«Яҳудийлар ва насронийларни дўст тутмангиз» деган оятни қандай тушунамиз?

Савол:

Аллоҳ таоло Моида сурасининг 51-оятида марҳамат қилади:

{يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا لَا تَتَّخِذُوا الْيَهُودَ وَالنَّصَارَىٰ أَوْلِيَاءَ ۘ بَعْضُهُمْ أَوْلِيَاءُ بَعْضٍ ۚ وَمَن يَتَوَلَّهُم مِّنكُمْ فَإِنَّهُ مِنْهُمْ ۗ إِنَّ اللَّهَ لَا يَهْدِي الْقَوْمَ الظَّالِمِينَ}.

«Эй иймон келтирган кишилар, яҳудийлар ва насронийларни дўст тутмангиз! Уларнинг баъзилари баъзиларига дўстдирлар. Сизлардан ким уларга дўст бўлса, бас, у албатта ўшалардандир. Шубҳасизки, Аллоҳ золим қавмни ҳидоят қилмас».

Ушбу оятни қандай тушунамиз, мусулмонлар кофирларга душманлик қилишлари керакми?

Жавоб:

  • Исломга душманлик қиладиганларни дўст тутиш жоиз эмас;
  • Исломга душманлик қилмайдиганларга яхши муомалада бўлинади.

Аллоҳ таоло бу ояти каримада Ислом ва мусулмонларга адоватини яширмайдиган тоифалар ҳақида хабар берган ва мусулмонларни Исломга душман бўлган кофирларни ўзларига дўст тутмасликка буюрган.

Сабаб, ояти карималарнинг давомидан ҳам маълумки, айрим иймони заифлар ва мунофиқлар Ислом душманларининг куч-қувватлари кўплигини кўриб, Ягона Аллоҳдан қўрқиш ўрнига, зулму туғёнлари даҳшатли бўлган кофирлардан қўрқиб, уларга хушомад қилишга, мусулмонларни ташлаб, ўшалар билан дўстлашишга ўтиб кетиб қоладилар. Бу ояти карима ана шундайларни қаттиқ огоҳлантириб «… Сизлардан ким уларни дўст тутса, бас, у албатта ўшалардандир. Шубҳасизки, Аллоҳ золим қавмни ҳидоят қилмас» деб, зулму туғёнга минган кимсаларни қоралаган.

Имомул-муфассирин Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Жарир Табарий раҳимаҳуллоҳ ушбу оятнинг тафсирида айтадиларки:

«إن الله تعالى ذكره نهَىَ المؤمنين جميعا أن يتخذوا اليهود والنصارى أنصارًا وحلفاءَ على أهل الإيمان بالله ورسوله».

«Шубҳасиз, Аллоҳ таоло барча мўминларни яҳудийлар ва насронийларни Аллоҳга ва Унинг расулига иймон келтирган мўминларга  қарши ёрдам берувчи қилиб олишдан, улар билан (яъни, ана шу яҳуду насоролар билан мусулмонларга қарши) аҳду паймонлар тузиб дўстлашувчи бўлишдан қайтарди…».

Аллоҳ таоло Оли Имрон сурасининг 118-оятида ҳам марҳамат қилади:

{يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا لَا تَتَّخِذُوا بِطَانَةً مِّن دُونِكُمْ لَا يَأْلُونَكُمْ خَبَالًا وَدُّوا مَا عَنِتُّمْ قَدْ بَدَتِ الْبَغْضَاءُ مِنْ أَفْوَاهِهِمْ وَمَا تُخْفِي صُدُورُهُمْ أَكْبَرُ ۚ قَدْ بَيَّنَّا لَكُمُ الْآيَاتِ ۖ إِن كُنتُمْ تَعْقِلُونَ }. آل عمران: 118

«Эй иймон келтирган кишилар, ўзларингни қўйиб, (у кофирларни) сирдош дўст тутманглар! Улар сизларга зарар етказишда кучларини аямайдилар ва ёмон ҳолга тушишингизни орзу қиладилар. Дарҳақиқат, уларнинг сизларни ёмон кўришлари оғизларидан ошкор бўлди. Дилларидаги адоватлари эса янада каттароқдир. Агар ақл юргизсангизлар сизлар учун оят-аломатларни аниқ-равшан қилиб бердик».

Демак, мусулмон киши Ислом ва мусулмонларга душманлик қиладиган кофирларни ўзига дўст тутиб олиши, уларни мусулмонлардан устун қўйиб, Ислом шариатига қарши чиқиши асло мумкин эмас. Кимки шундай қилса, у албатта Исломдан чиқиб кетган бўлади, гарчи ўзини «мен мусулмонман» деб даъво қилса ҳам.

Мана бу ояти каримада Аллоҳ таоло хабар берганидек: «Дарҳақиқат, уларнинг сизларни ёмон кўришлари оғизларидан ошкор бўлди. Дилларидаги адоватлари эса янада каттароқдир».

Бу ояти карима билан Аллоҳ таоло ҳозирги давримиздаги исломофоблар ҳақида ҳам 1400 йил олдиндан хабар бериб турибди.

Мана бугун дунёнинг бир қанча мамлакатларида Исломга, Қуръони каримга ва Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга ўзининг душманлигини очиқ-ойдин эълон қилаётган, турли-туман ваҳшийликларга қўл ураётган кучлар ҳақида ҳаммамиз эшитиб, билиб, кузатиб турибмиз.

Яна шундай кофирлар борки, улар ҳам Ислом ва мусулмонларга душманлик қилишдан тўхтамайдилар, лекин шу билан бирга тилларининг учида мусулмонларни алдаб-сулдаб юришга ҳаракат қиладилар.

Парвардигоримиз ундайларнинг ҳам макр-ҳийлаларини Ўзи даф қилсин, бутун инсониятни уларнинг фитналаридан қутқарсин.

Аллоҳ таоло Тавба сурасининг 8-оятида ана шундай ғаддор, хиёнаткор кофирлар ҳақида хабар бериб айтадики:

{كَيْفَ وَإِن يَظْهَرُوا عَلَيْكُمْ لَا يَرْقُبُوا فِيكُمْ إِلًّا وَلَا ذِمَّةً ۚ يُرْضُونَكُم بِأَفْوَاهِهِمْ وَتَأْبَىٰ قُلُوبُهُمْ وَأَكْثَرُهُمْ فَاسِقُونَ (8) اشْتَرَوْا بِآيَاتِ اللَّهِ ثَمَنًا قَلِيلًا فَصَدُّوا عَن سَبِيلِهِ ۚ إِنَّهُمْ سَاءَ مَا كَانُوا يَعْمَلُونَ (9) لَا يَرْقُبُونَ فِي مُؤْمِنٍ إِلًّا وَلَا ذِمَّةً ۚ وَأُولَٰئِكَ هُمُ الْمُعْتَدُونَ}. [التوبة: 8].

«(У мушрик-кофирлар учун) қандай (аҳд-паймон) бўлсин? Ҳолбуки, улар агар устингизда ғолиб бўлсалар, сизларнинг хусусингизда на (Аллоҳга берилган) аҳд-паймонга, на қариндош-уруғлик ҳуқуқига ва на бирон-бир бурчга боқадилар. Оғизларида сизларни рози қилишади-ю, кўнгиллари (аҳдга вафо қилишдан) бош тортади. Уларнинг аксарлари итоатсиз (аҳду ваъдаларни бузувчи) кимсалардир».

Мана шундай бузғунчи хислатлар билан сифатланган, турган-битгани зараркуранда махлуқ бўлиб қолган кимсаларни нафақат мусулмонлар, балки ҳатто ғайридинлар ҳам ўзларига дўст тутмайдилар, чунки ғаддор кимсалар билан дўстлашишни соғлом инсоннинг табиати асло кўтаролмайди. Ҳеч қачон ақл-ҳуши жойида бўлган инсон илон-чаёнлар билан, ваҳший ҳайвонлар билан дўстлашиб, опоқ-чапоқ бўлиб юриши мумкинми?!

  • Исломга душманлик қилмайдиганларга яхши муомалада бўлинади:

Аммо Ислом ва мусулмонларга душманлик қилмайдиган кофирларга эса, мусулмонлар албатта яхшилик билан муомала қиладилар.

Буни Аллоҳ таоло Ўзи Қуръони каримда шариат қилиб берган:

{لَّا يَنْهَاكُمُ اللَّهُ عَنِ الَّذِينَ لَمْ يُقَاتِلُوكُمْ فِي الدِّينِ وَلَمْ يُخْرِجُوكُم مِّن دِيَارِكُمْ أَن تَبَرُّوهُمْ وَتُقْسِطُوا إِلَيْهِمْ ، إِنَّ اللَّهَ يُحِبُّ الْمُقْسِطِينَ}. [الممتحنة: 8].

“Аллоҳ сизларга динингиз учун уруш очмаганларга, сизларни юртингиздан қувиб чиқармаганларга яхшилик ва адолат қилишингиздан қайтармайди. Аллоҳ адолат қилувчиларни яхши кўради”.

(Мумтаҳана сураси, 8-оят).

Сийрати набавийядан ҳам маълумки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Маккада ҳам, Мадинада ҳам мушриклар ва яҳудийлар билан бирга яшаганлар, уларга нисбатан қўни-қўшничилик ҳақ-ҳуқуқларини энг гўзал суратда бажо этганлар.

Қуръони каримда қариндош ва қўшни ҳатто кофир бўлса ҳам, уларга яхшилик қилишга, қариндошлик ва қўшничилик ҳуқуқларини бажо этишга буюрган бир қанча ояти карималар бор.

Сийрати набавийя ва Ислом тарихидаги ғазотлар ва жанглар ҳам ҳеч қачон барча кофирларга қарши бўлмаган, балки Ислом ва мусулмонларга нисбатан адоватини очиқ-ойдин ошкор этган, ҳеч қандай сулҳ ва иттифоқларга риоя қилмаган, ғаддор ва хиёнаткор кофирлар, яҳудийлар ва салибчилар билан жанг қилишга мажбур бўлинган, тинч йўллар орқали келишиб, уруш ва қон тўкишларнинг олдини олишга ҳеч қандай имконият қолмаганидан сўнг.

Асл қоида бўйича, Ислом ва мусулмонлар доимо тинчлик тарафдори бўлиб келганлар. Дунёда мусулмон халқларчалик тинчликсевар халқ йўқ.

Валлоҳу аълам.

Алоқадор мавзулар:

•┈┈┈┈┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈┈┈┈┈•

«Ислом Овози» телеграм канали

https://telegram.me/islomovozi