан шуғулланаман (ремонт, сотув, Интернет-клуб кабилар). Ҳозирги компьютер ўйинлари ҳақида шариатимизнинг ҳукми қанақа? Баъзи бир ўйинлар, масалан, диний ақидаларга тегишли ўйинлар умуман мумкин эмаслигини биламан. Аммо баъзи оддийроқларидан фойдаланиб фаолият юритса бўладими? Илтимос, шулар ҳақида айтиб берсангиз.

Фахриддин.

Жавоб:

  • Ўйин – исломий тарбиянинг бир қисми;
  • Жиддий масъулият;
  • Зарарли ва ҳаром ўйинлар;
  • Врач ва мутахассислар нима дейишади?
  • Ақл ва иймон эгалари учун.

Ўйин – исломий тарбиянинг бир қисми 

Маълумки, болалар табиатан кўп вақтларини ўйин билан ўтказишни истайдилар. Ислом динимиз инсоннинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш учун ҳалоллик ва ростлик чегараси ичида фойдали кўнгил очар тадбирлар, ўйин ва мусобқалар ташкил этишни ман қилмайди. Балки, ақл-заковатни ўстириш, зийраклик ва фаҳм-фаросатни тарбиялаш, тажрибани ошириш, жасорат ва ғайратни шакллантириш учун ўйин ва мусобақаларнинг аҳамияти жуда каттадир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларининг бир-бирлари билан кураш тушганлари, оёқда, туяда, отда ким ўзарга чопишгани, найза ва камон отишдан мусобақа ўйнашгани, зеҳн ва билим синови учун савол-жавоблар қилишгани, болалар учун ўйинчоқлар ясаб беришгани ҳақида саҳиҳ ривоятлар келган. Шундай экан, ўйинларни баъзан катталар учун, кўпроқ болалар учун ҳам жисмоний, ҳам ақлий, ҳам билим жиҳатидан мукаммал ривожланишларига хизмат қиладиган тарзда уюштириш мақсадга мувофиқдир.

Дарҳақиқат, ҳозирги замонда ёшлар ва болалар ўртасида оммалашган машғулот турларидан бири компьютер ўйинлари бўлиб, бу жиддий эътибор беришга лойиқ ва доимий кузатиб боришни талаб қиладиган ҳодиса.

Жиддий масъулият

Бугун компьютер усталари, программистлар зиммаларида муҳим вазифалар ва жиддий масъулият ётади. Сабаби – компьютер ўйинлари миллионлаб болаларни ўз домига тортган, улар учун кундалик машғулотга айланган. Бу ўйинлар катталарнинг бефарқлиги сабаб болаларга фойдадан кўра кўпроқ зарар келтирмоқда, уларнинг вақтини исроф қилмоқда, десак хато бўлмайди.

Ўйин баҳонасида фарзандларнинг  ахлоқий ва фикрий носоғлом йўлларга кириб қолиш хавфи мавжудки, болаларни бундай хатардан жиддий ҳимоялаш лозим. Бу вазифа ота-оналар, устозлар, мутахассислар, уламолар ва раҳбарлар зиммасидадир.

{يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا قُوا أَنْفُسَكُمْ وَأَهْلِيكُمْ نَاراً وَقُودُهَا النَّاسُ وَالْحِجَارَةُ عَلَيْهَا مَلائِكَةٌ غِلاظٌ شِدَادٌ لا يَعْصُونَ اللَّهَ مَا أَمَرَهُمْ وَيَفْعَلُونَ مَا يُؤْمَرُونَ (6)}. (سورة التحريم).

«Эй иймон келтирган зотлар, ўзларингизни ва оила аъзоларингизни ёнилғиси одамлар ва тошлар бўлган дўзах оловидан сақлангиз…». (Таҳрим: 6).

«كلكم راع وكلكم مسؤول عن رعيته ، الأمير راع ، والرجل راع على أهل بيته ، والمرأة راعية على بيت زوجها وولده ، فكلكم راع وكلكم مسؤول عن رعيته».

رواه البخاري برقم: 5200.

Абдуллоҳ ибн Умардан ривоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

«Ҳар бирингиз қўйчивон кабидирсиз ва ҳар бирингиз қўл остингиздагилардан масъулдирсиз. Амир ҳимоячидир, эркак ўз оиласига ҳимоячидир, аёл эрининг уйига ва боласига ҳимоячидир. Бас ҳар бирингиз ҳимоячи ва ҳар бирингиз қарамоғидагилардан масъулдирсиз». (Имом Бухорий ривоятлари).

Катталардан болаларнинг нималарни ўйнаётганидан доимо бохабар бўлишлари талаб қилинади. Барчамизнинг вазифаларимиздан бири ўғил-қизларга зарарли ва ҳаром ўйинларнинг оқибатини тушунтириб, уларнинг йўлини бекитиш, бунинг эвазига фойдали ўйинларни ташкил қилиб, уларга қулай шароитлар яратиб беришдир. Ўқиш ва ўйин вақтлари ўзаро келишган ҳолда белгилаб қўйилиши керак. Намоз, дарс, уйқу ёки овқатланиш вақти бўлганда ҳар қандай ўйиндан дарҳол тўхтаб, тартибга бўйсунишга кўникма ҳосил қилиш лозим.

Зарарли ва ҳаром ўйинлар

Зарарли ва ҳаром ўйинлар деганда ҳаёсиз аёл-қизлар, аврати очиқ эркаклар ёки ошиқ-маъшуқлар иштирок этадиган, ўпишадиган, хочни улуғлайдиган, сеҳргарларни зўр қилиб кўрсатадиган, Ер аҳлини яхшилар деб, осмон аҳлини ёвуз кучлар қилиб тасвирлайдиган, мусулмонларга қарши урушадиган ўйинлар назарда тутилади. Қиморбозлик, бераҳмлик, қотиллик ва босқинчиликни тарғиб қиладиган ўйинлар ёшлар онгида салбий асоратлар қолдиради. Ўйин ва мултфильмларда ўлимдан кейин яна дунёга қайтишни тасвирлаш, афсонавий фазовий махлуқотлар ҳақида ҳикоя қилиш болаларнинг ақли, тушунчаси ва фикрлашига салбий таъсир кўрсатади. Бундай ёлғон тўқималар болаларнинг тасаввурини воқеликдан чалғитади. Ўйин давомидаги мусиқа боланинг миясини сеҳрлаб, «воқеалар» гирдоби ичига ғарқ қилади. Оқибатда бола ҳақиқатда йўқ ва бу дунёда бўлмайдиган нарсаларни ўз ҳаётида кўришни истай бошлайди. Кўзи тушган нарсаларни ўйинда кўрганларига ташбеҳ қилишга уринади. Айрим ўйинлар эса Аллоҳдан бошқа бу оламга таъсир ўтказа оладиган ғайри оддий кучлар бор, деб тасаввур қилишга туртки беради.

Врач ва мутахассислар нима дейишади?

Болаларнинг руҳияти ва тушунчаси қандай нозик бўлса, уларнинг танаси, организми ҳам шундай эҳтиёткорликни тақозо қилади. Доимий ўсишда, ривожланишда бўлган ёш тана янги ниҳолдек эгилувчан ва ниҳоятда таъсирчан бўлиши ҳаммага маълум. Шундай экан, болалар компьютер ёки телевизор олдида бир кунда қанча вақт ўлтиришлари мумкин, деган савол эсли-ҳушли ота-онанинг дилидан ўтмаслиги мумкин эмас. Боланинг компьютерда неча ёшда, неча соат ва қандай тартибда ўйнашига рухсат этган маъқул? У неча соат ухлаши керак? Фарзандининг соғлиғи ва келажаги ҳақида қайғурадиган ҳар бир ота-она бу масалада психологлар ва врачларнинг фикр ва муносабатлари қандай эканини сўраб ёки ўқиб билиши ва шунга амал қилиши лозим. Аммо афсуски, назаримизда кўп ота-оналар ўзларида бунга эҳтиёж ҳис қилмайдилар. Компьютер олдида кўп ўлтириш боланинг кўзи, қулоғи, мияси ва бошқа аъзоларига салбий таъсир кўрсатаётганига эътибор бермайдилар. Аксинча баъзилар ўзларининг шахсий роҳатларини устун қўйиб, болаларини компьютерга «михлаб» қўйганларидан хурсанд бўлишади. «Яхши ҳам компьютер чиққан экан» деб қувонишади. Бундай кимсалар боланинг ҳаққига хиёнат, бахтига тажовуз қилаётган бўладилар. Чунки боланинг ота-она устидаги ҳаққи уни энг замонавий асбоб-ускуналарга ўраб қўйишда эмас, балки соғлиғи, ақли ва келажагини сақлашда ҳамдир.

Айрим болаларнинг баъзи кунлари узлуксиз равишда 5-6 соатлаб, ҳатто ундан ҳам кўпроқ вақт компьютер олдида ўтиришлари кузатилган. Ҳатто туни билан ухламай ўйнайдиган болалар ҳам учрайди.

Ақл ва иймон эгалари учун

Беҳуда ўйин ва мултфильмлар атрофидаги иллат ва кулфатларнинг илдизи катталарнинг эътиборсизлигига бориб тақалар экан, буни бартараф этиш учун ҳамманинг оёққа туришини кутиб ўлтириш шарт эмас. Тушунган одамлардан саноқли инсонларнинг холис хизматлари билан анча нарса ислоҳ бўлади, иншоаллоҳ. Ақл ва иймон соҳиби бўлган мутахассислардан компьютер ўйинлари оламини Аллоҳ учун мунтазам кузатиб туришлари, уларнинг зарарлиларидан фойдалисини саралаб ажратишлари ва мусулмон болалар учун тақдим этиб боришлари умид этилади. Компьютер дастури усталаридан исломий ёки фойдали дунёвий ўйинлар ва тарбиявий дастурлар устида ишлашлари, борларини кўпайтириб, йўқларини пайдо қилишлари, бошқа тиллардан таржима қилишлари, зарарли унсурлардан тозалашлари кутилади.

Ҳозирги кунда болалар ва ёшлар тарбиясини тўғри ва самарали амалга ошириш учун бизнинг динимиз, ахлоқимиз, тилимиз ва турмуш тарзимизга мос келадиган ўйинлар тизимини вужудга келтириш долзарб масалалардан биридир. Бу соҳа ҳам агар оқилона фойдаланилса жуда катта фойда келтирадиган улкан неъмат эканида шубҳа йўқ, иншоаллоҳ.

Фахриддин, агар бундай дастурлар яратишда иштирок этиш ҳозирча сиз учун мураккаб бўлса, унда юқорида айтганимиздек, мавжудлари ичидан зарарсизларини саралаб, ажратишингиз, текшириб, фойдали ўйинлар базасини ташкил қилишингиз мумкин. Ўйинлар базасини бир неча хил турларга ажратиб таснифланади. Масалан: исломий, фойдали дунёвий, қизлар учун, ўғил болалар учун ва ҳоказо. Агар сиз шу хизматга бел боғласангиз, аниқ иш режасини тузишда ва уни амалга оширишда сизга маслаҳатимиз билан ёрдам берамиз, иншоаллоҳ. Шу ҳақда ўйлаб кўриб бизга мурожат қилишингиз мумкин.

Аллоҳ ўзимизни ҳам, фарзандларимизни ҳам ҳидоятга бошлаб, ҳақ йўлда собит қилсин.