Аллоҳ таоло ҳаром қилган ойлар (3-қисм)

* Ҳаром ойларни араблар Исломдан аввал ҳам улуғлаган:

Бу тўрт ой (Ражаб, Зулқаъда, Зулҳижжа ва Муҳаррам ойлари)ни ҳаром қилиниши Иброҳим алайҳиссаломнинг динларидан сақланиб қолган ҳукмлардан бири эди.

Аксарият араб қабилалари унга риоя қилиб, бу муқаддас ойларда жанг қилишдан тийилиб турардилар.

Арабларнинг айрим қабилалари эса ушбу тўрт ойни ҳаром қилинган деб эътироф этсаларда, баъзан қайсидир томонга ҳужум қилмоқчи бўлиб қолсалар ҳаром қилинган ойни бошқа ойга кечиктириб юборишдан қўрқмас эдилар.

Жумладан, Рабиа деб танилган қабила ўзларича Ражаб ойини Рамазон ойига кўчириб, Рамазонни Ражаб ойи деб номлаб олганликлари ривоят қилинади.

Ислом келгандан кейин Аллоҳ таоло уларнинг бу қилмишларини қаттиқ қоралаб оят нозил қилган.

Бу қабилага хилоф ўлароқ Музар қабиласи (арабларнинг энг катта қабилаларидан бири) Ражаб ойининг ҳурматини доимо ўз ўрнида сақлаб, унда ҳеч кимга қарши уруш очмасликда давом этардилар.

Музар қабиласи Ражаб ойини жуда ҳам қаттиқ улуғлаганлиги туфайли бу ойни араблар «Музарнинг ражаби» деб номлайдиган бўлиб қолган эдилар.

Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам юқоридаги ҳадисда Ражаб ойини ана шу ном билан зикр қилиб, «Ражаби Музар Жумодо ва Шаъбон ўртасидаги» деб таъкидладилар, токи Рабиа ўзича Ражаб ойи деб номлаб олган Рамазон билан чалкаштириб юборилмасин учун.

(Давоми бор)

Аввалги ва кейинги қисмлар:

•┈┈┈┈┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈┈┈┈┈•

«Ислом Овози» телеграм канали

https://telegram.me/islomovozi