Швециядаги теракт бўйича Довудхон Обидхон қори ўғли билан савол-жавоб

Бўлимлар: Матбуот

Би-би-си Ўзбек:

Стокгольм ва шу каби шаҳарларда тинч аҳолига ҳужумларни амалга оширишда гумон қилинаётганларнинг мусулмонлиги айтилмоқда. Улар бу ҳаракатлари учун жиҳодий гуруҳлардан илҳомланиши хабар қилинади.

Швецияда истиқомат қилувчи таниқли уламо Обид қори Назаровнинг ўғли, islomovozi.org (islomovozi.com) сайти масъулларидан Довудхон Назаровнинг айтишича, ҳужумчиларнинг бу ҳаракатлари учун динда бирор асос йўқ. Унга кўра, шариат шартларидан бири – динсиз ва диндор билан келишувга бирдек амал қилиш керак.

Би-би-си Ўзбек Довудхон Назаровдан Стокгольмдаги ҳужумга муносабатини сўради.

Довудхон Назаров: Аввало, бу воқеада ҳалок бўлган ва жароҳат олганларга ўз ҳамдардлигимизни изҳор қиламиз. Уларга Аллоҳ сабр берсин ва ҳидоятга бошласин. Бу воқеа содир бўлиши билан ОАВ орқали эшитдик. Бу бир неча ойдан бери ёки охирги йилларда содир бўлиб келаётган террор шаклига ўхшаш бир ҳужум эканлигини дарҳол англаб етдим.

Бунинг ортидан яна мусулмонларнинг шаънига, уларнинг ҳурматига зарар етадиган ҳодиса бўлибди, деб ачиндим. Кейинчалик уни амалга оширган шахс 39 ёшли Ўзбекистон фуқароси эканлиги ҳақида хабарини топдик. Эшитиб яна ҳам ғам-қайғуга ботдик. Наҳотки, мусулмон ва ўзбекларнинг ичида мана шундай ваҳший, разил ниятли одамлар бор, деб ачиндик.

Би-би-си: Бу каби ҳужумларда ўзбекистонлик ёки ўзбеклар биринчи марта алоқадор деб кўрилмаяпти. Бу шахслар ҳужумларда Ислом динини асос қилаётганига ишонилади. Ислом динида уларнинг ҳаракатини қўлловчи бирор далил борми?

Довудхон Назаров: Бу жуда ҳам мураккаб ва оғриқли масала бўлган бугунги кунда. Террор ҳеч қандай миллат ва дин танламайди. Ҳозирги ҳолат шуни кўрсатаяпти. Сиз айтиб ўтганингиздек баъзи ҳолатларда ўзбекистонликларнинг шу ишларга аралашиб қолганликларини кўраяпмиз. Бунинг сабабларини қидирганда бир нечта жиҳатларга эътибор бериш керак, деб ўйлайман.

Биринчи ўринда, бундай ишларни қиладиган одамларнинг 99 фоизи илмсиз, жоҳил, жаҳолатдан келиб чиқиб қилади. Бу инсонлар ўзича диннинг номидан қилаяпман, деб ўйласа ҳам, бу одамларнинг ўзига эътибор берсангиз, келиб чиқишига эътибор берсангиз улар диндан тўлиқ хабари бўлмаган одамлар. Ибодатда ҳам мустаҳкам бўлмаган одамлар. Улар қаерда ўқиган, таълим олган, устози ким деган саволларни берсангиз вазият маълум бўлади. Бу нарса илмсизлик, жоҳиллик оқибатида қилинганлиги кўринади.

Би-би-си: Лекин жиҳодни тарғиб қилувчи сайтлар Қуръони Каримдан кофирларни ўлдиринглар мазмунидаги оятларни иқтибос келтириб қўяди. Улар ўз ишларини оят ва ҳадисларга таяниб амалга оширмаяптими?

Довудхон Назаров: Тўғри, баъзи бирлари ўзларининг қилаётган ишларини оят ва ҳадислар билан асослашга ҳаракат қилишяпти. Менинг ўзим ҳам уларнинг гапираётган ва қилаётган ишларини матбуот орқали мунтазам кузатиб бораман. Қилаётган амали учун оят ва ҳадисларни асос қилиб келтириши кифоя қилмайди. Бунинг ўзи ҳам уларнинг шариат, дин илмидан тўлиқ бохабар эмаслигини кўрсатади.

Чунки шариатда бир ишни қилмоқчи бўлсангиз, агар у иш мана шундай жиҳод ва урушга тааллуқли масала бўлса, бу нарсани бир кишининг ўзи ҳал қилмайди. Бир киши оят ёки ҳадисни ўқиб ўшандан хулоса чиқарган ҳолда ишни амалга оширмайди. Бу ҳаром бўлади, катта жиноят ва хато бўлади. Бундай уруш, жиҳод масалаларида тарихдан ҳар доим уламолар ҳайъати ва Ислом давлати барпо бўлган шаклда қабул қилинадиган қарорлардан ҳисобланади.

Якка шаклда, шахслар ўзича ёки кичик-кичик гуруҳлар ўзича қабул қиладиган хулосалар ё қарорлар эмас. Кимлардир ўзича оят ва ҳадислардан олиб ўзига асос қилиб кўрсатаётган бўлса, бу уларнинг динни яхши тушунмаслигининг исботи, аслида. Иккинчи жиҳати, агар муайян ҳолат ҳақида гапириладиган бўлса, ўша ҳолат аввал тўлиқ ўрганилиб чиқилади.

Агар ўша оят ёки ҳадисни ўша муайян ҳолатга соламан дейдиган бўлса, у оят Пайғамбаримиз замонларида қандай ҳолатда ва нима сабабдан нозил бўлганлигини ҳамда ҳадисларни ҳам қандай ҳолатда, ким учун ва нима сабабдан айтилганини тўлиқ, тубдан, ҳиссиётга берилмаган ҳолда, хотиржамлик билан шариат илми бўйича оламга, дунёга номи кетган эътиборли, ҳурматли олимларнинг иштирокида қабул қилинадиган ишлар булар. Шунинг учун бу масала оддий эмас. Кимдир оят ва ҳадисдан далил қилиб келтираётган бўлса, бунинг гапида асос бор шекилли деб соддалик билан қабул қилиб кетишлик хато бўлади.

Би-би-си: Бир неча одамнинг умрига зомин бўлаётган баъзи ҳужумчилар, бу ишни амалга оширсам жаннатга кираман деган ақидага ишонади. Уларнинг бу қараши нотўғри бўлса, Исломда нимага асосланиб шундай дейсиз?

Довудхон Назаров: Стокгольдаги ҳодисани мисол қилиб олсак, менинг ва жуда ҳам кўп олим-уламораларнинг назарида бу шубҳасиз жуда ҳам оғир иш ва жиноят. Ҳозир бу иш бўйича тергов ишлари кетаяпти ва бу борада хулоса чиқаришга эрта. Лекин шу одам ўзининг диний тушунчасидан келиб чиқиб қилган тақдирда ҳам, бу ўринда бир нечта диний ва шаръий масалалар чиқади. Бунинг диний жиҳатдан нотўғри иш эканлиги, шубҳасиз билиниб турибди.

Мисол учун бу инсон Швецияга нима учун келганлиги савол қилиб қўйилади. Швецияда у ўлдирган инсонлар уруш ҳолатидаги инсонларми, деган савол чиқади. Исломда шубҳасиз иттифоқ қилинган нарса – тинч аҳолини ўлдиришлик ҳаром. Агар у жиҳод қилаяпман деб ўйлаётган бўлса ёки кофирларни ўлдириб Ислом буюрган ишни қилаяпман деб ўйлайдиган бўлса, унда аввал жиҳод ҳукмини ўрганиши керак.

Жиҳоднинг ҳукмларини билмаслиги учун шу ишни қилаётгани билиниб турибди. Уруш ҳолатида қандай бўлади, тинчлик ҳолатида қандай бўлади. Бу икки ҳолатда урушнинг услублари алоҳида алоҳида таърифлаб ҳукмлари айтилган. Швецияда юз минглаб тинч аҳоли юраётган кўчада, ҳеч ким бировга ҳужум қилмаётган ҳолатда орқасидан келиб одамларни босиб ўлдиришлик – Ислом билан оқлаб бўлмайдиган нарса. Бу айни Исломда қайтарилган, оғир жиноятлардан ҳисобланади. Бегуноҳ, сизга ҳужум қилмаётган одамни ўлдиришлик – жуда ҳам оғир жиноят.

Ундан ташқари бу ишни бу ерга келиб қилаётган инсон, Швецияга келишдан олдин ёки қайсидир мамлакатдан боришдан олдин у ернинг қонун қоидалари ва урф одамларини аввалдан ўрганиб ва шунга амал қилишликка рози бўлиб келишувга кирган ҳолда келади. Бу масала ҳам диний масала. Диндор ёки динсиз билан келишув масаласи, аниқ-тиниқ қилиб шариатда кўрсатилган. Агар сиз бир масалада динсиз одам билан келишган бўлсангиз ҳам ёки диндор одам билан келишган бўлсангиз ҳам унинг ҳукми бирдек фарз бўлади. Келишувга амал қилиниши шарт бўлади. Шундан келиб чиқиб оддий одам ҳам бу нарсанинг хато эканлигини айта олади.

Би-би-си: Сурияда жанг қилиб юрган ўзбек гуруҳларидан бири ўз веб саҳифасида сиз масъуллик қилаётган islomovozi.org сайтига ҳавола берган, мақолалардан кўчириб босган. Ўзларини сизларга хайрихоҳдек кўрсатган. Бу нарсага қандай муносабатдасиз?

Довудхон Назаров: Бу нормал ҳолат, мен ҳам кўп кўрганман. «Ислом овози» сайти бўлсин ё бошқа илмий сайтлар бўлсин турли фикрли инсонлар бу сайтлардан манба сифатида фойдаланади. Манба сифатида фойдаланиши, бизнинг уларга ёки уларнинг бизга хайрихоҳлигини билдирмайди, асло.

Биз ўзимиз масъул бўлган Ислом овози сайтидаги материаллар ҳақида гапирадиган бўлсак, у ерда асосан дадамларнинг ҳаётлари давомидаги илмий фаолиятидан мустақил ўрганиб ва хулоса қилиб олинган ва ёзилган материаллар бор. Бу нарсани ҳар ким истаганича фойдаланиши мумкин. Ичидан маълум бир контекстларни кесиб-кесиб олиб, мана Обидхон Қори аканинг мана бундай сўзи бор, деб ўзининг мақсади, манфаатида фойдаланиши мумкин. Бу бир китобнинг ичидан бир-иккита оят олиб манба сифатида бутун Қуръонни кўрсатаётгандек гап.

Би-би-си: Шу йўл билан улар сизларга, Обидхон Қорига хайрихоҳ бўлган мусулмон жамоасини ўзига қўшиб олишга ҳаракат қилаётган бўлиши ҳам мумкинми?

Довудхон Назаров: Шундай қилаётган бўлиши ҳам мумкин. Биз бундай ҳолатларни эшитсак ёки гувоҳи бўлсак ўзимизнинг муносабатимиз ва мавқеъимизни, яъни дадамлар ўз мавқеъни кескин, кескин айтиб келганлар. Инсон ўзининг йўналишини танлаган пайтда, очиқ бемалол айтиши керак бўлади.

Ҳозирги ҳолатда қуролли, ҳарбий иш олиб бориш, қон тўкилишига олиб келадиган ишларни қилишга биз ҳеч қачон қўшилмаймиз ва қўшилмаганмиз ҳам. Бу иш ҳозирги вазият ва ҳолатда нотўғри иш эканлигини дадамлар доим таъкидлаб келганлар.

Биз ноҳақлик, зулмга қарши бўлишлик ва золимларни тўғри йўлга чақириш билан, уларга насиҳат қилишлик билан биргаликда, асло қуролли услубни танламаслигимизни айтамиз. Қуролли ҳаракат қон тўкилишига, инсонларга ҳозирги ҳолатдан ҳам ёмонроқ зарарларни олиб келишига ишонганимиз учун, бу нарсани доим дадамлар ўзлари очиқ таъкидлаб келганлар.

(Би Би Си, 2017-04-10)

•┈┈┈┈┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈┈┈┈┈•

«Ислом Овози» телеграм канали

https://telegram.me/islomovozi